ЙЎЛЛАР – ОБОД МАНЗИЛЛАРГА ЧОРЛАР

ЙЎЛЛАР – ОБОД МАНЗИЛЛАРГА ЧОРЛАР

Халқимизда қарс икки қўлдан чиқади, деган нақл бор. Бунда маълум бир воқеликка икки томондан назар солиш тушунилади. Бугун мамлакатимиз иқтисодиётининг қон томири ҳисобланган йўллар сифати, уни асраш, унумли фойдаланиш хусусида ҳам шу сўзни айтиш мумкин. Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги транспорт назорати нспекцияси ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-тур шу мавзуга бағишланди.  

 

Бугун Андижон вилоятидаги автомобиль йўлларининг жами узунлиги 13306 километрни ташкил қилади. Уларнинг 2422 километри умумий фойдаланишдаги йўллар бўлса, 10884  километри шаҳар кўчалари ва ички йўллар ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилда мавжуд йўллар сифатини таъминлаш, 1158 километр автомобиль йўлларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 614,8  миллиард сўм  маблағ сарфланади.  Жумладан, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 88  миллиард сўм, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини реконструкция қилишга 81,3 миллиард сўм, умумий фойдаланишдаги йўлларни техник соз ҳолатда сақлаш учун 197,8  миллиард сўм, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида 150,4  миллиард сўм, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 146,4 миллиард сўмлик ишлар бажарилади.

CZ3B0156

Шунингдек, автомобиль йўлларида жойлашган 14 та кўприкларда таъмирлаш ва қайта тиклаш ишлари олиб борилади. Осиё тараққиёт банки иштирокида “Цемент-бетон қопламали йўлларни қуриш лойиҳаси” доирасида 10 туманда 70 километр узунликдаги цемент-бетон қопламали йўллар қурилиши бошланади. Бунинг учун 13,5  миллион сарфлаш кўзда тутилган.  

CZ3B0171

Пресс-тур аввалида Андижон вилоятида барпо этилаётган Бобур (Янги Андижон) шаҳрига элтувчи давлат аҳамиятига молик Д-132 “Андижон халқа йўли” автомобиль йўлининг 20-29  километри оралиғида амалга оширилаётган ишлар билан танишилди. Бу ерда иштирокчилар асфальт қопламаси ётқизиш жараёнининг гувоҳи бўлишди. Ҳудудда иш олиб бораётган республика Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги марказлашган лабараториянинг Андижон филиали мутахассислари бажарилаётган ишлар сифатини   бевосита лабаратория кўригидан ўтказдилар. 

 

photo_2025-04-24_20-35-18
Бунда асосан ётқизилаётган асфальт қопламасининг зичлиги  ва сифатига асосий эътибор қаратилди. Негаки, бажарилган ишлар юқорида қайд этилган талабларга жавоб бергандагина фойдаланишга қабул қилинади. Айни жараён ҳақида тадбир ташкилотчилари – Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси техник тузатиш ва бажарилган ишларни назорат қилиш бўлими бошлиғи Муҳаммаджон Таваккалов ҳамда Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси матбуот котиби  Юлдузхон Маллабоевлар оммавий ахборот воситалари вакилларига атрофлича маълумот бердилар.

CZ3B0159

Албатта,  ҳар қандай йўлни қуришда унинг сифати биринчи масала. Аммо, сифатли қурилган йўлни асраб-авайлаш ҳам ғоят долзарб вазифа. Унга энди нафақат йўлсозлар, балки биз, барча фуқаролар, ҳар бир юртдошимиз масъулдир. Чунки, шу йўллардан аввало биз фойдаланмиз ҳамда унинг ўзига хос талаблари бор. Хусусан, ҳар бир йўлнинг ўзига яраша юк кўтариш қуввати бўлиб, у меъёридан ортганда миллионлар эвазига бунёд этилган йўлларга путур етади. 

CZ3B0188

Кейинги манзил – А-373  “Тошкент- Ўш” автомобиль йўлининг Хўжаобод туманидан ўтган 362  километрида жойлашган махсус назорат қилиш пунктида бу ҳудудда ҳаракатланаётган бир қатор юк автомобилларининг умумий вазни ўлчаб кўрилди.

 

CZ3B0200
Хусусан, оғир юк ташишга мўлжалланган олти тиркамали транспорт воситаларидан бири тарозидан ўтказилганда унинг руҳсат этилган юк билан ҳаракатланиш кўрсаткичи 44  тонна бўлгани ҳолда, амалда умумий вазни салкам 90 тоннани ташкил қилди. Табиийки, бу  миқдор нафақат йўлнинг сифатига салбий таъсир қилади, балки ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига ҳам зид ҳисобланади. Шу боис мазкур юк автомашинаси ҳайдовчисига  нисбатан транспорт назорати инспекцияси ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан тегишли маъмурий баённома расмийлаштирилди. Транспорт воситаси эса жарима майдонига олиб кирилди.

CZ3B0202

Маълумки, ўтган йилнинг июнь ойи юртимизда серёғин келди. Жойларда кичик-кичик бўлсада сув тошқинлари, сел оқимлари  кузатилди. Ана шундай  селлардан бири ўз йўлида Андижон вилоятининг Хўжаобод ва Жалақудуқ туманларини боғловчи давлат аҳамиятидаги Д-137 “Андижон-Жалақудуқ-Қўрғонтепа-А-373” автомобиль йўлининг 65,1  килеметрида, Оқбўйрасой устидаги кўприкка жиддий шикаст етказди. 

CZ3B0208

Оқим кучидан қулаб тушган кўприкни қайта қуриш  “Ўзйўлкўприк” кластерининг Андижон вилояти филиали жамаосига топширилди. Орадан бир йил ҳам ўтмай, ушбу кўприк замонавий лойиҳа асосида пишиқ ва пухта қилиб барпо этилди. Аввалгидан анчайин мусаҳкам ва кенг бўлган мазкур кўприк нафақат йўлларни, балки дилларни ҳам қайта боғлади. Шу боис маҳаллий аҳолининг қувончи чексиз. Қўлларини очиб давлатимиз раҳбарини, кўприксозларни тинмай дуо қилмоқдалар.  

CZ3B0220

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки,  юртимизда йўл қурилиши соҳасида олиб борилаётган ишлар кўлами улкан. Аммо, катта ҳаракат ва ҳаражат ҳисобига барпо этилган автомобиль йўлларини сифатли асрашда ҳар бир юртдошимизнинг масъулияти бор. Нафақат оғир юк машиналари билан ҳаракатланиш, балки, қатор маҳаллаларда янги қурилган асфальт қопламали йўллар устга ўзбошимчалик билан қум, шағал ва  тош тўкиб олаётган фуқаролар ҳам янгигина йўл сифатига жиддий зарар етказаётганлигини ўйлаб кўрмаяпти. Демак, йўл сифати масаласида ҳадеб йўлсозларни айбдор қилавермай, ўзимиз ҳам дўппини бошдан олиб қўйиб, чуқурроқ мулоҳаза қилиб кўрайлик. Зеро, ўша, аввал бошдаги гап – “Қарс икки қўлдан чиқади”.

 

Абдукарим Қувватов,

сайт муҳаррири.