“ЯШИЛ” ТЕХНИКУМ – БЎЛҒУСИ ЭКОЛОГЛАР ДАРГОҲИ
Сўнги йилларда мамлакатимиз экологик сиёсатида глобаллашув жараёнларга ҳамоҳанг равишда янгича ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан,соҳада атроф-муҳит компонентлари муҳофазаси ва улардан самарали фойдаланишга йўналтирилган умуммиллий лойиҳаларнинг, хусусан “Чиқиндидан ҳоли ҳудуд”, “Тоза ҳаво”, “Яшил макон”, “Эко-маданият” ҳамда “Био-мерос” умуммиллий лойиҳаларининг амалга ошириш механизмларининг давлат раҳбарининг фармон ва қарорлари билан аниқ белгилаб берилаётганлиги миллий экологик сиёсатимизга халқаро амалиётларда ўхшаши йўқ мазмун ва моҳият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида 2026-2027 йиллар давомида республиканинг ҳар бир ҳудудида ўрта бўғин кадрларини тайёрлайдиган 14 та “яшил” техникумлар фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган. Ҳужжатда 2030 йилгача мазкур техникумларда 10000 нафар ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш учун экологик таълим ва илмни янада ривожлантириш вазифалари белгиланган.
Мазкур ўрта бўғин таълим муассасалари Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ҳузурида фаолият олиб бориши назарда тутилган. Мазкур таълим механизми мамлакатимизда экология соҳасини малакали ўрта бўғин кадрлар билан таъминлаш, ёшларни замонавий касбларга тайёрлашга қаратилган экологик таълим сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.
Ташаббус авваломбор профессионал таълим тизимини такомиллаштириш, “яшил” иқтисодиёт тармоқларида ўрта бўғин малакали кадрлар етишмовчилигини тўлдириш, шунингдек, дуал таълимни жорий этиш орқали ёш мутахассислар ва иш берувчилар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган.
Таълим масканида таълим дастурлари халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилади. Ўқитувчиларнинг малакасини мунтазам ошириш, таълим сифатини назорат қилиш ҳамда ўқувчиларнинг билимларни ўзлаштириш даражасини мониторинг қилиш автоматлаштирилган тизим орқали амалга оширилади.
“Яшил” техникумлар биноларини Green University биноси андозаси асосида тўлиқ қайта таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бунда ўқувчилар учун Экология қўмитаси ва Фанлар академиясининг тизимига кирувчи ташкилотларда ўрмон хўжаликлари, гидрометеорология станциялари, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, чиқинди полигонлари, ботаника ва дендрология боғлари, ҳайвонот боғлари, Ботаника ва Зоология институтларининг амалиёт участкалари ташкил этилади.
“Яшил” техникумлар мамлакатимизда аҳоли орасида экологик одатларни шакллантириш, таълим муассасалари фаолиятининг барча босқичларини халқаро стандартлар ҳамда экологик меъёрлар асосида қайта йўлга қўйиш, шунингдек, “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида махсус билим ва кўникмаларга эга бўлган малакали мутахассисларни дуал таълим шаклида тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириб бориш имкониятларини яратади.
Мазкур техникумларда экостипендия таъсис этилади ва ҳар йили 10 нафаргача иқтидорли ўқувчиларга Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда стипендия тўланади. Шунингдек, “яшил” техникумларни муваффақиятли битирган битирувчиларга Green University томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан келиб чиқиб, бакалавриатнинг иккинчи босқичидан ўқишни давом эттиришга рухсат берилади.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудлар қаторида Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидаги 1-сон техникуми негизида Фарғона вилояти “яшил” техникумига асос солинди.Техникумга экология соҳасида 13 та йўналишдаги мутахассисликлар бўйича 810 (бунда, 9-синф базаси учун - 510 та, 11-синф учун эса 300 та) та ўрин ажратилди.
“Яшил” техникумда ўқувчилар учун эколог-лаборант, қайта тикланувчи энергия манбалари устаси, дендрология ва ландшафт агрономияси, интенсив боғлар лаборанти, ўсимликларни ҳимоя қилиш лаборанти, балиқчилик ва аквакультура ишчиси, бухгалтер-аудитор мутахассисликлар бўйича “яшил” технологияларни амалиётга жорий этиш бўйича чуқур билим ва кўникмаларга эга бўладилар.
Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда энергетика соҳаси жадал ривожланишда давом этмоқда, шунинг учун малакали миллий мутахассисларни тайёрлаш алоҳида долзарблик касб этмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда 9-синф битирувчилари учун таклиф этилаётган қайта тикланувчи энергия манбалари мутахассислиги бугунги кунда минглаб гектар майдонда қурилаётган қуёш станцияларида, шунингдек гидроэлектрстанциялар ҳамда биогаз қурилмаларида фаолият юритиш имкониятларини яратади.
Бугунги кунда вилоятда “Экологик назорат тўғрисида”ги қонунга асосан фаолият олиб бораётган 300 га яқин йирик саноат корхоналарининг экологик назорат хизмати учун эколог-лаборантлар, 30 дан ортиқ санитария-тозалаш корхоналари ва 40 дан ошиқ чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарига ўрта бўғин эколог-мутахассисларга эҳтиёж келиб чиқмоқда.
Дендрология ва ландшафт агрономияси, интенсив боғлар лаборанти, ўсимликларни ҳимоя қилиш лаборанти каби йўналишларда тахсил олган битирувчилар техникум ёнида барпо этиладиган 100 гектар майдондаги дендрология ва ботаника боғларида, вилоят давлат ўрмон хўжаликларида, туман ва шаҳарларнинг ободонлаштириш бўлимлари ҳамда саноат корхоналарининг экологик хизматларида фаолият юритишларига имкон яратади.
Куни кеча давлатимиз раҳбарига Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси томонидан чўлланишга қарши курашиш, чўл иқтисодиётини ривожлантириш ва ҳудудларда яшил қопламалар яратиш бўйича бир қатор таклифлар, жумладан, 2026–2030 йилларда 1,27 миллион гектар майдонда ўрмон барпо этиш ва қайта тиклаш режалари тақдимот этилди.
Маълумки, Қўштепа туманининг асосий қисми Фарғона водийсининг энг йирик чўл массивларидан бири бўлган Ёзёвон чўли ҳудудида жойлашган.Бу эса туманда чўлланиш жараёнларининг олдини олиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда қишлоқ ва ўрмон хўжаликларини илмий асосда ташкил этиш каби муҳим вазифаларни юклайди. Жорий этилаётган “яшил” техникум эса Қўштепа туманида халқаро талабларга жавоб берадиган, юқорида кўрсатиб ўтилган ва бошқа турли соҳалар учун малакали кадрлар заҳирасини шакллантириш имконини беради.
Экологик таълим тизимида бундай комплекс ёндашув битирувчиларнинг компетенциялари меҳнат бозорининг бугунги ва истиқболдаги эҳтиёжлари ҳамда талабларига мувофиқ шаклланишини таъминлайди. Хулоса қилиб айтганда, “яшил” техникумлар орқали Ўзбекистонда экологик таълим тизими фаоллаштирилади, малакали кадрлар заҳираси яратилади ва келгусида барқарор атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича кадрлар учун мустаҳкам замин тайёрланади.
Шу боис фарғоналик ёшларни Фарғона вилояти “яшил” техникумида таълим олишга таклиф этамиз. Сиз техникумда билим олиш орқали замонавий ва талаб юқори бўлган касб-ҳунарларни эгаллаш, амалий билим ва кўникмаларга эга бўлиш ҳамда келажагингизни мустаҳкам пойдевор асосида қуриш имкониятини унумли фойдаланган бўласиз. Фарғона вилояти “яшил” техникумида сиз сифатли таълим, малакали ўқитувчилар ва замонавий ўқув муҳитини топасиз. Демак, келажагингиз учун бугундан қадам қўйинг!
Ислом Хушвақтов,
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасидан
Фарғона вилояти “яшил” техникумига бириктирилган
вакил, “Давлат экологик экспертизаси маркази”
Давлат муассасаси Бош директори маслаҳатчиси,
қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.
Алишер Аҳмедов,
Фарғона вилояти Экология ва иқлим
ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи.