ГУЛЛАР ВА ҚУШЛАР БАЙРАМИ
Танловнинг асосий мақсади ўқувчи-ёшлар ўртасида атроф муҳитга, табиат ва ҳайвонот оламига меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотиш, табиат ва ҳайвонот дунёси, хусусан, гуллар ҳамда қушларга оид билимларини мустаҳкамлаш, намойиш этишга имконият яратиш эди. Бунинг учун жараёнда улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, иқтидорли ва истеъдодли ўқувчиларни аниқлашга ҳар томонлама кўмак беришга эътибор қаратилди. Асосий ташкилотчилар, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда вилоят “Баркамол авлод” болалар ижодиёт маркази тадбирга ташриф буюрган ҳар бир иштирокчининг меҳнатини алоҳида эътибор билан кўрикдан ўтказди.
Танлов доирасида Бувайда туманидаги “Мега парк” ҳудудида “Она табиат – чекма азият” шиори остида Фарғона водийсининг бетакрор табиатига мансуб гўзал манзара яратилди. Кўрик танлов Низомига кўра ўқувчи-ёшлар “Энг ноёб гул”, “Бу менинг қушим” ҳамда “Энг аҳил жамоа” номинациялари бўйича ўз билим ва иқтидорларини намойиш этишди.
Бахслар муросасиз ўтди, аммо ғолиблар аниқланди. Ҳакамлар хулосасига кўра биринчи ўрин Олтиариқ, иккинчи ўрин Бешариқ ва учинчи ўрин Учкўприк тумани “Баркамол авлод” марказларига насиб этди.
Тадбир якунида барча ғолиб ва фаол иштирокчиларга вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан ташкил этилган диплом ва эсдалик совғалари, “Қизил Китоб” жамланмалари топширилди.
Гулноза Тўхтасинова,
Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.