ФАРҒОНАДА ЭКОТУРИЗМ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

ФАРҒОНАДА ЭКОТУРИЗМ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ

 

Хабарингиз бор, уч кун давомида Тошкентда “Eko Expo Central Asia 2025” кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг йигирма бешдан ортиқ давлатларидан келган делегациялар иштирок этди ва ўзларининг табиатни муҳофаза қилиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, экотуризм борасидаги имкониятларини намойиш этишди. Бу борада ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қатор келишувларга эришилди. Мазкур анжуманда Фарғона вилояти вакиллари ҳам фаол қатнашдилар. 

 

Аҳамиятли жиҳати шундаки, Фарғона вилояти вакиллари мазкур кўргазма давомида хорижий ҳамкорлар билан амалга ошириш режалаштирилган қатор фойдали келишувларга эришдилар. Хусусан, Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти томонидан Фарғона вилоятидаги қатор имкониятлар халқаро ҳамкорларга таништирилди ва шу асосда йирик лойиҳа учун замин яратилди. Натижада Фарғона вилоятида туризмни ривожлантириш ва экологик транспорт инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида  “Bartholet Maschinenbau AG” билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, ҳамкорларимиз  вилоятимизда умумий узунлиги 40 километрга яқин осма дор йўли қурилишида иштирок этадилар. Ушбу лойиҳа асосида Фарғона эко-шаҳри ҳудуди, Шоҳимардон ва Сўх туманларида ҳаво дор йўллари қурилиши режалаштирилган. Жумладан,  Шоҳимардон қишлоғида  — 12 километр, Сўх туманида — 5 километр  ва Эко-шаҳар ҳудудида — 20 километр узунликдаги дор йўллари барпо этилади.

photo_2025-06-24_12-23-50

Меморандумнинг асосий мақсади—экологик муаммоларнинг олдини олиш, транспорт хизматлари босимини камайтириш ва вилоятга маҳаллий ҳамда халқаро сайёҳларни фаол жалб қилиш ҳисобланади. Лойиҳа Фарғонада экологик барқарорликни таъминлаш билан бирга, замонавий экотуризм инфратузилмасининг шаклланишига хизмат қилади.

photo_2025-06-21_20-33-28

Кўргазма доирасидаги яна қатор муҳим учрашувларда  вилоятимиз вакиллари Швейцария, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Қозоғистон Республикаларидан ташриф буюрган экология соҳаси вакиллари, халқаро ташкилот ва нуфузли компаниялар раҳбарлари билан амалий музокаралар олиб боришди. Унда иштирок этган  Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Хуршиджон Аҳмедов ҳамда Фарғона вилояти экология бошқармаси бошлиғи Баҳромжон Жумановлар Фарғона вилоятининг экологик ва туризм йўналишдаги имкониятлари ҳақида меҳмонларга атрофлича маълумот бердилар.Бу йўналишдаги  ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида меморандумлар имзоланди. Атроф-муҳитни асраш, иқлим ўзгаришлари ва сув ҳамда ҳавонинг ифлосланишини олдини олиш чораларини ҳамкорликда муҳокама қилиш, шунингдек, бошқа долзарб экологик масалалар юзасидан ҳам фикрлар  алмашинилди.

photo_2025-06-21_20-33-29

Мазкур учрашувлар томонларда янги экологик лойиҳаларни амалга ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш ва халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлди.

photo_2025-06-21_20-38-44

Ҳудди шундай учрашув "Яшил лойиҳа" лойиҳалар институти раҳбарлари билан ҳам ўтказилди. Унга кўра, вилоятда яшил ҳудудларни кенгайтириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосидаги тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, экотуризм объектлари ҳудудида янги манзарали, камёб ва  экзотик дарахт  турларини кўпайтириш юзасидан келишиб олинди.     

 

Гулноза Тўхтасинова,

Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни 

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши 

бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.