ЁШЛАР, МАЪРИФАТ ВА СПОРТ
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 февралда ёшлар билан ўтказган мулоқотида таъкидланганидек, эндиликда мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанбасида “Ёшлар куни” тадбирлари ўтказиляпти. Мазкур учрашувларда эртамиз эгаларининг умид ва интилишларига қанот берилади, уларнинг ўзига бўлган ишонч ва ғурурини уйғотишга, орзу-мақсадлари йўлида қўллаб-қувватлашга ёрдам берилади.
Ёшлар ҳар биро давлатнинг келажаги, унинг тараққиёти ҳамда ривожланишида муҳим ўрин тутувчи бебаҳо кадрлар демакдир. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар сиёсатига бўлган эътибор янада кучайди. Уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ўзи қизиққан соҳада билим олишларига кўмаклашиш, хаттоки дунёнинг ривожланган давлатларида ўқишига шароит яратиш, касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик билан шуғулланаётганларга эса зарур ҳуқуқий-амалий мадад бериш борасида аниқ вазифалар амалга ошириляпти.
Йил бошидан ташкил этилган “Ёшлар куни” тадбирлари эса бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қиляпти. Шу боис Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси раҳбарлари, бўлим бошлиқлари томонидан ҳам ҳафтанинг ҳар пайшанба кунида вилоятдаги шаҳар ва туманларда ёшлар билан самарали мулоқотлар, учрашувлар ўтказиб келиняпти. Ана шундай тадбирлардан бири Фарғона шаҳридаги “Парвоз” мактабида бўлиб ўтди. Ғоят мазмунли ва қизиқарли тарзда кечган бу учрашувда ёш авлодни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш, уларнинг экологик маданиятини юксалтириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга эътибор қаратилди.

Тадбирда “Парвоз” мактабининг 3-синф ўқувчилари ҳамда Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг Фарғона шаҳар бўлими бошлиқлари, давлат инспекторлари иштирок этди. Учрашув аввалида давлат инспекторлари томонидан ўқувчилар билан самимий ва очиқ мулоқот ташкил қилинди. Уларга атроф-муҳитни асраш, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, экологик муаммоларнинг олдини олиш борасида муҳим тушунчалар берилди. Она табиатимизнинг бебаҳо инъомлари, қимматли неъматлари, табиий бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг инсонлар турмушидаги муҳим ўрни ҳақида қизиқарли маълумотлар тақдим этилди.
Суҳбат жараёнида шунингдек, ўқувчиларни қизиқтирган қатор саволларга батафсил жавоб берилди, табиатни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, амалий ишлар юзасидан турли мисоллар келтирилди. Aйниқса, чиқиндиларни тўғри ажратиш, сув ва ҳаво тозалигини сақлаш, дарахт экишнинг аҳамияти ҳақида тушунчалар болаларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир давомида ёшлар ўртасида спорт мусобақалари ҳам ўтказилди. Унда ўқувчилар турли ҳаракатли ўйинлар ва жамоавий беллашувларда фаол иштирок этиб, ўзларининг жисмоний имкониятлари, эпчил ва чаққонликларини намоён қилдилар. Бу ўз навбатида ўқувчиларнинг жисмоний ривожланишига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, дўстлик ва жамоавийлик ҳиссини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди.
Экологлар томонидан ташкил этилган мазкур маърифат ва спорт тадбири ёшлар учун нафақат билим ва тажриба манбаи, балки, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, соғлом ва фаол ҳаёт тарзини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди. Негаки, бундай учрашувлар аслида ҳам ёш авлодни баркамол инсон қилиб тарбиялаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади. Ёшлар куни доирасида ўтказилган бундай тадбирлар келажак эгалари бўлган ёшларнинг онгида ватанпарварлик, табиатга меҳр ва жамиятга фойдали бўлиш каби эзгу фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади. Шу боис ҳам бундай учрашувлар яна давом этади.
Суҳроб Амиров,
Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши
бошқармаси Фарғона шаҳар бўлими бошлиғи.