ЕР – БЕБАҲО БОЙЛИК

ЕР – БЕБАҲО БОЙЛИК

Ерни севган, уни ардоқлаган, меҳр берган инсон борки, асло кам бўлмайди. Улардан бири – Марҳамат туманидаги “Бунёдкор люкс” фермер хўжалиги раҳбари Шербек Тўйчиев  қишлоқ фарзанди бўлгани боис ёшлигидан далада суяги қотди, деҳқончилик илмини пухта эгаллади. Натижада бугун элга хизмат қилишдек катта шарафга сазовор бўлди. 

 

Шербек Тўйчиев  бош бўлган фермер хўжалиги майдонлари туманинг “Истиқлол” массивида жойлашган. 37,5 гектарлик умумий майдонинг 22,2  гектар ерида   буғдой етиштирилаётган бўлса, кўклам аввалида яхши ният билан 15,3  гектар ерга хорижий  чигит қадалди. Куздан бери қилинган парвариш натижасида буғдой ниҳоллари аста бўй чўзаётган бўлса, баҳор қуёши чигитларнинг қулоғидан тортиб чиқди. Пахтазорларда аста-секин тўлиқ гектарлар барпо  бўляпти.

CZ3B0014

-Ер –  бебаҳо хазина, уни  Онадек асраш, қадрлаш керак, - дейди Шербек. – Чунки, шу замин бағридаги барча неъматлар биз  инсонлар учун яратилган. Ризқу-рўзимиз буғдой, болга тўлган боғлар, бири-биридан тотли сабзавотлар, турфа хил ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакиллари ҳам Она заминнинг бизга чексиз муруввати  саналади. Шундай экан, бу ҳақда бир лаҳза бўлса-да унутишга ҳаққимиз йўқ. Акс ҳолда, бугун инсоният бошига тушаётган қатор экологик муаммолар ҳолва бўлиб қолиши мумкин. Аниқроқ айтганда, йигирманчи асрнинг иккинчи ярмидан бошланган антропоген омиллар натижасида куррамизнинг аксарият ҳудудларида ер ғоят аянчли ҳолатга келиб қолди. Катта –катта майдонларда тупроқ заҳарланди, хусусан кимёвий препаратлардан фойдаланиш, ерга минерал ўғитларни қайта-қайта солавериш унинг унумдорлигини ошириш ўрнига анчайин яроқсиз қилиб қўйди. Энг ёмони, зарарланган майдонларда етиштирилаётган озиқ-овқатлар, сабазавотлар тўғридан-тўғри одамлар саломатлигига салбий таъсир ўтказяпти. Мутахассисларнинг маълумот беришича,  бугун  одамларни қийнаётган касалликларнинг 80  фоизи ана шу кимёвий препаратлар таъсирида етиштирилган маҳсулот сабаб келиб чиқяпти.

CZ3B0003

Дарҳақиқат, Шербек Тўйчиев бор гапни айтди. Одамзот ерларни нафақат  кимёвий ўғитлар билан зарарлади, балки, бугун катта-катта саноат корхоналаридан чиқаётган заҳарли моддалар, миллионлаб аҳоли истиқомат қилаётган мегаполислардаги маиший  чиқиндилар ҳам катта майдондаги ерларни заҳарлаяпти. Олимларнинг таъкидлашича, бугун бутун дунё бўйича 3,2 миллиард одам зарарланган тупроқларнинг салбий таъсиридан азият чекяпти. Бошқачароқ айтганда, ўша ҳудудлари 135  миллиард тоннадан ортиқ тупроқ бутунлай яроқсиз ҳолга келган. Бу эса ҳар йили 500  мингдан ортиқ инсонларни ҳалок бўлишига олиб келяпти. 

photo_2025-04-22_10-26-46 (2)

-Мамлакатимизда ердан фойдаланиш “Ўзбекистон Республикасининг Ер Кодекси”га асосан тартибга солинади, -дейди Шербек Тўйчиев. – Мазкур ҳужжатнинг биринчи бобида “Ер умуммиллий бойликдир, Ўзбекистон халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза  қилинади”, дея белгилаб қўйилган. Шунингдек, энг муҳим табиий ресурс, фуқаролар ҳаётий фаолиятининг асоси  тариқасида ер фондини асраш, тупроқ сифатини яхшилаш ҳамда унинг унумдорлигини ошириш, ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш,  қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган, энг аввало  суғориладиган ерларнинг алоҳида муҳофаза этилишини, кенгайтириб борилиши ҳамда улардан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги  ерларининг унумдорлигини ошириш, мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда муҳофаза қилиш тадбирларини давлат йўли билан ва бошқа тарзда қўллаб-қувватлаш, ерга ва бутун атроф табиий муҳитга зарар етказилишининг олдини олиш, экологик хавфсизликни таъминлаш сингари муҳим талаблар ер тўғрисидаги қонунчиликнинг асосий принциплари ҳисобланади. Шундай  экан, ҳар бир фуқаро, биринчи навбатда ер эгалари, фермерлар, боғбонлар, томорқачилар бу борадаги қонунчиликни пухта ўрганиши, унга амал қилиши лозим.

photo_2025-04-22_10-26-46

Қаҳрамонимиз тўғри айтди. Ерга нисбатан нохолис муносабат яхши оқибатларга олиб келмайди. Шунинг учун ҳам ҳар йилнинг 22  апрелида  бутун дунёда “Халқаро Ер куни”  нишонланади. Бунга сабаб ҳам шу –    1966 йилда Америка Қўшма Штатларининг Калифорния  штатида юзага келган экоҳалокат натижасида катта майдондаги ер ва океан нефть, унинг қолдиқлари билан ифлосланди. Миллионлаб ҳайвонлар, ўсимликлар ўлиб кетди. Тупроқ ва океан жиддий зарар кўрди.

–Бугун жаҳонинг ривожланган давлатлари деҳқончиликда тўла органик маҳсулотлардан фойдаланишга ўтди, - дейди Шербек Тўйчиев. –Чунки, бу замон талаби. Органик маҳсулотлар ҳисобланган биогумус, экогумус ва бошқа табиий, маҳаллий ўғитлар аввало тупроқ таркибини яхшиласа, иккинчидан унумдорликни, ҳосилдорликни оширади. Энг муҳим жиҳати одамлар организмига зарарли таъсир қилмайди. Экологик соф маҳсулот. Бу ҳаракатни кенгайтириш, қўллаб-қувватлаш керак. Негаки, биз келажак авлод, ёшларимиз олдида шундай улкан масъулиятга  эгамиз.

photo_2024-12-26_09-44-58

Шербек Тўйчиев нафақат мулкдор, балки халқ депутатлари Марҳамат тумани Кенгаши депутати сифатида  ҳар куни ўз сайловчилари ҳузурига бориб, уларнинг таклиф ва мурожаатларига ижобий ечим излайди. Ҳудуддаги ободончилик, кўкаламзорлиштириш ишларида ташаббус кўрсатади. Йил бошидан эса ўз ҳисобидан 10  та оиланинг иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш, ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга йўналтириш, саломатлигини тиклаш борасидаги мурожаатларини ижобий ҳал этиб берди. 

Шунингдек, у ҳамкасблари бўлмиш фермерлар орасида, умумтаълим мактабларида, сайловчилари – аҳоли ўртасида ҳам экологик маданият, табиатни асрашга доир қонунлар тарғиботчиси. Ерга бўлган меҳри учун эса деҳқончиликдан барака топяпти. Фермер хўжалиги аъзолари, мулкдорнинг хонадони баракага тўляпти. Биз эса эзгу ниятлари йўлдош бўлган депутатимизга доимий саломатлик, омад ёр бўлишига тилакдошмиз. 

 

Ҳусанбой Зулфиев, 

Ўзбекистон Экологик партияси 

Марҳамат тумани Кенгаши раиси, халқ 

депутатлари туман Кенгаши депутати.