ЭЪТИБОР ВА ЭЪТИРОФ

ЭЪТИБОР ВА ЭЪТИРОФ

Чортоқлик тадбиркор Баҳодир Абдурайимовни бугун нафақат мамлакатимиз, балки дунёнинг ривожланган давлатларида ҳам яхши билишади. Чунки, у таъсис этган “Chartak Mineral Water” масъулияти чекланган жамияти  қошидаги  корхонада ишлаб чиқарилаётган “Чортоқ” минерал сувлари бу ёғи Европанинг қатор давлатларидан ўтиб ҳаттоки океан ортидаги Америка қитъасигача етиб борди. Албатта, бундай меҳнат ўз  самарасини бермай қолмайди. Ўтган куни тадбиркор давлатимиз раҳбарининг фармонига кўра “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

 

Хушхабарнинг қаноти қўш бўлади. Баҳодир Абдурайимовнинг “Тадбиркорлар куни” муносабати билан мукофотланганлиги ҳақидаги хабарга ҳамоҳанг тарзда Чортоқ туманининг Короскон шаҳарчасидаги икки маҳаллани боғловчи янги кўприк қуриб битказилганлиги хусусидаги янгилик ҳам кўпчиликнинг мамнун этди. Боиси, мазкур кўприк элпарвар тадбиркор, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг депутати Баҳодир  Абдурайимовнинг ташаббуси  ва ҳомийлиги асосида бунёд этилди. 

CZ3B3103

- Маҳалламиз аҳли депутатдан ёлчиган, - дейди Нурафшон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мўътабар Ҳакимова. – Чунки, депутатимиз Баҳодир Абдурайимов  нафақат ўз тадбиркорлигини ривожлантириш билан банд, балки жамият иқтисодий-ижтимоий фаолиятида ҳам бирдек фаол иштирок этиб келади. У биргина ўзи сайланган ҳудуд эмас, бутун тумандаги қатор ижтимоий лойиҳаларга амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. У раҳбарлик қилаётган корхона кўмагида янгидан барпо этилган мазкур кўприк Нурафшон ва Истиқлол маҳаллалари аҳолиси, хусусан болажонлар учун истиқлолимизнинг 34 йиллик байрамига муносиб совға бўлди. Бундан ташқари ҳар бир байрам арафасида Баҳодир Абдураимов маҳалламиздаги ўзгалар эътиборига муҳтож аҳоли, хусусан ёшларимизнинг моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб  келади. Унинг байрам совғалари кичик кўнгилларга улкан шодлик бағишлайди. Шу боис ҳамқишлоқларимиз тадбиркорни тинмай дуо қиладилар, чин дилдан олқишлайдилар.

CZ3B3130

Кўприкнинг очилиш маросими ўзига хос тантанага айланиб кетди.  Унда сўз олган  туман ҳокими Илҳомжон Саттаров йиғилганларга Баҳодир Абдурайимовнинг давлат мукофоти билан тақдирланганлигини эълон қилди. Тадбиркорни мукофот, қишлоқ аҳлини эса  янги кўприкнинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан қизғин қутлади. Бу мукофот тадбиркор меҳнатининг галдаги эътирофи, ҳали бундай тақдирлашлар кўп бўлади, чунки, депутатимизнинг шунга арзийдиган шижоати, саҳовати ва матонати бор, деди туман ҳокими. 

CZ3B3125

Кўприкнинг қуриб битказилиши ғоят хайрли бўлди. Боиси, аввал бу ерда эски ва сифатсиз, қийшиқ ва яроқсиз ўтиш йўли бўлиб уни кўприк дейиш ҳам ноўрин эди. Лекин, кўпчилик, айниқса мактабга бораётган болажонлар йўлни қисқартириш учун ундан фойдаланишга мажбур эдилар. Уларни сабоққа кузатган ота-оналарининг ташвиши ҳам айнан шу масала – кўприкдан соғ-омон ўтиб қайтишса бўлди, деган муаммо эди. Эндиликда Чортоқсой устидаги эски, ёлғизоёқ ва хавфли ўтиш йўлаги ўрнида замонавий,  темир-бетон конструкциядан ясалган, пишиқ ва пухта кўприк қад кўтарди. Бу нафақат болажонлар учун катта қулайлик, уларнинг ота-оналари, маҳалла кексалари учун ҳам қувончли янгилик бўлди. 

CZ3B3149

-Қарийб эллик йил қишлоқ мактабида ўқитувчилик қилдим, - дейди қишлоқ оқсоқолларидан бири, меҳнат фахрийси Муҳаммадали ота Маматов. – Короскондаги янгиланишлар, бунёдкорлик, олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини доимий кузатиб бораман. Айниқса, Президентимизнинг халқпарвар сиёсатидан жуда ҳурсанд бўламан. Бундан фойдаланган тадбиркорларимизнинг ютуқлари кундан-кунга ортиб боряпти. Жумладан Баҳодир Абдурайимов ташаббуси ва ҳомийлигида қурилган мана шу кўприк икки маҳалла – Нурафшон ва Истиқлол ўртасидаги масофани бир неча километрга қисқартирди. Айниқса, болажонларимиз учун жуда ҳам ҳурсандман. 

CZ3B3178

Очилиш маросими даомида кўприкка боғланган рамзий тасма қирқилди. Йиғилганлар унинг устидан ўтарканлар, қурилиш сифати, пухта-пишиқлиги эътироф этилди. Шундан сўнг у ундан кўпроқ фойдаланувчи ёш авлод вакиллари – мактаб ўқувчиларига берилди. Болажонлар шодиёна хайқириқ  билан кўприкнинг у бошидан бу томонга қараб чопа бошладилар. Уларнинг қувончи катталарга ҳам таъсир қилди. Барчанинг юзида бирдек табассум жонланди. 

CZ3B3182

-Муҳтарам Президентимизнинг    шу йил  10  июлдаги мамлакатимиз мустақиллигининг 34  йиллигини муносиб кутиб олиш тўғридаги қарорида байрам тантаналари «Ватан учун, миллат учун, халқ учун!» ғояси остида ўтиши белгилаб берилган. Бугунги тадбир  ўз мазмуни билан ана  шу шиорга ғоят мос келади. Чунки, унинг замирида ватан тарққиётига хизмат қилувчи асос, миллатимиз келажаги учун ғамхўрлик ва халқимиз манфаатларини акс эттирувчи меҳнат бор. Чунки, бизнинг Нурафшон ва Истиқлол маҳаллаларимиз боғлаб турувчи янги кўприк энди йиллар давомида  кишилар қалбини ҳам дўстлик ришталари билан мустаҳкам боғлайди. Қишлоқ аҳолисининг ишга, мактабга ва бозорларга қатнашида қийинчиликлар барҳам топиб,  уларнинг азалий орзуси рўёбга чиқди. Шундай экан, халқ дуоси ва олқишини олаётган тадбиркор-депутат Баҳодир Абдурайимовнинг ишларига ривож, ўзига эса соғлик саломатлик тилаймиз.

Дарҳақиқат, азалдан чортоқликлар меҳрини қозониб келаётган тадбиркор меҳнати бугун давлат миқёсида эътиборга олинди ва эътироф этилди.  Бизнингча, бу эътироф, бу олқишлар ҳали бардавом бўлади. Чунки, халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгаши депутати Баҳодир Абдурайимовнинг давлат ва халқ манфаати йўлидаги режалаштирган ишлари кўлами кенг. 

 

Шуҳратбек Тўрабоев, 

Ўзбекистон Экологик партияси 

Чортоқ туман Кенгаши раиси.