ЧИҚИНДИСИЗ ТАБИАТ УЧУН

ЧИҚИНДИСИЗ ТАБИАТ УЧУН

Андижон вилоятида она табиат муҳофазаси, атроф-муҳит софлигига  бефарқ бўлмаган фаол фуқаролар ҳамда ёшлар иштирокида “Чиқиндисиз табиат” экологик акцияси ўтказилди. 

 2024-04-07 08.52.10
Бугунги кунда дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб улгурди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики,  маиший ва саноат чиқиндилари йилдан-йилга тезкор суратларда кўпайиб боряпти. Бу ўз навбатида ҳозирги экологик барқарорликка  етарлича  салбий таъсир кўрсатмоқда. Уларни белгиланмаган жойларга ташлаш  эса яна бир муаммо. Чунки, фуқароларда экологик маданиятнинг етишмаслиги оқибатида бугун дала ва қирларда, йўл четларида ҳам чиқиндилар пайдо бўлиб қоляпти.

Акция “Юксалиш” ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан бир қатор ташкилотлар, жумладан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилояти Кенгаши, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят Кенгаши ҳамда вилоят экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. 

2024-04-07 08.58.15
Унда 50 нафардан зиёд кўнгилли ёшлар, волонтёрлар, кенг жамоатчилик вакиллари, табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари иштирок этиб, 500 метрдан ортиқ майдон чиқиндилардан тозаланди.

2024-04-07 08.58.18
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад  сифатида  вилоят, шаҳар ва туманларда истиқомат қилувчи ватандошларимизни мавжуд экологик вазиятдан хабардор этиш, уларда табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш ва қайта ишланадиган чиқиндиларни атроф муҳитга зарар келтиришини олдини олиш белгилаб олинди. 

2024-04-07 08.58.21
Табиийки, акция кўтаринки руҳда ўтди. Натижада нафақат каттагина ҳудуд тозаланди, балки иштирокчиларнинг қалби ҳам мусаффо ҳисларга  тўлди. Зеро, ободлик кўнгилга завқ беради, юртга барака ато этади.

 

Диёрбек  Турғунов,  

“Юксалиш” ҳаракати Андижон вилояти 

ҳудудий бўлинмаси  раҳбари.