ЭЛГА ХИЗМАТ – АСЛ САОДАТ

ЭЛГА ХИЗМАТ – АСЛ САОДАТ

Азалдан адолатни, тартиб интизомни хуш кўрадиган қаҳрамонимиз узоқ йиллар ички ишлар тизимида масъул вазифаларда ишлаган. У дўстларига ҳам, сафдошлари-ю,  таниш-билишлар, хатто ҳамқишлоқларга ҳам доимо ўзаро муносабатда фақатгина яхшиликни, одамийликни тарғиб қилди. Шу боис қаерда бўлмасин тездагина ўрнини топди, ҳурматга, эътиборга сазовор бўлди. Вақти соати келиб ҳамкасблар уни нафақага кузатишди. Аммо, эл хизматида тобланган истеъфодаги полковник одамлар орасидаги жўшқин ҳаётдан узилиб кета олмади. 

photo_2024-06-04_18-42-51
 

 

Шу пайтда ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлов бошланиб қолди. Норин туманидаги Учтепа маҳалласи аҳли ҳамжиҳатлик билан дангал ва тўғрисўз Ойбек Ҳайдаровнинг номзодини  олға суришди. Орадан кўп вақт ўтмай депутатлик сайловлари бўлиб ўтди. Бу гал ҳам маҳалладошлар полковник учун овоз беришди. Овоз бериш варақалари сарҳисоб қилинганда 93  фоиз сайловчи Ойбек Ҳайдаров номзодини маъқуллаган экан.

 

Ҳам раис,  ҳам депутат. 

 

Қаҳрамонимиз энди аввалгидан-да масъулиятли, аввалгиданда кўпроқ меҳнат талаб этиладиган ишончга сазовор бўлганди. Уни оқлаш учун фидойиликнинг ўзи камлик қилиши аниқ. 

photo_2024-04-05_17-32-38
 

 

Йўқ, Ойбек Ҳайдаров шошиб қолмади. Метин интизомга асосланган тизимда ишлаганлиги қўл келди. Маҳалладошларнинг бошини бириктирди. Айниқса, бутун дунёни саросимага солган пандемия даврида Учтепанинг олийҳиммат инсонларини ёнига олди. Маҳалладаги бирорта оила эътибордан четда қолмади. Озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон зарур бўлган ҳар бир фуқарога ўз вақтида ёрдам кўрсатилди. Шу тариқа ташвишли  кунлар енгиб ўтилди. 

 

-Бу ишда менга  ҳуқуқ-тартибот органларидаги фаолиятим қўл келди, - дейди, Ойбек Ҳайдаров. – Ҳар бир ишда қонунга, адолатга, маҳалладошлар кучига ишондим. Куч бирликда эканлигини яна бир бора яққол тушундим. Маҳалланинг ҳамжиҳатлиги барча соҳада фойда берди. Айниқса, маҳалламизда “Обод маҳалла” дастури доирасида бажарилган ишлар, “Ташаббусли бюджет” лойиҳасидаги танловларда яхши натижаларга эришдик. Маҳалламизда янги мактабгача таълим муассасаси, оилавий поликлиника барпо этилди. Ҳудуддаги барча кўчаларга  асфалт ётқизилди. Мавжуд 8  километрлик ичимлик суви кенгайтирилиб, 20 километрга етказилди, барча кўчаларга, хонадонларга олиб кирилди. 

photo_2024-05-31_10-33-24
Дарҳақиқат, учтепаликлар раис ва депутат атрофига жипслашиб катта ютуқларни қўлга киритишди. Кейинги беш йилда улар 9 марта “Ташаббусли бюджет”да ғолиб чиқишди. Шу тариқа маҳалладаги  ижтимоий масалалар ечими учун  давлат бюджетидан 30  миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилишига эришилди. Ютуқлар сони ва қўлга киритилган маблағ бўйича Учтепа вилоятда мутлақ рекорд кўрсаткични қайд этди. Тўғрида, шунча пайт ичида бу борада ҳали бирор марта ҳам ғолиб бўла олмаган маҳаллалар қанчадан-қанча... 

photo_2024-06-04_18-39-01
-Депутатимиз ҳақиқий элпарвар, маҳалла учун ўзини аямайдиган ажойиб инсон, - дейди маҳалла фаолларидан бири, меҳнат фахрийси   Ваҳобжон ота Эргашев. – Депутатлигининг дастлабки кунларидан маҳалла ҳудудидаги ободончилик, кўкаламзорлаштириш, бунёдкорлик ишларига алоҳида эътибор қаратди. Энг муҳими, унинг шахсий ташаббуси билан маҳаллимиз орқали Норин дарёсига шағал олишга кирадиган юк машиналарининг қатнови тўхтатилди. Боиси, ўша машиналар юк олиш учун келганда ўзлари билан маълум миқдорда ахлат келтириб дарё ёқасига, унинг ўзанларига тўкиб кетишарди. Шу тариқа уч-тўрт километр масофада юзага келган ҳунук манзара ҳар қандай кишининг таъбини тирриқ қиларди. Қатнов йўли ёпилгач,  Ойбек Ҳайдаров янги ташаббусни илгари сурди. Маҳалла ҳашарга кўтарилди. Дарёга борувчи йўл ва дарё четларига тўкилган барча ахлат тозаланди, махсус чиқиндихонага ташиб кетилди. Кейинги ташаббус сифатида эса ана шу тозаланган ҳудудлардаги 7 гектардан зиёд майдон маҳалладошларга “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш, дарахт етиштириш учун бўлиб берилди. Бугун ушбу ҳудудларга жлйлаштирилган  дастлабки кўчатлар аллақачон буюмбоп бўлиб қолди.

 

Оқсоқолнинг ғурурланганича бор. Шу кунларда маҳалладан пастга иниб, Норин дарёси томон борсангиз атрофдаги саришталик, дарё сувининг салқини, дарахтзорларнинг эпкини танангизга роҳат бағишлайди. Ойбек Ҳайдаровнинг таъкидланишича, эндиликда бу  сўлим жойларда экотуризмни ривожлантириш учун енгил конструкцияли меҳмон уйлари, дам олиш  масканлари қурилади. Ҳам саёҳат, ҳам зиёрат, ҳам тижорат – учтаси бирда бўлади.

 

-Мен бир аччиқ ҳақиқатни сира хазм қила олмайман, - дейди Ойбек Ҳайдаров. – Табиат бу – Онамиз. Унинг бағридаги барча неъматлар биз, тирикликнинг олий вакили – инсонлар учун. Биз унинг бағрида яшаб, еб, ичиб  юриб шукрини қилмаймиз. Оталаримиз сувга тупурма, ахлат ташлама дейишарди. Ҳозир оқар сувга қарасанг, ичи тўла памперс.Бир пайтлар алоҳида эҳтиромга сазовор бўлган  Бободеҳқонлар ўрнида майдонга келган  бугунги “деҳқонча”лар “ҳосилни эртаки қилсам, кўпроқ даромад оламан”, деб ерга солмаган заҳари қолмаяпти. Инсонлар соғлиги, ҳаёти моддият олдида бир тийинга айланди. Бу инсонийликка,  ризққа, уни бизга тахт қилиб қўйган Табиатга хиёнат эмасми? Ана, олимлар огоҳлантиришди, 2030  йилга бориб ичимлик суви кескин камайиб кетади, одамларга у кунлик меъёр билан, граммлаб берилади. Тўғрида, нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан...Демоқчи бўлганим, шу лаҳзадан эътиборан атроф-муҳитга нисбатан муносабатимизни ўзгартирмас эканмиз, келажак авлод бизни асло кечирмайди. Бугун 5  июнь – Халқаро табиатни муҳофаза қилиш куни. Бутун дунёда табиатдан меҳрини дариғ тутмаётган инсонлар олдида таъзим қиламан. Аксинча, бу борада ҳамон ўз фикрига эга бўлмаган,  фақатгина саноқ ҳисобига одамлар орасида юрганларга ачинаман.

 

Депутатимизнинг айтганлари айни ҳақиқат. У аччиқдан ҳам аччиқроқ ва уни ўзи учун айтмади. Мана шу халқимизни, унинг манфаатларини, соғлиги-ю, шириндан-шакар фарзандларимизнинг келажагини ўйлаб сўзлади. Биз эса эл хизматини ўзининг бахт-саодати деб биладиган шундай юртдошларимизнинг сафи кун сайин кенгайишига тилакдошмиз.  

 

Сўнгсўз ўрнида барча табиатсеварлар, экология соҳасида хизмат қилаётган сафдошларимиз, Ўзбекистон Экологик партияси аъзолари, депутат ҳамда   фаолларимизни Халқаро табиатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан самимий қутлаймиз. Юртимизда атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ тадбирлар тобора кўпаяверсин. Бу эса табиат ва жамият учун бирдек фойдали бўлади. 

 

 

Абдураҳим Ирисов,

 

Ўзбекистон Экологик партияси 

 

Норин тумани Кенгаши раиси.