ДЕПУТАТ МАҲАЛЛА КЕЗАДИ
Элга хизмат қилиш шарафли иш. Ўзбекистон Экологик партияси фаоли, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати Дилдора Мирзакаримова юрт корига ярашни ният қилиб ҳурмат қозонган замондошларимиздан саналади. Мактабгача таълим тизимида самарали фаолият олиб бораётган қаҳрамонимиз эндиликда депутат сифатида аҳоли орасига кириб, уларнинг ютуқ ва ташвишларига шерик бўлмоқда.
Дилдора Мирзакаримова қарийиб йигирма икки йилдан бери мактабгача таълим тизимида меҳнат қилади. Касбга садоқат, болажонларга бўлган меҳр уни жамоада ҳурмат топишига хизмат қилди. Бугун Булоқбоши туманидаги 4-мактабгача таълим ташкилотига раҳбарлик қилаётган Дилдорахон нафақат ўз ишхонаси, балки туман миқёсидаги қатор тадбирларда ҳам фаол иштирок этади. Ундаги меҳнатсеварлик, тиришқоқлик, атрофдагиларга нисбатан ибратли муомаласи ҳамкасблари, маҳалладошлари қадрлайдиган фазилатлардан ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўтган йилнинг кузида бўлиб ўтган сайловда унинг номзодини Ўзбекистон Экологик партиясидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига кўрсатдилар. Сайловчиларнинг ишончи ўз натижасини берди. Бугун Дилдора Мирзакаримова ҳам жамоа раҳбари, ҳам депутат сифатида астойдил меҳнат қилмоқда.
-Очиғи бундай масъулиятни сира кутмагандим, - дейди у биз билан суҳбатда. – Учтепа, Ширмонбулоқ, Сарбонтепа, Найман сингари ўнга яқин катта-катта қишлоқларнинг аҳолиси сайловда менга ишонч билдирди, номзодимни қўллаб-қувватлади. Энли у ишончни оқлаш учун янада кўпроқ изланиш, интилиш талаб этилади. Бунинг учун доимо ана шу қишлоқларда бўлиш, сайловчилар билан доимий учрашиб туриш, улар қўядиган масалалар ечимида фаол бўлиш талаб этилади. Тўғри, бу осон эмас, лекин, масъулиятни ҳис қилган ҳолда ҳаракат қилиш ўзининг натижасини беради. Қолаверса, мен ишлаётган жамоа – мактабгача таълим муассасасидаги ишчи-ходимларимиз ҳам мени ҳар томонлама қўллаётганлиги ишларимизни осон кечишига ёрдам беряпти.
Дилдора Мирзакаримова билан суҳбатимиз асносида унинг айни кунлардаги асосий ишлари, қандай тадбирлар билан банд эканлиги ҳақида қизиқдик. Чунки, мактабгача таълим муассасаси ҳаёти бошқа бир мўъжаз олам, маҳаллалар ҳаёти эса бутунлай ўзгача, минглаб тақдирларни ўзида жамлаган катта ҳудуд ҳисобланади. Ҳар икки тизимда бир пайтда иш олиб бориш, ҳамма вазифаларга улгуриш учун нафақат билим ва тажриба, балки куч ва матонат ҳам керак бўлади.
-Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача ва таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда соҳада эришилган натижалар билан бир қаторда ечимини кутаётган муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Асосан таълим сифатини оширишга урғу берилди. Унда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мактаб таълими учун ажратилаётган маблағ миқдори биро неча баробар оширилди. Боғчаларда 1,5 миллионга яқин янги иш ўринлари яратилди ва болажонларни мактабгача таълимга жалб қилиш кўрсаткичи 78 фоизга етди. Тизимда самарали меҳнат қилаётган тарбиячи-устозлар учун 10 дан ортиқ устама жорий қилинди. Уларнинг ойлиги мактаб ўқитувчилари маошига тенглаштирилди. Янги ўқув йилидан эса боғча мудираларининг иш ҳаққини 7-10 миллион сўмдан ошириш кўзда тутилмоқда. Бу шароитга жавобан ташкилотимизда таълим сифатини кескин оширишга ҳаракат қиляпмиз. Бунда Нигора Ҳасанова, Гулчеҳра Мирзаева, Ирода Гаппарова сингари ўндан зиёд малакали тарбиячиларимиз тажрибасига суянамиз. Улар боғчамиздаги 240 нафар фарзандларимизга пухта билим беришга ҳаракат қиладилар. Маҳаллада эса аҳоли билан мулоқот давомида экологик маданият тарғиботини бошлаб юбордик. Жумладан, Президентимиз томонидан 2025 йил 15 майда имзоланган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва шу асосда қабул қилинган Концепцияни тарғиб қилиш билан машғулмиз.
Дарҳақиқат, бугун жамиятда аҳолининг экологик маданиятини ривожлантириш долзарб вазифага айланди. Давлатимиз раҳбари қарори билан қабул қилинган Концепцияга кўра экологик маданиятни шакллантириш, юксалтириш тадбирлари барча соҳаларни қамраб олади. Мактабгача, мактаб таълими, ўрта махсус ва олий таълим тизимидаги ёшларимизнинг экологик маданиятини юксалтириш учун қатор вазифалар белгилаб берилди. Давлат корхоналари, ташкилотлар, ўзини ўзи бошқариш органларида фаолият олиб бораётган ходимларнинг экологик маданияти юксалтирилади.
Шу тариқа кейинги беш йилликда юртимизда табиат ва унинг муҳофазасига доир қонунларни ўрганиш кучайтирилади. Ҳуқуқий саводхонлиги ошган одамларда эса атроф-муҳитни асраш, табиий бойликларимиздан оқилона фойдаланишда холисона муносабат шаклланади. Юртимиз янада обод бўлади, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар кўлами янада кенг қулоч ёзади. Шаҳар ва қишлоқларимиз яшилликка бурканади. Саранжом-саришталик кучайгани сари юртда барака ортади, халқ турмуш тарзи бундан-да юксалади.
Мухтасар қилиб айтганда, экологик маданиятнинг юксалиши юрт тараққиётини белгилаб берувчи муҳим омиллардан биридир. Шу боис ҳам бугун Дилдора Мирзакаримова ҳамда халқ депутатлари Булоқбоши тумани Кенгаши депутатлигига сайланган бошқа фаолларимиз ҳам бугун маҳалла кезмоқда. Чунки, бугунги амалий тадбирлар тез кунда ўзининг самарасини кўрсатиши шубҳасиз.
Мактуба Ҳошимова,
Ўзбекистон Экологик партияси
Булоқбоши тумани Кенгаши раиси.