ДАСТУР МУҲОКАМАСИ ҚИЗҒИН
Маълумки, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳалари ишлаб чиқилиб, муҳокама қилиш учун кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинди. Айни дамда кўплаб юртдошларимиз бу борадаги ўз фикрларини билдиришмоқда.
Давлат дастури лойиҳасида 5 та устувор йўналиш бўйича 2025 йил учун амалий чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати ва мақсадли кўрсаткичлар назарда тутилмоқда. Лойиҳада атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” масалалари, шунингдек ижтимоий-иқтисодий, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишларида 2025 йилга мўлжалланган кенг кўламли ислоҳотлар назарда тутилган.
Маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш, кўчаларда яшиллик даражасини ошириш, аҳолининг саломатлигини яхшилаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш, табиий ресурсларни тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, кўпайтириш ва кейинги авлодга етказиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий қилиш каби вазифалар “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да мамлакат ривожланишининг устувор йўналишалари сифатида кўрсатиб ўтилган.
Дастурга кўра 2025 йилда маҳаллаларнинг экологик қиёфасини яхшилаш ва яшиллик даражасини ошириш учун аҳоли учун пиёда ва велосипед йўлакларида дарахт ва ўсимликларни экиш орқали “Сояли сайр кўчалари” тармоғи яратиш, соҳил ва дарё бўйларида 80 та инфратузилма объектлари ва 110 километрдан ортиқ соғломлаштириш йўлаклари қурилиши назарда тутилган. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва “Менинг боғим” умуммиллий лойиҳаси доирасида 200 миллион туп дарахт ва буталар экилади. Яшил боғлар ва паркларда қуёш панеллари ёрдамида қувватлантирувчи ёритгичлардан фойдаланилади. Орол денгизи тубида 100 минг гектар “яшил майдон” барпо этилади ва Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорлар 2,1 миллион гектарга етказилади. ўрмон билан қопланган майдонлар 4,1 миллион гектарга, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар 14,5 фоизга кенгайтирилади.
Амалдаги йилда аҳолининг саломатлигини сақлаш, экологик турмуш тарзини шакллантириш мақсадида “Экофаол фуқаро” ҳаёт тарзи тарғиб қилинади ва бунинг учун “Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади. Бунинг асосий тамойиллари сифатида аҳоли орасида кунлик юриш ва югуриш, велосипедда ҳаракатланиш тарғиб қилинади ва рағбатлантирилади. Пластик маҳсулотлардан фойдаланишни камайтириш, озиқ-овқат исрофгарчилигини олдини олиш, сув, газ ва электр энергиясидан оқилона фойдаланишга эришиш ҳам асосий вазифалар сирасига киради.
Энг муҳими, “Экофаол фуқаро” мақомини олган юртдошларимизга давлат хизматларидан фойдаланишда 10 фоиз чегирма берилади. Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган банклардан истеъмол кредити олишда ҳам чегирма тақдим этилади. Оиланинг барча аъзолари “Экофаол фуқаро” мақомини олганда, ушбу оилага “Яшил оила” мақоми берилади ва уларга ҳар йили лотерея орқали 14 та электромобиль бериш ҳам назарда тутилган. “Энг тоза маҳалла”, “Энг яшил маҳалла” танловлари ўтказилиб, ғолибларга болалар майдончаси қуриш, яшил боғ яратиш ва чиқинди йиғиш майдончалари қуриш, чиқинди контейнерлари ўрнатиш учун 500 миллион сўмгача пул ажратилади.
Ушбу лойиҳа 2025 йил 22 январга қадар кенг жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаларидан ўтказилиши белгиланган бўлиб, ҳозирда жойларда қизғин ўрганиб чиқиляпти. Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилояти Кенгаши фаоллари, депутатлар томонидан аҳоли орасида кенг тарғиб ҳам қилинмоқда. Хусусан, унинг биринчи – “Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитлар яратиш” ва учинчи – “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” йўналишлари юртдошларимиз томонидан атрофлича ўрганиляпти. Табиийки, натижада фуқаролар давлат дастури юзасидан ўз фикрларини ҳам билдиришмоқда. Зеро, давлат дастуридан жой оладиган муҳим вазифалар табиат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим дастуриламал бўлади.
Расулжон Тўйчиев,
халқ депутатлари Наманган вилояти
Кенгаши депутати.