ЧЎЛЛАР ЭМАС, ЧАМАНЗОРЛАР КЕРАК

ЧЎЛЛАР ЭМАС, ЧАМАНЗОРЛАР КЕРАК

Кейинги йилларда дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган муаммолардан бири бу – чўлланишга қарши курашиш масаласидир. Чунки, ўрмонзорлар, ўсимлик дунёсига етказилаётган мислсиз зарар оқибатида бир пайтлар ям-яшил бўлган ҳудудлар аста-секин чўлу-биёбонга айланиб боряпти. Бугун эса аксинча, инсониятга чўллар эмас, яшаш учун муқобил манзиллар, чаманзорлар керак.   


Чўлланиш дунёнинг барча минтақаларида давом этаётган инсон омиллари ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараён бўлиб, унда ер майдонларининг таназзулга учраши тушунилади.  Ўзбекистон Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб Бирлашган Миллатлар ташкилотининг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясига аъзо бўлди.  Ушбу конвенция Ўзбекистон парламенти томонидан 1995 йил 31 августда ратификация қилинган ва 1996 йилда кучга кирган.

Тарихга назар ташласак, Саҳрои Кабирнинг жанубий ҳудудларида юз берган  ҳалокатли қурғоқчилик натижасида минглаб маҳаллий аҳоли очлик ва сувсизликдан нобуд бўлди.Ушбу ҳалокатнинг аянчли оқибати кенг жамоатчилик эътиборини тортди ва чуқур мулоҳазага чорлади. Демакки, қурғоқчилик жиддий офат ва унга етарлича чора излаш лозим. Негаки, халқда "Ер бизни боқади" деган нақл бор. Дарҳақиқат, инсон организми ҳаётий зарур озуқаларнинг 99,7 фоизини деҳқончилик, зироатчилик воситасида етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари орқали олади. Дунё аҳолисининг ўсиши ва ҳосилдор ерларга бўлган рақобатнинг кучайишига қараб озиқ-овқат маҳсулотлари учун яроқли ер майдонлари камаяди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун биз яроқсиз ҳолатга келтирилган ерларни тиклашимиз керак. Бутун ҳудудининг 80 фоизи чўл ва саҳролардан иборат бўлган Ўзбекистон учун чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш масалалари барқарор ривожланишни таъминлашда устувор аҳамият касб этади.

сухие-треснутые-равнины-захо-устья-австра-ии-41136606

Ҳар йили 17 июнь – Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни жаҳон миқёсида кенг нишонланади. БМТ бу борада учта – “Чўлланишга қарши кураш”, “Иқлим ўзгариши” ва “Биологик хилма-хилликни асраш” Конвенцияларини қабул қилган.  Ўзбекистон ушбу Конвенцияларни Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб ратификация қилган.  

Қайд этилишича, мамлакатимизда айниқса, сўнгги йилларда қурғоқчилик ва чўлланишга қарши курашиш бўйича самарали ишлар амалга оширилди. Республикамизнинг бешта вилояти, хусусан, Навоий ва Андижон вилоятларидаги Ҳакан, Тошохур, Марҳамат ўрмон хўжаликлари, Сурхондарё ҳамда Қашқадарё вилоятларининг самарасиз фойдаланилаётган ерларини ўзлаштириш ва чўлланишга қарши курашиш мақсадида жами 4900 гектар майдонда писта плантациялари барпо этилди. Орол денгизининг қуриган тубида экологик ҳолатни яхшилаш, туз ва чанг бўронларига қарши курашиш чораларини ишлаб чиқиш мақсадида жами 1,6 миллион гектар майдонга чўл ихота ўсимликлари экилди. Испаниянинг «WES»(Western Export Solutions) ҳамда IMIDA” қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқоти нститути олимлари билан ҳамкорликда Орол денгизи қуриган тубида янгидан барпо этилаётган чўл ўсимликларига «Агрофлорин», «Бульнова» ва «Биопрон» биологик микроўғитлар таъсири ўрганилмоқда.  

landscape-tree-nature-sand-horizon-cloud-491315-pxhere.com_

Олимлар томонидан Орол денгизининг кўчма қумларида чўл ўсимликлари кўчатларини автоматик тарзда экишга мўлжалланган янги агрегат жорий этилди. Натижада кўчатларни экиш унумдорлиги соатига 4000 донага, анъанавий усулга нисбатан 1,2-1,5 баробарга оширилди.    

Орол денгизи ва Оролбўйи минтақасининг чўл ҳудудларидаги ўсимликлар қийин ўсадиган 3000 гектар майдонда чўл яйловзорларини комбинациялашган ҳолда кўпайтириш технологияси жорий этилди. Мазкур усулда экилган чўл ўсимликлари ниҳолларининг кўкарувчанлиги ўртача 20-60 фоизга оширилди. Орол денгизининг қуриган тубидаги жами 350 гектар майдонда янгидан барпо этилган ўрмон ва яйлов ўсимликларини касалликлардан ҳимоя қилиш агротехнологияси жорий этилмоқда.    

Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан мазкур сана муносабати билан вилоятдаги шаҳар ва туманларнинг барча ҳудудларида дарахтларни суғориш, уларга агротехник ишлов бериш тадбирлари билан бир вақтда “Дарахтга нафас беринг” акциялари ўтказилмоқда. Акция доирасида ҳудудларда  минглаб дарахтлар суғорилиб, ости бетонланган дарахтлар атрофи очилади. Уларга агротехник ишлов берилиб, суғориш ишлари амалга оширилади.  Шунингдек, ёзги дам олиш оромгоҳлари, ўқув юртлари, корхона ва ташкилотларда,  аҳоли, ёш авлод ўртасида давлат инспекторлари томонидан турли акция, танлов ҳамда давра суҳбатлари, “Очиқ мулоқот”, брифинглар ўтказиш режалаштирилган бўлиб, бугундан жойларда ушбу тадбирлар бошланиб кетди. 

Мазкур тадбирлар давомида иштирокчиларга яшил ҳудудларни кенгайтириш зарурати, ҳар бир туп дарахтнинг табиатдаги ўрни, тириклик учун аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилмоқда. Зеро, яшиллик ҳаёт белгиси, ўрмонлар кенгайган, ўсимлик олами гуркираб ривожланган жойда яшаш учун қулай муҳит яратилади. Демак, дарахт экишни кўпайтириш билан ҳар бир юртдошимиз жонажон диёримизни обод ва кўркам ҳудудга айлантиришда катта ҳисса қўшган бўлади.

 

Маъмура Мирзақодирова, 

Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни 

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши

бошқармаси  атроф- муҳит мониторинги,

иқлим ўзгариши  мослашиш ва 

гидрометеорология  соҳасини мувофиқлаштириш  

бўлими ходими.