ЧИҚИНДИ ФОЙДА КЕЛТИРИШИ КЕРАК

ЧИҚИНДИ ФОЙДА КЕЛТИРИШИ КЕРАК

Бугунга келиб чиқиндилар масаласи глобал экологик муаммолар орасида етакчилардан бирига айланди. Чунки, айрим ривожланган давлатларни ҳисобга олмаганда кўплаб ҳудудларда чиқиндилар деярли қайта ишланмайди, улар ер, сув  ва ҳавони булғаб келяпти. Агар айни муаммога тез фурсатларда ижобий ечим топилмаса, унинг оқибатлари ғоят ташвишли бўлади.    

 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳозирда дунё бўйича ҳар йили 2,5 миллиард тоннадан ортиқ, ҳар куни эса 6 миллиард килограммгача турли чиқиндилар ҳосил бўлади. Уларнинг асосий қисмини маиший чиқиндилар ташкил қилса, қолган қисми табиатга жиддий зарар етказувчи пластик, шиша ва бошқа қаттиқ буюмлардан иборат.    

photo_2023-09-07_17-38-13

Энди бу миқдорни Андижон вилояти бўйича таҳлилига ўтамиз. Вилоятимиз республиканинг оз майдон, қалин аҳолига эга ҳудуди бўлиб, ҳар куни ўртача  2500-3000 тоннагача маиший чиқиндилар ҳосил бўлади. Ҳозирда мазкур чиқиндиларнинг бир қисми қайта ишлашга йўналтирилган. Бунинг учун Андижон вилоятида чиқиндиларни қайта ишловчи 15 та  корхоналар фаолият олиб бормоқда. Бу борадаги фаолият аста-секин кенгайиб бораётгани сабаб, қайта ишлаш кўлами ҳали унчалар катта эмас. Яъни, ушбу корхоналар кунлик чиқиндининг атиги 4  фоизини қайта ишлайди, холос.  Қайта ишланаётган чиқиндилар таркибини асосан маиший чиқиндилар, қоғоз, пластик, резина, полиэтилен, целлофанлар ташкил этади.  Бу жараёнда улардан истеъмолда фойдаланилмайдиган уй-рўзғор буюмлари ҳамда  иккиламчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.  

photo_2023-09-07_17-35-15

Қайта ишлаш корхоналарида тайёрланган бундай маҳсулотлар  ички бозорга, шунингдек, қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Улар ҳозирда асосан  Қозоғистон ва Қирғизистонга етказиб бериляпти. Бунда маиший чиқиндиларни қайта ишлайдиган корхоналар тўланадиган даромад солиғидан бир фоизлик имтиёздан фойдаланишмоқда.   

photo_2023-09-07_17-24-06

Аҳамиятли жиҳати шундаки, яқинда республика экология, атроф-муҳитни асраш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Хитой давлатининг “China CAMC Engineering LLC”  компанияси билан 110 миллион АҚШ доллари миқдорида инвистиция киритиши ҳисобига кунига 1500 тонна чиқиндиларни ёқиб, 40 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича шартнома имзолашга эришди. Унга кўра, ҳозирда Хўжаобод туманида чиқинди ёқиш заводини қурилиши олиб борилмоқда. Мазкур заводда ишлаб чиқарилган электр токидан ҳудуддаги 100 та хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилади.    

photo_2023-09-07_17-36-17

Бундан кўриниб турибдики, агар бу соҳадаги изланишлар кучайтирилса, қўшимча имкониятлар  ишга солинса янада кўпроқ чиқиндини қайта ишлаш орқали уни  фойда манбаиига айлантириш мумкин. Айни ечим чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш йўлидаги энг муҳим қадам бўлади.   

 

Лочинбек Исомиддинов,  

Андижон вилояти экология, атроф-  

муҳитни асраш ва иқлим ўзгариши  

бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.