БУТУНЖАҲОН АТРОФ-МУҲИТ КУНИ НИШОНЛАНДИ

БУТУНЖАҲОН АТРОФ-МУҲИТ КУНИ НИШОНЛАНДИ

"Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни" Халқаро миқёсда нишонланадиган экологик саналар орасида мазмуни ва моҳиятига кўра бошқалардан ўзгача фарқ қилади.

Шуни боис, Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилоят Кенгаши томонидан ушбу санага бағишлаб Наманган давлат педагогика институтида талаба- ёшлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

photo_2024-06-04_13-19-08
Тадбирда вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят прокуратураси экология бўлими, олий таълим муассасаларининг экология йўналишида фаолият олиб борувчи олим, профессор ва фан ўқитувчилари, депутатлар, вилоятининг туман, шаҳар Кенгаши раислари, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари  вакиллари қатнашдилар. 

photo_2024-06-04_13-50-16
Суҳбат давомида сўз олган нотиқлар талабаларга "Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни"ни қабул қилишнинг сабаби, аҳамияти, тарихи, ҳозирги кунда дунё миқёсида тутган ўрни ҳақида батафсил маълумот бердилар. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурсларга оқилона муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш борасида бугунги авлод олдида турган долзарб вазифалар ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилди.

photo_2024-06-04_13-50-17
— Юртимизнинг ҳар бир қарич ери олтинга тенгдир, - деди  Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилоят Кенгаши раиси Абдуғафур Назаров ўз чиқишида. - Унинг гўзал табиати, мусаффо ҳавоси, зилолдек тиниқ ва шифобахш сувлари ҳар қандай кишини ўзига мафтун этади. Мана шундай бетакрор гўзалликни асраб-авайлаш, келажак авлодга бус-бутун етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

photo_2024-06-04_13-50-18
Ўзаро мунозара асосида ўтган  тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган қатор саволларга устоз ва мутахассислардан етарлича жавоб олдилар. Пировардида барча бир-бирини байрам билан қизғин қутлади. Партия ишига яқиндан ёрдам бераётган фаол ёшлар, корхона, ташкилот вакилларига Ўзбекистон Экологик партияси Наманган вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.   

Ўзбекистон Экологик партияси Наманган   

вилоят Кенгаши   ахборот хизмати.