БУГУН – ЭКОЛОГИК БИЛИМЛАР КУНИ
Ёшлигимизда ота-боболаримиз сувга тупурмаслик, кўчанинг дуч келган жойига аҳлат ташламаслик, ниҳолларни синдримаслик, ҳимоясиз ҳайвон қушларга озор бермаслик ҳақида қаттиқ огоҳлантиришарди. Шунинг учун атроф обод, маҳалла ва кўчаларда ўзгача файз бўларди. Айнан шу ҳолат оиладаги экологик маданият, билимларнинг бошланиши эди.
Ҳозирга келиб экологик муаммолар дунё миқёсидаги глобал муаммога айланиб улгурди. Табиийки, унинг замирида экологик маданиятнинг етишмаслиги, экологик билимларга нисбатан эътиборни бир қадар сусайганлигини сабаб сифатида кўрсатиш мумкин. Демак, бугун аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик билимларини ошириш долзарб масала. Бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1992 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган галдаги конференциясининг атроф-муҳит муаммолари муҳокамаси чоғида инсониятнинг ҳаёти ва барқарорлиги учун бутун дунё аҳолиси ўртасида экологик билимни тарғиб этиш мақсадида ҳар йили 15 апрелни “Экологик билимлар куни” сифатида нишонлаш таклифи илгари сурилган.Бундан мақсад – сайёрамиз аҳолисининг экологик билимини бойитиш ғоясини илгари суриш, аҳолида экологик маданиятни юксалтириш, жамиятнинг экологик хавфсизлиги ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ҳамда ҳар бир фуқарони, жумладан ёшларни табиатга муҳаббат, эъзоз ва эътибор руҳида тарбиялашни тарғиб этишдан иборат.
Бу йўналишда мамлакатимизда ҳам қатор амалий ишлар олиб бориляпти. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 майдаги қарори билан “Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш Концепсияси” қабул қилинди. Унга кўра, экологик муаммоларнинг тобора глобал аҳамият касб этаётганлиги инобатга олиниб, эндиликда атроф муҳит муҳофазаси, экологик маданият, экологик таълим-тарбия, экологик маърифат масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланган. Экологик таълимнинг долзарблиги шундаки, мамлакатимиз табиати, экотизимлари, атроф муҳит барқарорлигини таъминлашда аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ушбу ўта жиддий ва ҳаётий масалага аҳолининг барча қатламлари, хусусан ёшларнинг алоҳида ҳисса қўшиши лозимлиги белгиланган.
Экологик таълим-тарбия беришни, экологик билимларни тарғиб қилишни, ноширлик фаолиятини, кўрик-танловлар ўтказишни, ижтимоий реклама ва шу кабиларни ташкил этиш, таълим дастурларини мавжуд экологик муаммоларни бартараф этиш ва замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, таълим олувчиларнинг эътиборини умумбашарий экологик муаммоларга қаратиш орқали уларнинг она табиатнинг қайта тикланмас манбаларини сақлаб қолиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича масъулиятини кучайтириш, экологик таълимнинг самарали шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш, экологик таълимнинг сифатини, кадрлар тайёрлаш тизими самарадорлигини, барқарор ривожланиши кафолатларини ва устуворлигини таъминловчи норматив-ҳуқуқий, моддий-техника ва ахборот базасини яратиш, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича давлат органлари таълим соҳасининг ўзаро манфаатли ҳамкорлигини ривожлантириш Экологик таълим Концепсиясининг асосий мақсад ва вазифалари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг узлуксиз таълим тизимида экологик таълим қуйидаги таълим турларига мувофиқ амалга оширилади. Яъни, мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, профессионал таълим, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, мактабдан ташқари таълим. Кўриниб турибдики, экологик таълимнинг қамрови ғоят катта. У хаттоки мактабдан ташқарида ҳам ўргатилиши керак.

Шундай экан, бугун мутахассислар, устоз ва мураббийлар ўқув даргоҳларида, ота-оналар эса оилада ёшларимизнинг экологик билимларга бўлган интилишини кучайтириши зарур. Айни йўналишда Ўзбекистон Экологик партияси Норин тумани Кенгаши мутасаддилари, депутатларимиз ҳам жойларда амалий учрашувлар, кенг қамровли тарғибот тадбирлари олиб боришяпти. Хусусан, депутатларимиз ҳамда партия фаоллари тумандаги 44 та умумтаълим, битта ихтисослаштирилган ва битта касб-ҳунар мактаби, 110 та давлат, давлат-хусусий шерикчилигидаги мактабгача таълим муассасалари ўқитувчилари, тарбиячиларига ёшларга экологик маданият ва билимлар бериш юзасидан зарур маълумот ва тавасиялар бериб боришяпти. Табиатни муҳофаза қилиш борасида қизиқарли давра суҳбатлари ташкил этиляпти.
Энг муҳими, экологик таълим ва билимларни кучайтириш мавсумий вазифа эмас. У ўзининг долзарблигини сира йўқотмайди. Шундай экан, биз бу борадаги амалий ишларимизни давом эттирамиз.
Абдураҳим Ирисов,
Ўзбекистон Экологик партияси
Норин тумани Кенгаши раиси.