АСАЛ ЗАҲАРГА АЙЛАНМАСИН...

АСАЛ ЗАҲАРГА АЙЛАНМАСИН...

Юртимизга ёз, пишиқчилик мавсуми кириб келди. Дала ва боғларда пишиб етилган мева-сабзавотлар, полиз маҳсулотлари дастурхонимизни тўлдирмоқда. Бири-биридан мазали, такрорланмас таъмга эга бўлган ушбу ноз-неъматларни  даладан дастурхонгача етиб келишида боғбон ва соҳибкорларнинг катта ҳиссаси бор. Лекин, кейинги йилларда деҳқончилик маданиятидаги айрим қусурлар сабаб нафақат мева-сабзавотлар, балки уни етиштириб бераётган тупроқнинг таркиби ҳам зарарли моддаларга тўйиняпти. Бу эса ўта жиддий экологик муаммо ҳисобланади.  

 

Ҳеч кимга сир эмас. Бундан ўттиз-қирқ йил аввал ҳам ёзнинг айни палласида пишиб етилган ҳандалакнинг ифори бутун маҳаллани тутиб кетарди. Томорқада пишиб етилган қовунларнинг тарс-турс ёрилишидан келган овозлар, ундан кейинги таралган ёқимли ҳид иштаҳани қитиқларди. Унинг табиий мазасидан, асал сингари ширасидан лаблар бир-бирига ёпишиб қоларди.  Афсуски, бугунги полиз маҳсулотларидан ўша мазани топиш қийин. Чунки, маҳсулот етиштириш жараёнида сифатдан кўра миқдор устун қўйиляпти. Эртаки ҳосил учун керагидан кўпроқ минерал ўғитлар  ишлатиляпти. Бу хусусда Ўзбекистон Экологик партияси фаоли, халқ депутатлари Қўрғонтепа туман Кенгаши депутати, туман “Деҳқон бозори”  масъулияти чекланган жамияти раҳбари Улуғбек Ғуломов билан суҳбатлашдик.  

CZ3B0917

-Дарҳақиқат, табиат бизга инъом қилган ҳар бир неъматнинг ўз ўрни, аҳамияти бор, - дейди у суҳбат аввалида. – Улардан бири истеъмолга биринчилардан бўлиб кириб келадиган тарвуз мисолида сўз юритадиган бўлсак, 150 грамм тарвуз тановул қилиш соғлом одамнинг бир кунлик магнийга бўлган эҳтиёжини қондиради Шу боис қон босими баланд кишилар уни кундалик таомномаларига киритиши керак. Тарвузда сийдик ҳайдаш ҳусусияти бошқа мева ва сабзавотларга нисбатан жуда кучли. Бундан ташқари, тарвуз танадан ҳолестеринни чиқариб юборишда қўл келади. Тарвуз шарбати жигардаги токсинлар, яъни заҳарли моддаларни эритади ва чиқариб юборади. Антибиотиклар билан даволангандан сўнг тарвуздан тўйиб ейиш лозим. Ёки узоқ вақт наркоз остида операцияни бошдан ўтказгандан кейин мазали тарвуз тановул қилиш жигардаги дорилардан организмни тозалайди. Тарвуз таркибидаги темир моддаси фақат салат барглари ва исмалоқдан кейин туради.  Тарвуздаги темир организмда енгил ўзлаштирилади, чунки у органик моддадир. Шу боис тарвуз камқонликни даволаш ва профилактикасида энг яхши ёрдамчи. Лекин, бундан ики йил аввал Наманган вилоятида бир оиланинг олти нафар аъзоси тарвуздан заҳарланди. Афсуски, натижада оиланинг катталари – ота ва она вафот этди. Демакки, аслида шифобахш неъмат ҳисобланган тарвуз фойда кетидан қувган “бободеҳқон”нинг масъулиятсизлиги  сабаб заҳарга айланди.  

CZ3B0918

Таассуфки, бу аччиқ ҳақиқат.  Кейинги йилларда деҳқончилик маданиятида катта ўзгаришлар рўй беряпти. Ҳар қандай маҳсулотни эртаки ва ҳосилдор қилиш агротехникаси ривожланди. Иссиқхоналарда қишнинг қировли кунларида ҳам турли сабзавот ҳамда резаворни етиштириш мумкин. Аммо, айни шу жараёнда кимёвий моддалар, анорганик ўғитлар керагидан ортиқча фойдаланиляпти-ки, натижада маҳсулот сифати кескин бузиляпти. Яна тарвуз мисолига қайтадиган бўлсак, аслида етилмаган тарвузда етилганига нисбатан 2,5 баробар кўпроқ нитратлар бўлади. Бу ўртача 1 кг тарвузда 200 мг нитрат бор дегани. Биз эса минерал ўғитлардан тинимсиз фойдаланиш ҳисобига унинг миқдорини янада ошириб юборяпмиз. Нитратларни хавфлилиги шундаки, у қондаги гемоглобин билан бирикиб уни кислород ташишига тўсқинлик қилади.  Оқибатда моддалар алмашинуви, марказий нерв тизими, иммунитет, жигар фаолияти издан чиқади.  

CZ3B0930

-Жонажон диёримиз азалдан ўзининг уста соҳибкорлари, боғбонлари билан ажралиб турган, - суҳбатни давом эттирди. Улуғбек Ғуломов. – Шу боис Ўзбекистоннинг меваларига хорижий давлатларда талаб катта. Аммо, кейинги йилларда деҳқончилик ҳам бизнес манбаига айланиб қолди. Айрим пули бор одамлар гектар-гектар ерни сотиб олиб эртаки ҳосил етиштириш учун унга аямай минерал ўғит солишяпти. Оқибатда шундоқ ҳам сув эрозияси сабаб деградацияга учраётган ерларимизда тупроқ унумдорлиги жуда ҳам пасайиб кетмоқда. Ҳаттоки, айрим майдонлар бугун минерал ўғитсиз ҳосил бера олмайдиган даражага келиб қолди.  Жумладан,  ҳозирда деградациянинг чўлланиш, шўрланиш, эрозия, тупроқлар ифлосланиши, ботқоқлашиш  ва узоқ муддатли фойдаланишдан кейинги ерларнинг чарчаши сабаб ҳар йили дунё бўйича ўртача 10-15  миллион гектар ер қишлоқ хўжалигига яроқсиз бўлиб қоляпти. Улар чўлга айланиб боряпти. Олимларнинг таъкидлашича, агар вазият шундай давом этса, деградация туфайли сайёрамизнинг унумдор тупроқ қатлами  100 йил ўтгач бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин. Унинг оқибатларини тасаввур қилишнинг ўзи нақадар оғир. 

Албатта, барча муаммоларнинг ечими бўлади. Экологик жиҳатдан соф маҳсулот етиштириш учун аввало кимёвий ўғитларни чеклаш, мумкин бўлса бутунлай воз кечиш зарур. Негаки, бугун жаҳондаги қатор ривожланган давлатлар аллақачон органик усулда деҳқончилик қилишга ўтиб кетишди. Бу бутун тирикликни асраш, табиатни муҳофаза қилиш борасида ва инсоният келажаги учун энг мақбул ҳамда самарали ечим бўла олади. 

CZ3B0944

-Органик усулда деҳқончилик қилиш аввало хавфсиз ва қулай, иккинчидан минерал ўғитларга нисбатан анчайин камхарж бўлади, - дейди  суҳбатдошимиз. – Чунки, экинлардан юқори ҳосил олишда маҳаллий ўғитлар – қорамол гўнги, торф, гўнг шалтоғи, парранда қийи, турли хил компостлар яхши фойда беради. Мазкур ўғитлар таркибида азот, фосфор, калий, кальций ва ўсимликларнинг озиқланиши учун керакли бошқа элементлар, шунингдек, тупроқнинг хоссаларига ижобий таъсир этадиган органик моддалар бўлади. Энг муҳими, сифатли, мазали, кимёвий моддалардан ҳоли экологик соф маҳсулот етиштирилади. Бундан ташқари органик усулда деҳқончилик қилишда биогумус, вермигумдан фойдаланиш ҳам яхши самара беради. Энг муҳими, ердан фойдаланаётган ҳар бир одам аввало унга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиши лозим. Фойда ортидан қувганлар эса ўзини ўзи алдайди, холос. Ер ғирромликни, соҳтакорликни ёқтирмайди. Энг катта фойдани ҳаллоллик ва холислик ортидан топиш мумкин. Бунинг учун ҳозирги долзарб вазифа – аҳолининг экологик маданиятини ошириш талаб этилади. Бу борадаги вазифаларимиз эса  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025  йил 15 майдаги  2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида аниқ кўрсатиб ўтилган.  

Улуғбек Ғуломоқ ҳақ гапларни айтди. Бугун жамиятимизда экологик муаммолар етарли. Шундай экан, ҳар бир юртдошимиз ризқу-рўзимиз манбаи бўлган ерни асраб-авайлаши, ундан оқилона фойдаланиши  талаб этилади. Шундагина,   табиат ва жамият,  ёш авлод олдидаги бурчимизни оқлаган бўламиз. Чунки, биз келажак учун жавобгармиз.  

 

Икромжон Дадабоев, 

халқ депутатлари Қўрғонтепа тумани  

Кенгаши депутати, туман экология бўлими  

бошлиғи, Ўзбекистон Экологик партияси  

туман Кенгаши раиси.