ҲАР ҚАТРАНИНГ ҚАДРИ БОР
Бугунги экологик муаммолар орасида чучук сувнинг тобора камайиб бораётганлиги ғоят ташвишлидир. Иқлим ўзгаришлари оқибатида тоғлардаги асрий музликлар, уммонлар бағридаги айсберглар жадал эрияпти. Натижада, дунёнинг кўп минтақалари, жумладан Марказий Осиё ҳам яқин йилларда чучук сув муаммога айланган ҳудудлар қаторидан жой олиши мумкин.
Халқаро метереология ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб Ер юзи аҳолисининг 5 миллиард нафари0 етарли даражадаги ичимлик сувидан бебаҳра қолиши мумкин. 2018 йилги маълумотларга қараганда, ўша йили 3,6 миллиард инсон камида бир ой ичимлик сувисиз қолган. Ташкилот ҳисоботи 20 дан ортиқ халқаро ташкилот ва илмий марказ томонидан берилган хулосалар асосида қилинган. У тақдим этаётган рақамлар даҳшатли эканини кўриш мумкин. Масалан, саноатлаштиришгача бўлган даврдан бошлаб ҳозирга қадар намчил ҳудудларнинг 80 фоизи йўқ бўлиб кетган. Шунингдек, охирги 20 йилда ичимлик суви захираси ҳар йили бир сантиметрга пасайиб бормоқда. Бунда ёғингарчилик, ер ости ва ер усти сувлари, музликларни қўшиб ҳисоблаш ҳам киради. Қурғоқчиликнинг давомийлиги охирги 20 йилда 29 фоизга ошган.
Шу боис ҳам мамлакатимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратиляпти. Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида” қонуни бу борада асосий ҳуқуқий ҳужжат саналади. Қонунга кўра очиқ сув ҳавзалари, ер ости сувларидан тўғри ва оқилона фойдаланиш, уни асраб-авайлаш юртдошларимизнинг фуқаролик бурчи саналади. Негаки, қишлоқлардаги асосий йўналиш деҳқончилик ва томорқадан фойдаланиш бўлгани боис, сув ҳаётимиз асоси, дастурхонимиз тўкинлиги ва турмушимиз фаравонлигини бош омилидир.
2025 йил – “Атроф –муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да юртимизда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, хусусан томорқалардан унумли фойдаланиш орқали ер эгаларининг моддий манфаатдорлигини юксалтириш асосий мақсадга айланди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим асос бўлиб хизмат қиляпти. Унга кўра, “маҳалла еттилиги”, тижорат банклари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда етакчи тадбиркорларни жалб қилган ҳолда оилаларнинг ўз томорқаси имкониятларидан самарали фойдаланишига, иштиёқи бор шахсларнинг ўзини ўзи банд қилишига ва тадбиркорликни йўлга қўйишига ҳамда оила аъзоларининг, аёлларнинг касб-ҳунар ва хорижий тилни ўрганишига, уларга бўш иш ўринларини топишга ва ишга жойлашишига кўмаклашиш белгиланган бўлиб, жойларда томорқаларни суғоришни яхшилаш учун лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгилаб берилган. Қарор иловасида 2025 йилда аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг йўналишлар ва ҳудудлар кесимидаги мақсадли кўрсаткичларининг тегишли бандида маҳаллаларда томорқа ва ижарага олинган ерларда суғориш тизими таъминотини яхшилаш юзасидан чора-тадбирлар аниқ кўрсатиб ўтилган.
Мазкур қарор ижроси доирасида амалдаги йилда Шаҳрихон туманида ҳам бир қатор амалий ишлар олиб бориляпти. Хусусан, тумандаги “Бобочек”, “Дўлан”,”Туркистон”, “Бешмаҳалла” ва “Оқ олтин” маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли томорқа ерларини суғоришни яхшилаш мақсадида реконструкция ишларини бажариш лойиҳалаштирилган эди. Унга асосан, умумий узунлиги 6,1 километр узунликдаги суғориш тармоқларини бетонлаш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда мазкур тадбирнинг етмиш фоизи миқдорида ишлар бажарилди. Бунда сувни ер остига сизиб кетишининг олди олинади, у исроф бўлмайди ва томорқаларга етарлича тақсимланади. Таъмирлаш ишларида “Асл Муҳаммад”, “Саҳоват унуми”, “Қўрғонча юксалиш” ва “Нуроний сув тармоқ монтаж” масъулияти чекланган жамиятлари қурувчилари иштирок этяпти.
-Жойларда олиб борилаётган таъмирлаш ишлар сифати доимий назоратга олинган, - дейди Шаҳрихон тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассассаси қурилиш муҳандиси Жамшидбек Ғофуржонов.- Ҳар бир объектда тегишли мутахассислар, ишчи-хизматчилар ҳамда махсус техника воситалари имкониятларидан унумли фойдаланилмоқда. Натижада “Бобочек” ва “Туркистон” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ариқларни бетонлаш ишлари сифатли якунланди. Эндиги мақсад қолган ҳудудлардаги суғориш тармоқларини белгиланган талаб даражасида бетонлашни якунлашга қаратилган.
Дарҳақиқат, таъмирлаш ишлари доимий назоратга олинган. Хусусан, бу ишда маҳаллалардаги фаоллар, жамоатчилик вакиллари, Ўзбекистон Экологик партиясидан туман Кенгашига сайланган депутатлар ҳам иштирок этишяпти. Вақти-вақти билан жойларга ташриф буюрган депутатларимиз қурувчиларнинг иш жараёнини кузатиб, мавжуд муаммоларни ўз жойида ҳал қилишда амалий ёрдам беришмоқда. Бу ўз навбатида туманда оқар сувлардан самарали фойдаланишни яхшилайди. Аввалгидан кўра бир неча баробар кўпроқ томорқаларнинг суғориш тизими яхшиланади.
Шу билан бирга жойларда ер остидан олинадиган ичимлик суви – артезиан қудуқларидан олинадиган сувларни ҳам асраб-авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш талаб этилади. Чунки, 20 дақиқа беҳуда оққан сувдан томчилатиб суғориш орқали 8,4 тонна буғдой ёки 15 тонна картошка олиш мумкин. Демакки, ҳар қандай чучук сувнинг қатраси бебаҳо эканлигини унутмайлик. Чунки у – ҳаёт манбаи, тириклик асоси ва фаровон ҳаётимиз омилидир.
Неъматилло Турсунов,
Ўзбекистон Экологик партияси
Шаҳрихон тумани Кенгаши раиси.