26/02/2021

EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ТАБИАТСЕВАР БОЛАЖОНЛАР КАМОЛ ТОПАДИ

Мурғак  қалб эгалари ҳамма нарсага қизиқувчан бўлади. Уларда атроф-муҳит, табиат, унинг бағридаги неъматлар ҳақида истаганча саволлар топилади. Мана шу саволларга ўринли жавоб бериш орқали уларда дастлабки экологик билимларини шакллантириш  мумкин ва зарур. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019  йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида экологик таълимни ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори  ва шу асосда қабул қилинган Концепцияда бу борада мактабгача таълим тизимида бажариладиган вазифалар аниқ кўрсатиб ўтилган.

Қарорда белгилаб берилган чора-тадбирлар, Концепцияда кўрсатиб ўтилган йўналишлар, ундан кўзланган мақсад айни кунда долзарб аҳамият касб этади. Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни сўзсиз амалга ошириш, «Таълим тўғрисида«ги ва «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида«ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ узлуксиз таълим тизимида экологик таълимни ривожлантиришнинг асосий тамойилларини белгилаш, уларни таълим-тарбия жараёнига изчиллик билан босқичма-босқич татбиқ қилиш ва шу асосда экологик таълимнинг самарадорлигини янги босқичга кўтариш, таълим дастурларини мавжуд экологик муаммолар ва уларни бартараф этиш вазифаларидан келиб чиқиб такомиллаштириш, таълим олувчиларнинг эътиборини умумбашарий экологик муаммоларга қаратиш орқали уларнинг она табиатнинг қайта тикланмайдиган манбаларини сақлаб қолиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасидаги масъулиятини кучайтириш, экологик таълимнинг самарали шакллари ва усулларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш каби масалалар ана шулар сирасига киради.

Эндиликда мазкур ҳужжат асосида мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ҳамда олий ўқув юртларида экологик таълим бериш даражаси кучайтириб борилади.  Экологик таълимнинг самарадорлигини янги босқичга кўтариш мақсадида мактабгача таълим ташкилотларида 2020 йил январидан бошлаб мунтазам равишда «Эколог болажон» дастури асосида тизимли машғулотлар олиб борилади. Ҳар бир экологик санага бағишлаб табиат қўйнида болажонлар учун экологик машғулотлар ўтказилади.

Бу борада Пахтаобод тумани мактабгача таълим бўлимида амалий ишлар бошлаб юборилди. Ҳозирда айни йўналишдаги чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва унинг асосидаги илк машғулотлар, болажонлар иштирокида қизиқарли тадбирлар ташкил этиляпти. Унда фарзандларимизга жонли ва жонсиз табиат, уларнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳақида маълумотлар бериб бориляпти. Даставвал тумандаги 31 та давлат, 3 та давлат- хусусий шерикчилик, 10 та оилавий мактабгача таълим муассасаларидаги тарбиячи-ходимлар ўртасида мазкур Концепциянинг аҳамияти атрофлича тушунтириб ўтилди. Ҳозирда эса айнан экологик йўналишда таълим берадиган ходимларнинг бу борадаги тажриба ҳамда малакасини ошириш юзасидан жойларда ҳудудий  ўқув семинарлари ўтказиляпти. 

Аҳамиятли жойи шундаки, муассасаларда ташкил этилган дастлабки экологик таълим машғулотлари ўзининг ижобий натижасини намоён қилди. Болажонларнинг табиат ҳақидаги  илк таассуротлари  қизиқишларига ҳамоҳанг тарзда ортиб боряпти. Бугунги бу қизиқиш эртага табиатга нисбатан меҳр-муҳаббатга айланади. Зеро, Концепциядан кўзда тутилган мақсад ҳам шу аслида. 

Саидахон АБДУЛЛАЕВА, 

Пахтаобод тумани мактабгача

таълим бўлими мудири.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan