ТАБИАТГА МЕҲР БЕРИНГ

ТАБИАТГА МЕҲР БЕРИНГ

Бугун табиатни муҳофаза қилиш ҳар қачонгидан-да муҳим аҳамият касб этмоқда. Негаки, йиллар давомида йиғилиб қолган экологик муаммолар эндиликда ўзининг салбий натижасини намоён қилмоқда. Шу боис атроф-муҳитни асраб авайлаш, унинг бойликларидан, неъматларидан оқилона фойдаланиш, хусусан, ер, сув ҳамда ҳавони ифлосланишдан сақлаш ҳар бир юртдошимизнинг виждон амрига айланмоғи лозим.     

2024-03-25 10.22.52
 

Вилоят    экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим    ўзгариши бошқармасининг Қўрғонтепа бўлими ходимлари бугун жойлардаги меҳнат жамоалари, ўқув юртлари, маҳаллаларда ташкил этаётган тарғибот тадбирларида бу хусусда атрофлича маълумот беришмоқда. Хусусан,    соҳага доир қабул қиланган қонунлар, фармон ва қарорларнинг туб моҳияти, мақсад ва вазифаларига алоҳида урғу бериляпти. Негаки, экологик муаммолар ечимида аҳолининг ҳуқуқий ва      экологик маданиятини ошириш    асосий омил ҳисобланади.  

 

Таъкидлаш жоизки, ўтган йилда тумандаги айрим саноат, ишлаб чиқариш корхоналарида экологик вазият    барқарорлигини таъминлаш борасида    амалий тадбирлар бажарилди.    Хусусан,    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги      “2022 – 2026    йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стретегияси тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Давлат дастурининг тегишли бандига кўра   
  “Khantex oil ” масъулияти чекланган жамиятида замонавий оқова сув тозалаш иншоотлари қурилиб ишга туширилди.  “Андижон сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти Қўрғонтепа тумани филиали томонидан сув тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳисобига    212,4м3    оқова сувлари тозаланишига эришилди.     

2024-03-25 10.22.56
Давлатимиз раҳбарининг  2020 йил 29 сентябрдаги “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  асосида    “Karasuu eko tech”     ва “Хонобод интер транс”    масъулияти чекланган жамиятлари фаолият бошлаган бўлиб, улар        томонидан ҳудуддаги 70    та маҳаллалардаги салкам 170 минг нафар аҳолига санитар тозалов хизмати кўрсатилмоқда. Уларнинг ёрдами билан жорий йилнинг шу кунигача 46080 тонна     маиший чиқиндилар махсус полигонга  жойлаштирилди.

Очиғини айтиш лозим, олиб борилаётган тадбирларга қарамай ўтган йили соҳага доир 187 та ҳуқубузарликлар    аниқланди ва уларга нисбатан    54    миллион сўмдан зиёд жарималар қўлланилди. Уларнинг 93 таси атмосфера ҳавоси, 90 таси қаттиқ ва маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш, 2 таси сувдан фойдаланиш    ва яна иккитаси  биологик ресурсларни муҳофаза қилиш йўналишидаги ҳуқубузарликлар ҳисобланади.   

Эътиборли жиҳати шундаки,    ўтган йили туманимизда  “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида    кўкламги мавсумда 530 минг дона, кузда эса 474    минг дона  манзарали ва мевали кўчатлар экилди.     

2024-03-25 10.22.59
  “Яшил ҳудудлар” салмоғини ошириш мақсадида    тумандаги “Янги ҳаёт” ва “Буюк замин”    маҳаллалари ҳудудида  1.20 гектар майдонда “Яшил жамоат парки” ҳамда “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи    Шаҳрихонсой бўйидаги 1,5 гектар бўш  майдонда “ Яшил боғ ” ва 0.6 гектар    майдонда “Ҳокимлик боғи” барпо этилди. Бу ҳудудларга мингдан ортиқ манзарали дарахтлар жойлаштирилди. 

Ушбу тадбирларнинг барчаси табиатга нисбатан эътибор, меҳр-мурувват белгисидир. Зеро, у ҳам ўз бағрида биз учун чексиз неъматларни ато этиб қўйибди. Уни    авайлаш ўзлигимизни    асраш демакдир. Шундай экан, туманимизда бу борадаги эзгу тадбирлар давом этади. 

 

 

Икромжон Дадабоев, 

Андижон вилояти    экология, атроф-муҳитни   

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши   

бошқармаси Қўрғонтепа бўлими бошлиғи.