АФРИКА ПИНГВИНЛАРИ ЙЎҚОЛИБ КЕТИШ АРАФАСИДА

АФРИКА ПИНГВИНЛАРИ ЙЎҚОЛИБ КЕТИШ АРАФАСИДА

Олимлар берган маълумотларга кўра, кейинги юз йилликда Африка пингвинлари сони ўта тезлик билан камайиб борди. Агар улар йигирманчи аср бошларида бир неча миллион жуфтликни ташкил қилган бўлса, ҳозирга келиб бу   миқдор атиги 11 минг жуфтликни ташкил қилади, холос. Ачинарлиси эса, мазкур кўрсаткич йил сайин янада камайиб боряпти. 

 

Бу пингвинлар Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг йўқолиб кетиш арафасида турган турлар рўйхатига киритилган. Агар вазият ижобий томонга ўзгармаса 2035  йилга бориб бу пингвинларни сақлаб қолиш катта муаммога айланади. 

 

Ҳозирда мутахассислар пингвинларнинг кескин камайишига сабаб бўлаётган омилларни юмшатиш заруратини таклиф қилишмоқда. Яъни, ҳудуддаги сув ҳавзаларида катта миқдордаги балиқни овланиши пингвинлар учун озуқа тақчиллигига сабаб бўляпти. Бундан ташқари юзага келаётган экологик вазият –   сув ҳавзаларининг ифлосланиши, тўфон ва тошқинлар ҳам уларнинг камайишига ўз ҳиссасини қўшяпти. 

 

Африка пингвинлари асосан Жанубий Африка ва Намибия ҳудудидаги денгиз қирғоқларида кенг тарқалган. 1985  йилда эса улар Боулдерч-Бич, Саймонстаун  ва Кейптаун пляжларида колония ҳолида яшаган ва одамлар орасида ҳам бемалол юришарди. Уларни хатто боғларда, вокзал ва кўчаларда ҳам учратиш мумкин эди. 

 

Экологлар Жанубий Африка ҳукумати, балиқ хўжалиги, нефт ва кемасозлик тизими мутасаддилари, олимлар ва бошқа алоқадор ташкилотлар  билан узвий ҳамкорликда бу муаммони олдини олиш мумкин, деб ҳисоблайдилар.