EkoPress

TABIAT ONAMIZDIR – UNI ASRASH FARZANDLIK BURCHIMIZ

ЖАЖЖИ ҚАЛБДАГИ ГЎЗАЛЛИК

Биласиз, болажонлар жуда серсавол бўлишади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 3-5 ёшдаги фарзандларимиз катталарга кунига ўртача тўрт юз –беш юзтагача  турли саволларни беришар экан. Чунки, уларда бу ёруғ олам, атроф-муҳит, жонли ва жонсиз табиатга бўлган қизиқиш жуда ҳам кучли бўлади-да. Айнан шу қизиқиш уларни тарбиялаш, камолга етказишда энг муҳим омил. Хусусан, бу даврда улар қалбида табиатга нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотиш эртага ўзининг самарасини беради.

Жорий йил 27 майда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида Экологик таълимни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори ва шу асосдаги Концепциянинг учинчи бобида мактабгача таълим тизимида экологик таълимни такомиллаштириш йўналишлари белгилаб берилган.  Унга кўра,мактабгача таълим муассасаларида биринчи навбатда ушбу таълим тури учун белгиланган «Болажон» таянч дастури қайта кўриб чиқилади, дастурда болаларда она табиатни асраб-авайлаш борасидаги илк тасаввурларни уйғотишга ҳамда уни асраб-авайлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги мавзуларни кўпайтиришга эътибор қаратилади. Мактабгача таълим муассасаларида амалда бўлган таянч дастурда белгиланган экологик таълимга оид мавзулар ва амалий машғулотларни тўлақонли ташкил этиш мақсадида «Эколог болажон» дастури ишлаб чиқилади ва амалиётга жорий этилади.

Таълим дастурлари ўрта, катта ва мактабгача тайёрлов гуруҳлари учун жонсиз табиат –

ўсимликлар дунёси, жонли табиат – ҳайвонот дунёси ҳамда сайрда бўлиб ўтадиган жонсиз ва жонли табиат тушунчаларини уйғотишга йўналтирилади. Бунда, мавзуларни қайта белгилашда ер юзида, шу жумладан, юртимизда йўқолиб бораётган ва камёб турдаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда уларни асраб-авайлаш масаласига алоҳида урғу берилади. Мактабгача таълим муассасалари таълим дастурларини атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва атрофимиздаги оламни тоза сақлаш, шу жумладан, маиший чиқиндилардан тозалаш каби тушунчалар билан бойитиб борилади. Шунингдек, Концепцияга кўра ҳар бир мактабгача таълим муассасаси экологик бурчаклар ташкил этиш ҳамда уларни зарур материаллар билан таъминлаш асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаб қўйилган.

Экологик таълимни ривожлантириш концепцияси жажжи болажонларимиз учун катта аҳамиятга эга. Унда қўйилган вазифаларни ижро этиш орқали биз улар қалбида атроф-муҳит, жонли ва жонсиз табиатга нисбатан муҳаббатни шакллантира оламиз. Шу боис, бизнинг Бўз тумани мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 2-мактабгача таълим ташкилотимизда ҳам ушбу ҳужжатни атрофлича ўқиб-ўрганиш йўлга қўйилган. Шу билан бирга тарбиячиларимиз ҳозирдан тарбияланувчиларнинг экологик онги уларнинг кўзига яққол ташланадиган атроф табиий муҳит – ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳақидаги дастлабки тасаввурларни мустаҳакамлайдиган «Она табиат» мавзусида очиқ ҳавода таништирув соатлари, расмлар чизиш, атроф олам ҳақидаги шеърларни ёд олиш, машқларни бажариш ва турли мавзудаги ўйинларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратишяпти. Бунда жамоамизда меҳнат қилаётган Одина  Ахунова, Муҳаббатхон Солиева, Ирода  Тўйчиева, Гульмира  Сулаймонова ҳамда Гулсора Элчиева каби тарбиячиларимизнинг меҳнати эътирофга лойиқ. Чунки, айнан шулар мактабгача таълим ташкилотимизда тарбияланаётган 110 нафар болажонларнинг дуркун ўсиб-униши, бошланғич билимларини мустаҳкамлаши, соғлом ва билимдон бўлиб камол топишига масъул бўлиб, бу вазифани сидқидилдан бажаришга интилишяпти.

Мухтасар қилиб айтганда, биз жажжи фарзандларимиз қалбида табиатга муҳаббатни уйғотиш, шакллантириш борасида барча имкониятларимизни ишга соламиз. Зеро, бу меҳнатлар эртага ўзининг ижобий натижасини беради.

Наргиза ТЎХТАСИНОВА,

ташкилот мудираси.