ХИЗМАТ СИФАТИ ҲАМ КЎЛАМИ ҲАМ ОШАДИ

ХИЗМАТ СИФАТИ ҲАМ КЎЛАМИ ҲАМ ОШАДИ

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар йили мамлакатимизда салкам етти миллион тонна маиший чиқиндилар ҳосил бўлади. Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб мамлакатда "қайта ишланадиган", "қайта ишланмайдиган" ва "озиқ-овқат" тоифалари бўйича саралаш орқали чиқиндиларни алоҳида йиғишни ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бунинг учун жойларда чиқиндиларни йиғиш шаҳобчалари ташкил этилмоқда.

2024-03-13 21.48.52
Бу борадаги вазифалар Президентимиз томонидан шу йил 19 февралда ўтказилган йиғилишда алоҳида белгилаб берилган. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги олиб борилаётган ишлар ва кейинги режалар ҳақидаги тақдимот билан танишган давлатимиз раҳбари   айни йўналишдаги тадбирлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратди. Бу борада     2024 йил 4 январда қабул қилинган "Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Президент фармони ижросини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.   

2024-03-13 21.49.03
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатда санитария тозалаш хизматлари билан қамраб олинган маҳаллалар сони 90 фоиздан ошган.  Бироқ, чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси пастлигича қолмоқда. Ҳозирги кунда бундай корхоналар атиги 313 тани ташкил қилади.   П резидент фармонида бундай фаолиятни янада рағбатлантириш чоралари кўзда тутилган. Хусусан, 2024 йил 1 июндан бошлаб маиший чиқиндилардан тайёрланган иккиламчи хомашёни сотиш фақат биржа орқали амалга оширилади. Чиқиндиларни алоҳида йиғиш "қайта ишланадиган", "қайта ишланмайдиган" ва "озиқ-овқат" тоифалари бўйича сараланади. Чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш бўйича хусусий шерикчилик ривожлантирилади. 

2024-03-13 21.49.06
Белгиланмаган жойларда чиқиндиларни ташлаш учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда, чиқиндилар ноқонуний ташланган жойни тозалаш, шунингдек уларни олиб чиқиш мажбурияти белгиланди.  

Бундан ташқари, маиший чиқиндилар полигонлари оптималлаштирилади, улардан маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилади.   Чиқиндилар полигонларига инвестицияларни жалб қилиш учун уларнинг буфер зоналарида махсус иқтисодий зоналар режимини жорий этиш, шунингдек, чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ва органик ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича янги тизим яратилади. Ушбу янги тизим бўйича биринчи пилот лойиҳа Андижон вилоятида амалга оширилади.  

2024-03-13 21.49.10Чиқиндиларни алоҳида йиғиш бўйича бугун “Фиорензо”   масъулияти чекланган жамияти томонидан амалий ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, амалдаги йилда биз хизмат кўрсатадиган Балиқчи ва Улуғнор туманларида   бешта ана шундай шаҳобчалар барпо этиш режалаштирилган бўлиб, амалда фаолият кўрсатаётган шаҳобчаларни талаб даражасида таъмирлаш ҳамда қайта жиҳозлаш ишлари олиб бориляпти.   Бу албатта соҳада кўрсатилаётган хизмат сифати ҳамда кўламини оширишга   имконият яратади.  

 

 

Қодиржон   Шералиев,

“Фиорензо” масъулияти чекланган 

жамияти раҳбари.