ТАНЛОВ ҚИЗИҚАРЛИ ЎТДИ
Бугун табиатни асраш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида экологик маданиятни шакллантириш долзарб масала. Ўзбекистон экологик партияси Мингбулоқ туман Кенгаши ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?”мавзусидаги кўрик- танлови ана шу мақсадга хизмат қилади.
Маълумки, жорий йилдан бошлаб республикамизнинг барча умумтаълим мактабларининг юқори синф ҳамда касбий таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида «Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?» республика кўрик-танлови ўтказиб бориладиган бўлди.
Ушбу танловнинг Мингбулоқ тумани босқичида тўрттала сектор ҳудудида ғолиб бўлган мактаб жамоалари иштирок этди. Унинг аввалида сўз олганлар танловнинг мақсади, ёшларнинг экология соҳасидаги қонунларни ўрганиб боришининг аҳамияти ҳақида атрофлича сўз юритдилар. Хусусан, 2025 йилдан бошлаб, мазкур танлов оммалаштирилиб, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этилади.
Кўрик-танлов тўртта шарт бўйича ўтказилди. Унинг биринчи шарти «Бу бизнинг ҳудуд» деб номланган ва бунда иштирокчи жамоалар ўз ҳудудларининг экологик ҳолати, экомаданияти, пикник маданиятлари, ҳудуд экологиясини яхшилашга доир амалга оширилаётган ишлар, ёшларининг экологияга бўлган муносабати очиб бердилар. Иккинчи шартга кўра ўқувчилар «Интеллектуал ринг»да ўзаро беллашдилар.
Жамоалар аъзолари уч дақиқа ичида экологик, ижтимоий, сиёсий-ҳуқуқий йўналишлардаги 10 тадан саволга жавоб қайтардилар. Учинчи шартда эса қатнашчилар «Экология учун барчамиз масъулмиз!» шиори остида юртимиз табиатини асраб-авайлашга қаратилган амалий тадбирлар, ёшлар орасида экомаданиятни тарғиб қилишни кўзда тутган, плоггинг, иқлим ўзгаришлари, дарахт экиш ва кесиш ҳамда сув муаммолари бўйича лойиҳасининг мазмун-моҳиятини очиб берадиган ибратли саҳна кўриниш тайёрлаб намойиш этдилар.
Якуний тўртинчи шартда эса «Энг яхши экологик лойиҳа» кўриб чиқилди. Унга кўра иштирокчи жамоалар республика миқёсида экология соҳасини ривожлантириш, ёш экологлар сонини кўпайтиришга эришиш, экология йўналишидаги инвестицияларни жалб қилиш, экология салоҳиятини кенгайтириш бўйича ўз таклиф ва лойиҳаларини ҳимоя қилдилар. Танлов давомида ҳар бир жамоа ушбу шартларга пухта тайёргарлик кўрганлигини кўрсата олди. Шу боис у анчайин қизиқарли, баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди. Аммо, ғолиб битта бўлади. Тўртинчи сектор ҳудудида зафар қучган 6 - умумий ўрта таълим мактабининг “Be Eco Best” жамоаси пировардида туман босқичи ғолиблигини қўлга киритди ва танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди. Ғолиблар ва иштирокчиларга ҳамкор ташкилотлар, ҳомийлар томонидан ташкил этилган эсдалик совғалари топширилди.
Тоҳиржон Исмоилов,
халқ депутатлари Мингбулоқ тумани
Кенгаши депутати.
Ўзбекистон Экологик партияси.