СОМОННИ ЁҚМАНГ, ЖАВОБГАР БЎЛАСИЗ
Жорий йилда Учқўрғон туманида 6950 гектар майдонда ғалла етиштирилди. Туманнинг умумий хирмонини бунёд этиш учун 214 та фермер хўжаликлари билан шартнома имзоланган. Аҳамиятли жойи шундаки, бугун кўпчилик ер эгалари – фермер ва деҳқонлар ўриб олинаётган буғдой ҳосили чўғидан мамнун. Ўрим-йиғим қизиган сари зиммасидаги масъулиятни шараф билан адо этаётган ғаллакорлар сафи ҳам кенгайиб боряпти. Бу ўтган йилнинг кузидан бери қилинган яхши ният, матонатли меҳнат самараси. Омборларни, бордонларни тўлдираётган буғдойнинг шукронаси сифатида эндиликда ғалла экилган майдонлардаги сомонларни тозалашда белгиланган қонуний талабларга риоя қилишимиз зарур.
Учқўрғон тумани экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими ва вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси туман бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган амалий семинарда шу ҳақда сўз борди. Унда экология ва фавқулодда вазиятлар бўлими мутасаддилари билан бирга тумандаги фермер хўжаликлари, пахта-ғаллачилик кластерлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Семинарда сўз олган мутахассислар ғалладан бўшаган майдонларни атроф-муҳитга етказадиган зарари, унумдор тупроқни қай даражада шикастлаши ва бунинг учун қандай қонуний чоралар белгиланганлиги ҳақида маълумот бердилар. Жумладан, сомонни ёқиб юбориш натижасида тупроқ унумдорлигига етказилган зарар миқдорини аниқлаш ва унга нисбатан қўлланиладиган жазо чоралари аниқ кўрсатиб ўтилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 1 гектар майдондаги сомон ёқиб юборилганда атмосферага 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, 20 килограмм ис гази ва углерод оксиди тарқалади. Бу шу атрофдаги тирик организимларнинг нафас олиши қийинлашишига, турли касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Шу билан бирга шунча майдондаги бир қанча фойдали микроорганизмлар, флора ва фауна вакилларини қириб юборади. Тупроқнинг унумдор қатлами жиддий зарарланади.
Демакки, буғдойи ўриб олинган майдонларга такрорий экинга тайёрлаш, галдаги ҳосил учун тадорик кўриш асносида асло сомонларни ёқиш мумкин эмас. Семинарда таъкидланишича, айни вазият Учқўрғон тумани экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими ҳамда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси туман бўлими ходимларининг доимий назоратида бўлади. Бунинг учун мазкур ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилди ва улар жойларда ўз фаолиятини олиб боради. Ўз навбатида ер эагалари ҳам бу борада алоҳида эътибор билан иш ташкил қилишларига ишонамиз.
Дилшодбек Аҳмадалиев,
Учқўрғон тумани экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бўлими бошлиғи.