ҚОНУНЛАР УСТУВОР – ЖАМИЯТ БАРҚАРОР

ҚОНУНЛАР УСТУВОР – ЖАМИЯТ БАРҚАРОР

Маълумки, қайси давлатда қонунлар устувор бўлса у ерда тараққиёт  ва  кишиларнинг тинч-осойишта турмуш тарзи, бахтли ҳаёти кафолатланади. Бу борадаги ҳуқуқлар ҳимояси прокуратура органлари зиммасига юклатилган. Ўтган куни мамлакатимизда ўз касб байрамларини нишонлаган мазкур соҳа вакиллари “Атроф – муҳит муҳофазаси ва “яшил” иқтисодиёт йили”да юртдошларимизнинг ҳуқуқий ва экологик маданиятни янада юксалтиришни мақсад қилишган. 

Ҳуқуқ-тартибот идораларида хизмат қилиш шарафли ва масъулиятли вазифа. Шу боис бундай ишончга муносиб мутахассислар, салоҳиятли, билим ва малакаси юқори, эл-юрт манфаатини ўз қизиқишларидан устун қўя оладиган фидокорлар танлаб олинади. Шундай экан, бугун мазкур тизим ходимлари шаънига ҳар қанча илиқ сўзларни айтсак ярашади. Кеча жойларда бўлиб ўтган байрам тадбирларида бу ҳақда атрофлича таъкидланди, қонун посбонларининг меҳнати эътроф этилди. Чунки, уларнинг фаолияти билан мамлакатимизда қонунлар  ижроси таъминланмоқда, иқтисодий ислоҳотлар чуқурлашмоқда, ижтимоий-сиёсий йўналишдаги тадбирлар самара бермоқда, соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий ҳимоя ва бошқа соҳаларда ижобий ўзгаришлар кўпайиб боряпти. 

Жумладан, прокуратура ходимлари ҳозирда муҳим вазифалардан бири – атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги қонунлар ижросини таъминланишига ҳам алоҳида эътибор қаратишган. Негаки, айни дамда экологик масалалар дунёдаги долзарб учта муаммонинг бирига айланиб улгурди. Шу боис амалдаги   йилда мамлакатимизда ҳам атроф – муҳит муҳофазасини янада кучайтириш  ҳамда “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги тадбирлар янада кенг қулоч ёзади. 

Шундай экан, йил аввалида Андижон вилояти прокуратураси томонидан 2024  йил давомида вилоят шаҳар ва туманларида олиб борилган ишларни бир қатор сарҳисоб қилиб олиш фойдадан ҳоли эмас. Ходимларимиз томонидан жойларда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий заҳиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур  ва улар давлат муҳофазасида эканлиги ҳақида кенг қамровли тарғибот ишлар олиб борилди. Бу жараёнда сўнгги йилларда мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларнинг инсонлар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида техник ва технологик жараёнлар оқибатида юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга янги ёндашувларни жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Аҳолининг ҳуқуқий, экологик маданиятини ошириш мазкур тадбирларнинг бош ғоясига айланди. 

Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил 31 майда имзоланган “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга асосан прокуратура органларида экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидан қонунчилик ижроси устидан назорат йўлга қўйилди. Негаки, прокуратура органлари экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатларининг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни амалга оширувчи ягона орган бўлиб, ушбу қонунчилик йўналиши прокуратура органлари фаолиятининг муҳим вазифаларидан бири саналади.

Ўтган йилда  соҳага оид қонунчилик ижроси устидан назорат йўналишида 40 га яқин текширишлар ўтказилиб, жами 200 дан ортиқ прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича 40 та тақдимнома киритилиб, ноқонуний қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан  70 та протест келтирилди, 25 нафар шахслар интизомий, 100 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. Шунингдек, фуқаро ва давлат манфаатида судларга 242,8 миллион сўмлик 42 та даъво аризалари киритилган бўлса, қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 7 та жиноят ишлари қўзғатилди ҳамда 91 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

444-1
Вилоят прокуратураси ходимлари экология соҳасидаги қонунлар ижросини таъминлаш билан бир қаторда атроф-муҳит муҳофазаси, чор-атрофни яшилликка буркаш, ободончилик ва кўкаламзорлаштириш тадбирларига ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Яъни, мамлакатимизда эълон қилинган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоят ҳудудида кузги мавсумда жами 6 миллион 210 минг дона турли мевали, манзарали дарахтлар экилиши режалаштирилиб, вилоят бошқарма, ташкилотлар, ҳудудий ҳокимликлар томонидан 6 миллион 782 минг дона ёки режалаштирилганига нисбатан 109 фоиз кўчатлар экилди. Бунда фаол иштирок этган вилоят прокуратураси ходимлари Хонобод шаҳрида 1 гектар майдонда “Андижон вилоят прокуратураси боғи”ни ташкил этдилар ва у ерга  15 мингга яқин турли мевали ҳамда манзарали кўчатлар экилди. Бундан ташқари ҳар бир туман ва шаҳарда ҳам ҳудудий “Прокурор боғлари” яратилди.

Мухтасар қилиб айтганда,  2025 – “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил иқтисодиёт йили”да вилоят прокуратураси ходимлари экология ва атроф-табиий муҳитни муҳофаза қилиш, аҳолининг ҳуқуқий, экологик маданиятини оширишда янада кенг кўламда иш олиб борадилар.

Отабек Ғуломов,

Андижон вилояти прокуратурасининг

экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш 

ва ўрмон хўжалиги соҳасида қонунчилик 

ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи.