ОВ ҚИЛИШНИНГ ЎЗ ТАРТИБИ БОР
Бугун табиат билан муносабатда ўта холислик, эхтиёткорлик зарур. Чунки, ундаги ҳар бир неъматнинг миқдори чексиз эмас. Айниқса, тириклик занжирида муҳим ўрин тутувчи ўсимлик ва ҳайвонот дунёси вакилларига нисбатан озгина эътиборсизлик уларни бутунлай йўқолиб кетишига сабаб бўлади. Шундай экан, бу борада ҳар доимгидан-да огоҳ бўлиш муҳимдир.
Мазкур масалада ҳозирда жойларда кенг миқёсда тушунтириш-тарғибот тадбирлари олиб бориляпти. Хусусан, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасидаги амалий ишлар самарасини бермоқда. Аммо, баъзи айрим юртдошларимизнинг бу борадаги эътиборсизлиги қимматга тушаяпти. Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимларининг вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда олиб бораётган назорат тадбирларида шундай кўнгилсизликларга гувоҳ бўлинмоқда.
Жумладан, Фарғона вилояти прокуратураси, Данғара тумани ички ишлар бўлими ҳамда Миллий гвардия бўлинмаси ходимлари билан Данғара туманида биохилмахилликни асраш, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузилишини олдини олиш ҳамда “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ва қонуности ҳужжатлари ижроси таъминлаш мақсадида ўтказилган рейд тадбирида “Қашқар” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи икки нафар фуқаро томонидан ўзига тегишли ов қуролига тегишли рухсатнома олмасдан ноқонуний ов қилинганлиги аниқланди. Улар туман ҳудудидаги “Торғова” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди ноқонуний равишда ов қилиш орқали бу борадаги қоидаларни бузганлар.
Содир этилган мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 90-моддаси, 1-қисми билан тегишли баённома расмийлаштирилиб, бу фуқароларнинг ҳар бирига 3 400 000 минг сўмдан, жами, 6 800 000 сўм жарима расмийлаштирилди.
Демакки, ҳар бир ишда тартиб жоиз бўлганидек, ов қилишнинг ҳам ўзига яраша талаблари бор. Унга риоя қилган овчиларга ҳеч қандай эътироз йўқ. Аммо, тартиббузарлар учун жавобгарлик муқаррар.
Лутфуллахон Ашрафхонов,
Фарғона вилояти Экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси Данғара туман бўлими бошлиғи.
Гулноза Тўхтасинова,
Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.