ОЧИҚ МУЛОҚОТ, САМИМИЙ СУҲБАТ
Мамлакатимизда ёшларга эътибор масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган бўлиб, эртамиз эгалари ўзларининг қизиқишлари бўйича ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Фарғонада ҳам ёшлар билан ишлашда янгича ёндашувлар, чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Шунингдек, уларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш, бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган амалий учрашувлар яхши самара бераётир.
Дарҳақиқат, ўсиб келаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларни юртимизнинг фидойи фарзандлари этиб тарбиялаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бугун Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигининг оммавий тадбирларни ташкил этиш ва экофаоллар билан ишлаш бўлими бошлиғи Зарина Абдуллаева, Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Хуршиджон Аҳмедов ҳамда Фарғона вилояти экология бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анваржон Ашуровлар иштирокида ўтган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувида шу ҳақда сўз борди. Фарғона Давлат техника университетида бўлиб ўтган мазкур тадбирда олийгоҳда таълим олаётган ёшларимизнинг таклиф мулоҳазалари, уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасидаги фикр-мулоҳазалари қабул қилинди.
-Мен ёшлар билан бўладиган ҳар қандай учрашув ва жонли мулоқотлардан чексиз куч-қувват ва кўтаринки руҳ оламан, - дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Хуршиджон Аҳмедов. – Ёшларнинг дилидаги мақсад ва ниятларидан хабардор бўлиш, уларни катта-катта ишларга сафарбар этиш учун ана шундай учрашувлар жуда зарур. Бундай учрашувлар нафақат раҳбарлар, балки ҳар бир йигит-қиз учун катта фойда беради.
Тадбир давомида экология вазирлигининг бўлим бошлиғи Зарина Абдуллаева бугун мамлакатимизда табиат муҳофазаси борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда уларнинг самараси ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Бунда барча қатори ёш авлод вакиллари ҳам ғоятда фаол эканлиги таъкидланди.
Шундан сўнг Фарғона вилояти “Экофаоллар Кенгаши” ва “Туризм элчилари Кенгаши” раисларининг йиллик ҳисоботи сарҳисоб қилинди. Вилоятдаги олий ўқув юртлари талабалари, экофаоллар, Президент мактаби ўқувчилари ҳамда экологияга бефарқ бўлмаган йигит-қизларнинг атроф-муҳит муҳофазасига оид муаммолар ва таклифлари эшитилди, бу борада мурожаатларини ҳал этиш, туризм масалалари, экологик муаммоларга ижобий ечим топиш мавзусига жиддий эътибор қаратилди. Учрашувда ёшлар томонидан берилган саволларга раҳбарлар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.
Шунингдек, мулоқот давомида Фарғона шаҳридаги экологик муаммолар, атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли бор корхоналар билан ишлаш, туризм бошқармаси кўмагида Бухоро вилоятига инфо-тур ташкил этиш, 17 июнь – Бутунжаҳон қурғоқчиликка қарши курашиш куни муносабати билан Каркидон сув омборида акция ўтказиш, Шоҳимардон қишлоғи чегара постларидаги олиб борилаётган амалий ишлар билан танишиш, экотуристик масканларга махсус маълумотлар киритилган кўрсаткичлар ўрнатиш, иккиламчи қайта ишланадиган чиқиндилардан унумли фойдаланиш ҳамда экологик таълим йўналишидаги стартап лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди. Мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олиниб, ўрганиб чиқиш учун тегишли масъулларга бириктирилди.
Очиқ ва ошкора мулоқот, самимий суҳбатларга бой мазкур учрашув келажагимиз эгаларига ўзгача шавқ бағишлади. Уларнинг қалбида она табиат муҳофазаси борасидаги тадбирларга алоҳида масъулият ҳисси шаклланди.
Бекмурод Иномжонов,
Фарғона вилояти экофаоллар
Кенгаши раиси.