ИСТИҚЛОЛ БЕРГАН ИМКОНИЯТ

ИСТИҚЛОЛ БЕРГАН ИМКОНИЯТ

Мустақиллик берган энг катта имконият бу – халқимиз нафақат ўз тақдирини ўзи белгилаш, балки ер, сув, ҳаво  каби табиий ресурслардан ҳам оқилона фойдаланиш, уни асраб-авайлаш борасида ҳам барча ҳуқуқларга эга бўлди. Негаки, унгача бўлган даврда юртимиздаги экологик вазият деярли танг аҳволга келиб қолганди. 

 

Хусусан, ердан самарали фойдаланиш борасидаги тартибларга деярли амал қилинмаслиги, шунингдек, катта ҳосил учун кураш соясида тупроқ унумдорлигига салбий таъсир қиладиган кимёвий моддалардан аёвсиз фойдаланиш нафақат еримизни заҳарлади, ҳаттоки одамларни ҳам сон-саноқсиз касалликларга дучор қилди. Сув ресурсларини асраб-авайламаслик оқибатида бутун бошли Орол денгизи таназзулга юз тутди. Кўр-кўрона ўзлаштирилган ерлар, улардаги табиий муҳитнинг бузилиши, кейинчалик кўзланган натижа ўрнига ҳалокатли оқибатларни келтирди. Яъни, бугун мамлакатимиз  сув танқислиги бўйича жиддий муаммоларга дуч келмоқда. 

Аҳамиятли жиҳати шундаки, истиқлолнинг илк йилларидан Ўзбекистонда табиатни муҳофаза қилиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Хусусан, 1992  йилнинг 9  декабрида Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Кейинчалик  унинг мантиқий давоми сифатида ер, сув, ҳаво, табиий ҳудудлар муҳофазаси, чиқиндилардан фойдаланиш  каби йўналишларда алоҳида қонунлар қабул қилинди-ки, бу юртимизда аҳолининг табиатга, табиий ресурсларга нисбатан муносабатини ижобий томонга ўзгартирди. Қонунлар ижросини таъминлаш, ҳуқуқий ва экологик маданиятни юксалтириш борасида қатор ютуқларга эришилди. 

unnamed

Ҳозирда ана шу қабул қилинган қонуний ҳужжатларни тарғиб қилиш, уларни янада мукаммаллаштириш, ўқиб-ўрганиш юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда ягона бўладиган “Экология кодекси” ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра мустақиллик йилларида экология соҳасида қабул қилинган асосий  ҳужжатлар, яъни 53 та қонун мазкур Кодексга жамланади. Я нги “Экология кодекси” 25 бўлим, 131 боб ва 665 моддадан иборат бўлади. Унда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, чиқиндиларни бошқариш, ҳаво ва сув ресурсларини муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлашга оид ҳуқуқий нормалар жамланади. Ҳужжат қабул қилиниши билан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида», «Чиқиндилар тўғрисида», «Экологик назорат тўғрисида», «Ўрмон тўғрисида», «Экологик аудит тўғрисида»ги ва бошқа соҳавий қонунлар кодекс таркибига киритилади ҳамда улар ўз кучини йўқотган деб топилади.

Шунингдек, Кодексда янги ҳуқуқий механизмлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, миллий қонунчиликка «экология соҳаси» тушунчасини киритиш, «яшил сертификат» ва экологик маркировка тизимини жорий этиш, юқори экологик хавф туғдирувчи корхоналар учун мажбурий экологик суғурта, экологик аудит ва давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш таклиф қилинмоқда. Иқлим ўзгаришига қарши курашиш, иссиқхона газлари чиқарилишини чеклаш, углерод офсети, «яшил» облигациялар, «углерод изи»ни баҳолаш, давлат космик экологик мониторинги, учувчисиз учиш аппаратларидан экологик назоратда фойдаланиш каби замонавий ёндашувлар ҳам кодексдан ўрин олган.

ekoloji-kriterleri
Албатта, бугун экология соҳасидаги қонунлар тарғиботи, экологик маданиятни юксалтириш борасида Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси, унинг шаҳар ва туман бўлимлари томонидан қатор амалий ишлар олиб бориляпти. Шунга қарамай, айрим ҳолларда бу масалага эътиборсиз бўлган фуқаролар томонидан ҳуқуқбузарликларга йўл қўйиляпти. Мазкур ҳолатни Риштон тумани мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, жорий йил бошидан бери туманда айрим шахслар томонидан 307 та ҳолатда экологик ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилган. Ушбу ҳуқуқбузарларнинг  271 нафари эркаклар бўлгани ҳолда таассуфки, 36 нафар аёллар ҳам маъмурий жавогарликка тортилган. Мазкур ҳолатлар орасида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли 14  та моддаларида кўрсатилган дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларни мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини, сув ресурсларини муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга ҳилоф равишда кесиш,  кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ва бошқа жойга кўчириб ўтказиш, ўсимлик дунёси объектларини йиғиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини, озон қатламига зарарли таъсир кўрсатишнинг олдини олишга доир талабларни бузиш,  атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик, белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ чиқиндиларни тўкиш ва ҳаттоки экология ва атроф –муҳитни муҳофаза қилиш органлари инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, шунингдек, унинг кўрсатмаларини бажармаслик сингари ҳуқуқбузарликлар қайд этилган. 

photo_2026-08-14_10-15-16
Шу боис ҳозирда Риштон туманида аҳолининг экологик маданиятини ошириш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунлар тарғиботини кучайтириш  борасидаги қатор амалий тадбирлар кучайтирилган. Жойларда ўтказилаётган мана шундай учрашувларда истиқлол берган  имконият – жонли табиат, унинг бой ресурсларни ҳимоя қилиш, улардан оқилона фойдаланиш, табиий бойликларимизни  келажак авлодлар учун дахлсиз етказиш борасидаги бурч ва вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.    

 

Исломбек Жўрабойзода,

Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши 

бошқармаси Риштон тумани экополиция 

бўлими бошлиғи.

Сарвар Муқимов,

Риштон тумани экополиция бўлими 

давлат инспектори.