ЁВВОЙИ ҲАЙВОНЛАР МУҲОФАЗАСИ КУЧАЙТИРИЛАДИ

ЁВВОЙИ ҲАЙВОНЛАР МУҲОФАЗАСИ КУЧАЙТИРИЛАДИ

Шу йилнинг 30 июнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳайвонот дунёси йўқотишларининг ўрнини қоплаш ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори қабул қилинди. Унга кўра,  эндиликда бир неча турдаги қушлар, судралиб юрувчилар, сут эмизувчилар, балиқлар ва умуртқасиз ҳайвонларни овлаш вақтинча таъқиқланади.

 

Мазкур қарор  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”   фармони     ижросини таъминлаш, шунингдек, ҳайвонот дунёси йўқотишларининг ўрнини қоплаш чораларини кучайтириш ҳамда экотизимлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.   Унга кўра,  2026 йил 1 августдан 2028 йил 1 январга қадар тегишли иловага асосан Ўзбекистон Республикасида камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш тақиқланади.  

a5187a2aed70b44d
Хусусан, мамлакат ҳудудида учрайдиган оққуш-кликун, оққуш-шипун, жингалак саққоқуш, қора лайлак, оқбош ўрдак, қизилтомоқ ғоз, оқ пешонали кичик ғоз, бизғалдоқ, Туркистон оқ лайлаги каби 36 турдаги қушлар,   қоплон, сиртлон, қор қоплони, Ўрта Осиё қундузи, Туркистон силовсини, Қорақулоқ, Ҳинд асалхўри, сайғоқ, кўк суғур, қум мушуги, олакўзан, Тян-Шан тоғ қўйи  сингари йигирмага яқин сутэмизувчи ҳайвонлар, Орол мўйлабдори, Орол баҳриси, Амударё кичик куракбуруни, Амударё катта куракбуруни, Чўртансифат оққайроқ, Амударё гулбалиғи каби балиқлар, бўз эчкемар, қум бўғма илони ва шарқ бўғма илони каби судралиб юрувчилар  ҳамда       умуртқасизлар вакили ҳисобланган Туркистон қисқичбақаси қўшимча муҳофазага олинган ҳайвонлар рўйхатига киритилди.

V-g_zomU__HnKUH5lbWlodriFQla8WCa-1
Қарор ижроси доирасида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси 2026 йил 1 августга қадар Фанлар академияси ҳамда Балиқчилик илмий-тадқиқот институти билан биргаликда дарё ва сойлардаги ихтиофауна ҳолатини пухта ўрганган ҳолда, уларда кўпайтириш тавсия этиладиган балиқларнинг турлари рўйхатини тасдиқлайди. Тегишли иловага асосан  2026 — 2030 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда   республиканинг марказий шаҳарларидан оқиб ўтувчи дарё ва сойларни ҳар йили жами 15 тоннадан кам бўлмаган миқдорда чавоқлантириш орқали уларнинг ихтиофауна популяциясини қайта тиклаш чораларини кўрилади.  Бунда дарё ва сойларни чавоқлантириш билан боғлиқ харажатлар Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили молиялаштирилади. 4R1ZSq16231403668064_l
Бу борада Фарғона вилоятининг Фарғона ва Марғилон шаҳарларидан оқиб ўтувчи Марғилонсой ҳамда Бешолишсой сув ҳавзаларига салкам икки тонна миқдордаги чавоқлар ташланади ва уларнинг ихтиофаунасини қайта тиклаш тадбирлари олиб борилади.  Шунингдек, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ушбу қарор ижросини таъминлаш доирасида ноқонуний ов қилиш ва браконьерлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича назорат тадбирларини кучайтиради. Ушбу қарор мазмун-моҳияти ва аҳамияти Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда бошқа қатор оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва расмий веб-сайтларда кенг ёритилишини таъминланади. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштиради. -yXG0zuR19wYwnrM-CUsA3RnS-xQT8Fv
Бундан ташқари, қарор  асосида унда белгиланган   камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ов қилишга доир  чеклов фермалар, питомниклар, инкубаторлар, балиқчилик питомниклари ва ҳовуз хўжаликларида сақланаётган ва ёки етиштирилаётган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш, шунингдек, илмий ва тиббий мақсадларда фойдаланиш учун ов қилишга нисбатан татбиқ этилмайди. Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни шакллантириш ва тақсимлашда ов қилиш тақиқланган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонлар турларига нисбатан квота ажратилишига йўл қўйилмайди.  

Зафарбек Раҳмонов,

Фарғона вилояти экология ва иқлим ўзгариши 

бошқармаси “Био мерос” умуммиллий лойиҳасини 

амалга ошириш, биохилмахилликни асраш ва 

кадастрини юритиш шўъбаси бўлим бошлиғи.