УЧҚЎРҒОН – ФАЙЗЛИ МАСКАН
Бутун Учқўрғонда ҳам ободончилик, бунёдкорлик, яратувчилик ишлари кенг қулоч ёзмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар, кўча ва гузарларнинг ташқи қиёфаси кескин ўзгариб боряпти. Олиб борилаётган ислоҳотлар замирида обод ва озод юртимиз аҳолисининг турмуш фаровонлигини янада юксалтириш кўзда тутилган. Бунинг учун аввало атроф-муҳит саранжом-саришталиги, поклиги муҳим ўрин тутади.
Бизнинг туман ободонлаштириш бошқармасида мана шу вазифага масъул бўлган 276 нафар ходим меҳнат қилишади. Улар туман маркази – Учқўрғон шаҳри, Қўғай, Қайқи, Янгиобод, Яшиқ каби олтмишдан зиёд маҳаллалар ободлиги учун тиним билишмайди. Марказий ва маҳалла кўчалари, корхона ва ташкилотлар атрофи, гузар ва ҳиёбонлар, дам олиш масканлари ҳудудидаги гулзорлаштириш, ободончилик, саранжом-саришта сақлаш тадбирлари йил ўн икки ой давом этади. Бунда доимий фаол бўлган Юлдуз Машрабова, Равзахон Усмонова, Марҳабо Эргашева ҳамда Барно Тўхтапўлатова сингари жонсарак ходимларимиз номини мамнуният билан таъкидлаш жоиз. Айнан шундай ишчилар меҳнати сабаб бугун Учқўрғон шаҳри ҳамда қишлоқларимиз гулларга бурканди. Уларнинг чиройи ҳар қандай кишига ўзгача завқ бағишламоқда.
Ободончилик бир кунлик ёки мавсумий иш эмас. Ходимларимиз хоҳ ёз бўлсин, хоҳ қишнинг қировли кунлари бўлсин кўчалардаги саранжом-саришталикка масъулдирлар. Бундан ташқари жойларда экилган дарахт ва гул кўчатлари парвариши ҳам бизнинг зиммамизда. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туманда экилган дарахт ва гул кўчатлари парвариши алоҳида эътиборга олинган. Чунки, бугунги ёз чилласида авжига чиққан жазирама ҳарорат ҳар бир кўчатга алоҳида эътибор қаратишни талаб қилмоқда.
Бу борадаги ишларнинг барчаси туман ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳи назоратида. Ушбу гуруҳ томонидан барча ташкилот ва муассасалар, меҳнат жамоаларининг ўз ҳудудлари, йўл бўйларини ободонлаштириш, бегона ўтлардан тозалаш, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда уларга туташ ҳудудларни тартибга келтириш, бозорлар ва маҳаллалардаги кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам ўрганиб, таҳлил этилади. Ободонлаштириш ишлари сифати ва суратини ошириш, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш юзасидан барча мутасаддиларга тегишли топшириқлар кўрсатиб ўтилади.
Бошқарма ихтиёрида 2016 йилда фақатгина 1 та енгил автомашина бор эди. Бугун уларнинг сони кўпайди ва 10 махсус автомашинадан фойдаланаяпмиз. Куни кеча эса давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 июлдаги “Аҳоли пунктларини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси асосида умумий қиймати 1 миллиард 200 минг сўм бўлган янги автоминора машинаси ҳам келтирилди. Бу кўтарма автомашина энди кўча бўйларидаги ёриткичларни таъмирлаш, дарахтларга шакл бериш ва бошқа мураккаб жараёнларда ғоят қўл келади.
Мухтасар қилиб айтганда, кун сайин чирой очиб бораётган Учқўрғоннинг гуллаб-яшнашида биз – туман ободонлаштириш бошқармаси ходимларининг ҳиссаси катта. Негаки, бу эзгу иш, савобли иш, барокатли иш. Юрт қанчалик обод бўлса, барака шунчалик бардавом бўлади, фаровонлик ҳукм суради. Шаҳар ва қишлоқлар янада файзли бўлиб бораверади.
Ботиржон Болтабоев,
Учқўрғон тумани ободонлаштириш
бошқармаси бошлиғи.