ТААССУРОТЛАРГА БОЙ ТАДБИР

ТААССУРОТЛАРГА БОЙ ТАДБИР

1971 йил 2 феврал куни Эроннинг Рамсар шаҳрида халқаро аҳамиятга эга, асосан сувда сузувчи қушларнинг яшаш макони бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлар тўғрисидаги Конвенция имзоланди. Шундан бери ҳужжат имзоланган кун, яъни 2 феврал –  “Жаҳон сувли-ботқоқли ҳудудлар куни”  сифатида кенг нишонланадиган бўлди.

photo_2024-02-01_18-27-29
Бугунги кунда 172 та мамлакат Рамсар конвенцияси томонлари ҳисобланади. Халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқли ҳудудлар рўйхатига умумий майдони 255 миллион гектар бўлган 2435 та сувли-ботқоқли комплекслар киради. 

Ўзбекистон Республикаси мазкур конвенцияга 2002 йилда аъзо бўлган. Мамлакатимиз ҳудудида жойлашган Денгизкўл, Aйдар-Aрнасой кўллар тизими ҳамда Қуйимозор ва Тўдакўл Рамсар конвенцияси рўйхатига киритилган.

Экологик барқарорлик экологик таълим-тарбиядан бошланади. Зеро, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама баркамол ва улар онгига  атроф табиий муҳитига нисбатан меҳр-муҳаббат туйғуларини сингдирган ҳолда тарбиялаш бугунги куннинг асосий  вазифасидир. Шу боис ҳар йили Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитин муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан шу сана муносабати билан туркум тадбирлар ўтказилади. Бошқарманинг шаҳар ва туман инспекциялари томонидан жойлардаги умумтаълим мактаблари,  олий ва ўрта-махсус таълим масканларида қатор учрашувлар ташкил этилади. 

photo_2024-02-01_18-27-34
Aйтиш лозимки, экологик муаммоларнинг тобора глобал аҳамият касб этиб бораётгани инобатга олиниб мамлакатимизда муҳим устувор вазифалар билан бир қаторда атроф-муҳит муҳофазаси, экологик маданият, экологик таълим-тарбия ва маърифат масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йил 29  январда   бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам аҳолининг экологик маданиятини оширишга яна бир бор эътибор қаратди. Aлбатта, бу жараёнда ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, дахлдорлик ҳисси билан уйғун ҳолда таълим-тарбия бериш муҳим аҳамиятга эга. Шуларни инобатга олган ҳолда Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Фарғона шаҳридаги “Ўлкашунослик музейи”да шаҳардаги мактаб ўқувчилари иштирокида “2 феврал – Сувли -ботқоқли ҳудудлар куни” мавзусида экологик тадбир ўтказилди. Тадбирда ўқувчилар музей бўлимларига экскурсия қилиш билан бирга, бошқарма ва музей ходимлари томонидан Ўзбекистондаги сувли-ботқоқли ҳудудлар ва улардаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳақида қизиқарли маълумотлар билан атрофлича таништирилди. 

photo_2024-02-01_18-27-41

photo_2024-02-01_18-27-38

Она табиатимизнинг  турфа кўринишларини ўзида акс эттирган  экспонатлар билан яқиндан ўрганиш ўқувчи ёшларда катта таассурот қолдирди.  Ташкилотчилар эса эндиликда бу  каби мазмунли тадбирларни тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинди. 

 

 

Гулноза Тўхтасинова, 

Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни 

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгарариши 

бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.