ТАБИАТГА ҲУРМАТСИЗЛИК КЕЛАЖАККА ХИЁНАТ ДЕМАК

ТАБИАТГА ҲУРМАТСИЗЛИК КЕЛАЖАККА ХИЁНАТ ДЕМАК

Андижон вилояти экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Балиқчи туман бўлими ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида   қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ва уларга  тегишли чоралар кўрилди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бу вазиятнинг бош сабаби аҳоли ўртасида экологик маданиятнинг етишмаслигидир.

 

Бўлим мутахассилари йилнинг ўтган даврида асосий эътиборни атроф-муҳит ифлосланиши олдини олиш, чиқиндиларни бошқариш, атмосфера ҳавосига ташланаётган зарарли моддалар миқдорини камайтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ва қайта тиклаш, дарё ва сойлар сувларини ҳамда ерларни ифлосланишига йўл қўймаслик юзасидан тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратдилар. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони асосида белгиланган атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишлари профилактикаси, уларни аниқлаш ва олдини олишнинг самарали механизмларини жорий этиш, республика аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолати учун давлат органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар мутасаддилари, фуқароларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш вазифаси бош мақсад қилиб белгилаб олинди.

CZ3B7947

Табиийки, бу борада аввало аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги, экологик маданиятни ошириш муҳимдир. Шу боис, бўлим ходимлари йил бошидан корхона ва ташкилот, меҳнат жамоалари, ўқув юртларида бўлиб 115 марта  турли учрашув ва давра суҳбатлари ташкил қилдилар. Электрон ва босма оммавий ахборот воситаларида 26 марта амалий чиқишлар қилинди. Бу тадбирларда мамлакатимизда соҳага доир қабул қилинган қонунлар тарғиботи, экологик маданиятни юксалтириш борасидаги мавзуларга кенг ўрин берилди.

CZ3B7958

Жорий йилнинг ўтган олти ойи таҳлиллари шуни кўрсатадики, ҳамон табиатни муҳофаза қилиш борасидаги қонунларни етарлича билмайдиган, билса-да менсимайдиган юртдошларимиз йўқ эмас экан. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”гиқонунини бузган 2 нафар шахсга нисбатан 10 миллион 200 минг сўммаъмурий жарима  қўлланилди. Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунига амал қилмаган  39 нафар ҳуқуқбузарлар эса 17 миллион 340 минг сўмлик  маъмурий жаримага тортилди. Жумладан, 60 нафар ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги  қонунини бузганлиги учун 15 миллион 696 минг сўм  жарима қўлланилди.

photo_2024-06-18_22-35-58

Афсуски, бу каби ҳолатларни сув ресурсларига нисбатан эътиборсизлик мисолида ҳам кўриш мумкин. Амалдаги йилнинг ўтган олти ойи мобайнида 12 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги  қонуни талабларини бузганлиги боис  уларга 14 миллион 620  минг сўм миқдорида жарима расмийлаштирилди.   

photo_2024-08-22_10-51-41

Бу каби кўнгилсизликларни ердан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш  борасида ҳам учратиш мумкин. Шу боис ҳозирда экологларимиз туман прокуратураси, ички ишлар бўлими ҳамда Миллий гвардия бўлинмаси ходимлари билан ҳамкорликда жойларда кундузги ва тунги рейдларда иштирок этишмоқда.  Жараёнда табиатга оид қонунбузарликларни олдини олиш билан бирга аҳоли ўртасида экологик маданият  тарғиботига алоҳида эътибор қаратиляпти. 

 

Азимжон Алиев, 

Андижон вилояти экология, атроф муҳитни 

мухофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси 

Балиқчи туман бўлими бошлиғи. 

Исломбек Мўминов,

бўлим инспектори.