«ЯШИЛ МАКОН» ВА «ЯШИЛ МАҲАЛЛА»

«ЯШИЛ МАКОН» ВА «ЯШИЛ МАҲАЛЛА»

Жорий йилнинг 23 сентябрида давлатимиз раҳбари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Ушбу ҳужжат ўз мазмунига кўра, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижросини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. 

Фармон учта устувор мақсадга асосланган бўлиб, унга кўра, аввало маҳаллаларда яшиллик даражасини оширишда ҳар бир одам учун 3 та дарахт, 30 фоиз дарахт сояси, 300 метр атрофида яшил ҳудуд бўлишини таъминлашни назарда тутувчи “3-30-300” халқаро стандарти жорий қилинади. Шунингдек, 2030 йилга қадар мамлакатимиздаги яшил боғлар ва яшил жамоат парклари сонини 1023 тага етказиш, 2026 йилда “Яшил макон” доирасида куз мавсумида 257 та яшил боғ ва яшил жамоат парклари яратиш, 2030 йилга қадар ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 тадан умумий узунлиги 10 километрдан кам бўлмаган сояли сайр кўчалари яратиш кўзда тутилган.19556447_0_160_3072_1888_1920x0_80_0_0_f4b2ca9e0eea723a6187de8d3c1f29d7

Мазкур ҳужжат  ижроси доирасида жойлардаги ободончилик тадбирларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, жорий йил  1 октябрдан бошлаб республикада тозалик ва озодалик долзарб икки ойлиги ўтказилади. Ушбу даврда ариқлар, зовурлар, каналлар ва умумий фойдаланишдаги ҳудудларни чяиқиндилардан тозалаш, зарур ҳолларда уларни таъмирлаш ва ёғингарчиликларга тайёрлаш ишлари амалга оширилади. Аҳоли пунктлари, маҳаллалар, кўп қаватли уйлар  атрофи ва ижтимоий соҳа объектлари, автомобиль йўллари ва бошқа жамоат жойларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва санитария ҳолатини яхшилаш ишлари ташкил этилади. Кўчалар, хиёбон ва йўлак ва аҳоли яшаш жойлари атрофида  тўпланган маиший, қурилиши ва бошқа чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш чоралари кўрилади. 

photo_2026-09-30_10-33-32

Шу билан бирга 1 октябрдан яшил ҳудудлар жойлашуви аниқланади, ерлар тайёрланади, кўчат ва буталар захираси яратилади. 2026 йил 1 ноябрдан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда, 2026 йил 5 ноябрдан Бухоро ва Навоий вилоятларида, 2026 йил 10 ноябрдан Aндижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида, 2026 йил 20 ноябрдан эса Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида кўчат ва буталар экиш мавсуми бошланади.

Фармонда таъкидланган яна бир асосий вазифа – 2027 йил 1 январдан “Яшил маҳалла” лойиҳаси доирасида “Маҳаллани яшиллаштириш” пакети жорий қилинади. Лойиҳа доирасида маҳаллаларга ўрмончи-мураббий ходим бириктирилади. “Маҳалла еттилиги” аъзолари ҳар экиш мавсуми олдидан ўқитилади. Фуқароларга дарахт ва буталарни экиш, суғориш, мулчалаш, компост тайёрлаш, дарахтни парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш борасида маълумот берилади. 2026 йил куз мавсумидан бошлаб ер майдони чекланган маҳаллаларда, кўп квартирали уйлар оралиғида, мактаб ва боғчалар ҳовлиларида маҳалла микроўрмонлари ташкил этилади. Бунда 200-1000 метр квадрат майдонда ҳар бир метр квадратга камида 2 та дарахт ва бута кўчатини зич экиш усули (қатламлаб) қўлланади. Ер ажратиш имконияти бўлмаган ёки бетон ва асфальт қопламали ҳудудларда жамоатчилик кичик боғлари ташкил этилади.

Бундан кейин экилган ҳар бир кўчат  парваришага, унинг яшаб кетишига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун ботаника ва дендрология боғлари, ўрмон хўжаликлари, йирик яшил ҳудудлар ва ободонлаштириш бошқармалари ҳудудларида компостлаш ва мулчалаш тизими йўлга қўйилади. Бунда санитария ва гидродеологик шароити мос жойларда узунлиги 12 метр, эни 4 метр ва чуқурлиги камида 1 метр бўлган хандақлардан фойдаланилади. Намлик ҳар 15 кунда текширилиб, 70 фоиз атрофида сақланади. Тайёр компост ва мулча биринчи навбатда тегишли ҳудуднинг очиқ тупроқ майдонларини қоплаш ва парваришлашга йўналтирилади.

Бундан ташқари, аҳолининг яшил боғларни яратиш бўйича талаб ва таклифларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2027 йил 1 январдан “Яшил лот” тизими жорий қилинади. Бунда мавжуд ер участкалари жисмоний ва юридик шахсларга яшил боғ барпо этиш учун берилади. Бунда ажратилган ҳудуд мулк сифатида ўтказилмайди, қурилиш қилиш ва бошқа фаолият турлари тақиқланади. 2028 йил 1 сентябрга қадар иқлим шароитидан келиб чиқиб, республиканинг ҳар бир ҳудудининг иқлимий-географик зоналарига мос дарахт ва бута кўчатларини етиштиришга ихтисослашган 1 тадан “ин-витро” лабораториялари ташкил этилади. Лабораторияларда сувсизлик, шўрланиш, юқори ҳарорат, касалликларга чидамли ва қум-чанг кўчишининг олдини олишга хизмат қилувчи дарахт ва бута турлари кўпайтирилади. Барча ҳудудларда замонавий кўчатхона ва кўчат савдоси бўйича ташриф марказлари ташкил қилинади. 

Маълумки, ҳар бир эзгу ташаббус аввало маҳалладан бошланади ва кенг ёйилади. Президентимизнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони атроф-муҳит муҳофазаси, борлиқни яшилликка буркаш, юрт ободлиги ва аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтиришда муҳим қонуний асос, амалий ташаббускорлик ҳамда юртдошларимиз қалбида табиатга нисбатан меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

 

Жамшид Алишеров,

Фарғона вилояти экология ва иқлим 

ўзгариши бошқармаси “Яшил макон” умумхалқ 

лойиҳасини амалга ошириш  ҳамда ўрмон

ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни 

ривожлантириш шўъбаси бошлиғи. 

Зайнура Аҳмедова,

Фарғона вилояти экология ва иқлим 

ўзгариши бошқармаси “Яшил макон” умуммиллий 

лойиҳасини амалга ошириш ва ўрмон ҳамда 

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни 

ривожлантириш шўъбаси бош мутахассиси.