“СЕН МЕНГА ТЕГМА, МЕН СЕНГА...”
Поклик элимизнинг азалий қадриятларидан бири. Хусусан, аждодларимиз юрт ободлигига алоҳида аҳамият беришган. Фарзанд тарбиясида ҳам тозаликка эътибор асосий жиҳатлардан саналган. Айниқса. кўча ва сувга ахлат тўкиш ғоят тарбиясизлик ҳисобланган. Таассуфки, бугун айрим ҳолатларда мана шундай қўпол кўринишларга гувоҳ бўляпмиз.
Табиийки, бу вазиятга асло тоқат қилиб бўлмайди. Шу боис Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқарамасининг Улуғнор тумани бўлими, туман ҳудудидаги чиқиндиларни ташиб кетишга масъул бўлган “Фиорензо” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Миллий гвардия” туман бўлинмаси ходимлари ҳамкорлигида Улуғнор тумани марказидаги қатор маҳаллаларда юзага келаётган ноқонуний чиқиндихоналарни бартараф этиш юзасидан назорат-тарғибот ишлари олиб борилди.
Жумладан, Шаҳрибод маҳалла фуқаролар йиғини, Шерозий кўчасидаги кўп қаватли уйлар ёнида махсус чиқиндихона ташкил қилинган бўлишига қарамай, айримлар ахлатни шундоқ кўча бўйига ташламоқда. Ундан келаётган қўланса ҳид аввало шу уйларда яшовчиларнинг соғлигига таъсир қилса, иккинчидан бу ҳолат уларнинг лоқайдлиги, экологик маданиятга нисбатан қанчалар эътиборсиз эканлигини намоён қилади.
Аслида кўча бўйида пайдо бўлган ушбу ноқонуний чиқиндихона кеча бартараф этилганди, ходимлар тўпланган ахлатни тозалаб, ўрнини текислаб кетишганди. Шунингдек, ҳудуддаги фуқаролар билан тегишли суҳбат, тушунтириш ишлари ҳам олиб борилганди. Аммо, натижа кутилганидек бўлмади. Шу боис алоқадор ташкилотлар такроран маҳаллага ташриф буюришди. Вазият маҳалла фаоллари, фуқаролар билан яна бир бора муҳокама қилинди.
Маҳалладаги “Ўзбегим” кўчасидаги кўп қаватли уйлар орасида ҳам ноқонуний чиқиндихона пайдо бўлган. Мазкур уйларда яшовчи аҳоли вакиллари бу ерга ахлат тўкмаганликларини таъкидлашади. Ким билан суҳбатлашсангиз афсус билан бош чайқайди. Лекин, бу ерда ҳар куни каттагина ахлат уюми пайдо бўлиб қолаверади. Айбдор йўқ, аммо ноқонуний чиқиндихона бор. Ҳолбуки, ушбу манзилда, кейинги уй ортида замонавий чиқиндихона қуриб қўйилган. Оралиқ масофа юз метр ҳам келмайди.
Ҳудуднинг “Соҳилбўйи” кўчасидаги вазият ундан ҳам аянчли. Бу ердаги кўп қаватли уйлар ёнига чиқинди қутиси қўйилганига қарамай ахлат дуч келган томонга ирғитилади. Чиқинди қутисининг уйлардан узоқлиги йигирма метр, холос. Ҳаттоки, кўп қаватли уйлар орасида ҳам ҳар хил чиқиндилар сочилиб ётибди. Одамлар лоқайд, эътиборсиз. “Сен менга тегма, мен сенга” қабилидага ҳаёт тарзи ҳудуд ободлигига путур етказмоқда.
Бу галги ўрганиш давомида назорат тадбири ташкилотчилари аҳоли вакилларига ноқонуний чиқиндихоналар ташкил қилиш, белгиланмаган жойга ахлат тўкишнинг салбий оқибати ҳақида атрофлича маълумот бердилар. Айни вазият нафақат соғликка, балки чўнтакка ҳам яхшигина зарар етказади. Чунки, эндиликда белгиланмаган жойга чиқинди ташлаган фуқаролар тегишли тартибда жавобгарликка тортилади. Уларни аниқлаш учун мазкур ҳудудларга кузатув камералари ўрнатилади. Маҳаллада яшовчи фуқаролар орасида жамоатчилик назорати йўлга қўйилади. Ҳудуд тозалигига доимий эътибор қаратган, кўнгилсиз ҳолатларга нисбатан муросасиз бўлган фаоллар эса масъул ташкилотлар томонидан рағбатлантириб борилади. Ажаб эмаски, шу чора ўз фойдасини берса, ими-жимида тўғри келган жойга ахлат ирғитадиган кимсалар ҳам инсофга келса.
Мухтасар қилиб айтганда, тозалик, саранжом-саришталик соғлом турмуш тарзининг асоси, юрт ободлигининг гарови. Шунинг учун ҳам жойларда ноқонуний чиқиндихоналарнинг олдини олиш борасидаги ишлар асло сусаймайди. Зеро, пок жойдан барака, обод манзиллардан файз аримайди.
Исақжон Маҳмудов,
Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқарамасининг Улуғнор тумани бўлими бошлиғи.
Қодиржон Шералиев,
“Фиорензо” масъулияти чекланган жамияти раиси.