ҚОРОНҒУДАГИ ШАРПАЛАР

ҚОРОНҒУДАГИ ШАРПАЛАР

Юртдошларимизга маълумки, бугун табиат муҳофазаси соҳасида олиб борилаётган тадбирлар  кўлами кенгайди. Эндиликда экологлар прокуратура, ички ишлар, Миллий гвардия билан ҳамкорликда доимий қўшма рейдлар ўтказиб бормоқда. Бундай тадбирлар нафақат кундузи, балки тунги вақтларда ҳам ташкил этиляпти. 

Таажжубки,  вилоят прокуратураси ҳамда вилоят экология, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши бошқармаси Риштон туман бўлими давлат инспекторлари ҳамда ички ишлар бошқармаси биринчи минтақавий ҳудуд патрул-пост хизмати,  Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида  ўтказилган навбатдаги мана шундай тунги рейд тадбири унинг иштирокчиларига хотиржамлик бахш этмади. 

photo_2024-05-08_09-03-43
Қоқ ярим тун, борлиқ сукунатга чўмган паллада туманнинг «Тошоғалик» маҳалласи ҳудуди хизмат олиб бораётган ходимлар кутилмаганда қоронғуда бежо ҳаракатланаётган кимсаларни пайқаб қолишди. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида олиб борилган ҳаракатлар натижасида икки фуқаро шу ердан ўтган катта автомобил йўли четига қаттиқ маиший чиқиндиларни ташлаш билан овора эканлигини маълум бўлди. Табиийки, тездагина мазкур фуқароларнинг  шахси аниқланди.Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 91¹-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Тундаги шарпаларнинг ҳар бирига 340 000 сўмдан, жами -  680 000 минг сўм миқдорида жарима белгиланди. Бугина эмас, ҳуқуқбузарлар томонидан тўкилган чиқиндилар шу ернинг ўзида бартараф этилди. 

photo_2024-05-08_09-03-44

Эндиликда ушбу фуқаролар бундай ҳуқуқбузарликни қайта такрорламасалар керак. Зеро, шундай бўлиши ҳам шарт. Хоҳ  кундузи, хоҳ  тунда бўлсин атроф-муҳитни ифлослантиришга бўлган интилиш асло инсонийликка тўғри келмайди. Буни англаб етиш учун  олим бўлиш ҳам талаб этилмайди.  Фақатгина табиатни севиш, унинг табиий ва моддий бойликларини асраб-авайлаш керак, холос. 

Исломбек  Жўрабойзода,

Риштон тумани экология, атроф-муҳит ва 

иқлим ўзгариши бўлими бошлиғи.