ҚОНУНЛАР ТАРҒИБОТИ ДАВОМ ЭТАДИ

ҚОНУНЛАР ТАРҒИБОТИ ДАВОМ ЭТАДИ

Аҳамиятли жойи шундаки, бугун аксарият юртдошларимиз мамлакатимизда қабул қилинган қонунларни пухта ўқиб ўрганяпти  ва ўзининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб боряпти. Бу жуда яхши. Жумладан, яқинда бизнинг   Риштон тумани экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлимига туманнинг “Гулистон” маҳалласида яшовчи фуқаро мурожаат қилиб, бир ой аввал хонадонига яраланган лайлак қуши келиб қолгани, уни ўзи яшаб турган уйнинг ҳовлисига олиб келиб парваришлагани ва ҳозирда қушни ҳолати яхшилангани боис давлат инспекторларига топширишини билдирди. Ходимлар томонидан ҳолат ўрганилиб, тегишли далолатнома тузилди. Шундан сўнг ушбу оқ лайлак Фарғона ҳайвонот боғига олиб бориб топширилди. Албатта, юртдошимизнинг ёввойи табиат вакилига нисбатан бундай эътибори таҳсинга лойиқ.

photo_2024-02-26_10-13-36
Лекин, туманнинг Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи бошқа юртдошимизнинг қилмишини афсус билан таъкидлаш жоиз. Чунки,  у  билибми, билмайми табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунни бузилишига сабабчи бўлган. Гўёки, атроф муҳитни тозалашни мақсад қилган бу шахс йўл бўйида йиғилиб қолган барг ва хазонлар, хас-ҳашакларни тўплаб ёқиб юборган. Бунинг учун унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 88-моддаси 3-қисмига кўра  моддий жазо –   1020000 сўм жарима қўлланилди. 

photo_2024-02-16_16-42-53
Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, бугун мамлакатимиз катта бунёдкорлик майдонига айланди. Бири-биридан кўркам бинолар, турар-жойлар, саноат корхоналари, фабрика ҳамда заводлар барпо этиляпти. Айниқса, Фарғона  водийсидаги қурилиш майдонларида Риштонда ишлаб чиқарилаётган пишган ғиштларга талаб катта. Сабаби тупроқ таркибига кўра Риштон ғиштлари бошқалардан кўра анча сифатли, пишиқ, шўр ва емирилишга мойил эмас. Аммо, бундай бозорбоп маҳсулотни ишлаб чиқарувчилар – тумандаги ғишт заводи эгалари ҳам жараёнда табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидига қонунларга қатъий амал қилишлари лозим. Шу боис, бўлимимиз ходимлари вақти-вақти билан мазкур корхоналарга бориб, жамоа ўртасида зарур тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришяпти.

CZ3B7722
Яна бир муҳим масала. Бугун туманимизда “Яшил макон” умумиллий лойиҳаси доирасида ўтган йилнинг кузи ва жорий йил кўкламида экилган  дарахтлар парвариши, уларни суғориш тадбирлари доимий назоратга олинган. Хусусан, баҳорда туманимиздаги кўча ва йўл бўйлари, маҳалла ва гузарлар, корхона ва ташкилотлар атрофи, дала ва ариқ бўйларига экилган 586  минг туп кўчатнинг ҳар бирига алоҳида эътибор қаратиляпти. Уларни вақти-вақти билан суғориш тадбири сифатли ўтказиляпти.

photo_2024-03-06_12-02-16-2
Шунингдек, ўтган куни туманимиз маркази ва атроф кўчаларида  вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг Риштон туман бўлими, туман ободонлаштириш бошқармаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 17 июнь –  “Бутунжаҳон чўлланишга қарши курашиш” куни муносабати билан  амалий тадбир ўтказилди. Унда туманнинг барча ҳудудларида мавжуд дарахтлар ва гул кўчатларини қондириб суғорилди. Бунинг учун бир нечта махсус техника, юзлаб ишчи-хизматчилар сафарбар этилди.

photo_2024-06-13_16-42-47-1
Табиийки, ушбу тадбирлар ўзининг самарасини беряпти. Риштон – водий гавҳари, янада гўзал ва кўркам масканга айланиб боряпти. Аслида мақсадимиз ҳам шу. Ҳар бир юртдошимиз қонунларни билса, ҳурмат қилса табиат ва жамиятга бирдек манфаатли бўлади. Шундай экан, биз бу борадаги тарғибот ишларини давом эттираверамиз.

Ёрқинбек Носиров, 

Риштон тумани экология, атроф-муҳитни 

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши 

бўлими инспектори.