ҚОНУНБУЗАРЛИК ЖАВОБСИЗ ҚОЛМАЙДИ

ҚОНУНБУЗАРЛИК ЖАВОБСИЗ ҚОЛМАЙДИ

Битта дарахтни кўкартириб вояга етказиш учун бир неча ўн йиллар керак бўлади. Уни кесиб яксон қилиш учун эса атиги бир соат кифоя. Айни шу ҳолат кишини ташвишга солади. Чунки, табиатга нисбатан беаёв муносабат натижасида дарахтзорлар камайиб, яшилликка путур етиб,  атмосфера ҳавосидаги зарарли газлар миқдори ортиб боряпти. Шу боис мамлакатимизда дарахт кесишга нисбатан муддатсиз мораторий эълон қилинди. 

photo_2024-02-01_18-09-09
Афсуски, қонунларга нисвсбатан эътиборсизликми ёки экологик маданиятнинг етишмаслиги сабабми жойларда дарахт кесиш билан боғлиқ аянчли ҳолатлар учраб турибди. Хусусан, Aндижон вилоят прокуратураси, вилоят  Миллий гвардия бошқармаси ҳамда вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан Асака туманида ўтказилган галдаги назорат рейд тадбири пайтида мана шундай ҳунук ҳолатга гувоҳ  бўлинди.  Хусусан, тумандаги  Янгиобод маҳалла фукқаролар йиғини  ҳудудида айрим шахслар томонидан кўп йиллик 6 туп  чинор  дарахтлари кесиб юборилган. 

photo_2024-02-01_18-09-03
Ўтказилган суриштирувлар давомида,мазкур чинор дарахтларини  кесиш юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли рухсатнома олинмаган. Бу эса Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни талабларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Айни қонунбузарлик натижасида  ўсимлик дунёсига 317 050 000 сўм  миқдорида зарар етказилган.

photo_2024-02-01_18-09-06
Албатта, бу ғоят қўпол равишдаги қонунбузарликдир.  Шу боис мазкур ҳолат юзасидан  Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида  жиноят иши қўзғатилди. Унга кўра чинорларга қирон келтирган шахслар қонун олдида жавоб берадилар. 

 

Лочинбек Исамуддинов,

Aндижон вилояти экология, атроф-муҳитни 

муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси 

матбуот хизмати раҳбари.