ҚАБРИСТОН ЁНИДАГИ ЧИҚИНДИХОНА

ҚАБРИСТОН ЁНИДАГИ ЧИҚИНДИХОНА

Лоқайдлик одамзотга хос энг ёмон қусурлардан бири. Айнан шу иллат жамиятдаги кўплаб муаммоларга сабаб бўлади. Жумладан, унинг салбий таъсири эндиликда табиатга ҳам жиддий зарар етказа бошлади. Буни Бўстон туманидаги қабристон ёнида пайдо бўлган ва эндиликда бартараф этилган ноқонуний чиқиндихона мисолида кўриш мумкин. 

 

Мазкур чиқиндихона тумандаги Нурафшон ва Гулистон маҳалла фуқаролар йиғини чегарасида жойлашган қабристон ёнида  пайдо бўлди. Табиийки, бунинг учун бир кун  ёки бир ой вақт керак бўлмаган. Анчадан бери атрофга ҳунук манзара касб этаётган ахлат уюмларининг кўпайиб бориши на маҳалла фаоллари, на жамаотчилик вакиллари, на бу ҳолатни назорат қилувчи органлар  ва на ободлантириш  ҳамда санитар-тозалов корхоналар  мутасаддиларининг эътиборига  тушмаган. Тушган бўлса-да, ўша ҳолат – лоқайдлик вазиятни янада жиддийлашувига хизмат қилди. 

CZ3B7823

Тўғри, бу ерга ахлат узоқдан келмайди. Мана шу яқин атрофдаги фуқаролар бу ишнинг асосий “қаҳрамон”лари ҳисобланади. Бунинг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Аввало, кишиларда экологик маданият етишмаслиги биринчи сабаб. Иккинчиси эса, бу ишга масъул бўлган ободонлаштириш ва санитар-тозалов корхоналарининг  масъулиятсизлиги. Негаки, бу ташкилотлар бугун фақат туман марказларинигина гуллатиш билан овора. Салгина четроқ, олисроқ қишлоқ ва манзилларга борганингиз сари ҳолат ўзлигини аён қилади. Янада қизиғи, туманда бу вазиятни назоратга оладиган бирор масъул йўқки, чиқиндилар кун сайин кўпайиб бораверади.  

CZ3B7829

Аслида қабристонлар ҳудудидаги  тозалик ва саранжомлик, кўкаламзорлаштириш ишлари биринчи галдаги вазифа бўлмоғи лозим. Лекин, ҳозирда   Нурафшон ва Гулистон маҳаллалари  қабристонлари ёнидаги ноқонуний чиқиндихона  атрофга бадбўй ҳид таратаётганига  эътиборсизликни қандай баҳолаш мумкин? Аксинча, бу жойлар энг обод, ҳудди марказдаги каби гулу-райҳонлар билан бурканган, кўркам бўлиши керак эмасми?  Энг ачинарлиси, инсонларнинг сўнгги борар манзили – қабристонлар яқинида шундай ҳолатни юзага келиши маънавиятсизликнинг юқори кўриниши бўла олади.  

CZ3B7898

Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Бўстон тумани бўлими ходимлари бу ҳолатни бартараф этиш учун тезкор чора  кўришди. Бунинг учун маҳалла фаоллари, чиқиндиларни ташиб кетишга масъул ташкилот – Бўстон тумани аҳолисига санитар – тозалов хизмати кўрсатадиган  “Юксак орзу барака” масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари эътибори ушбу масалага қаратилди.   Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2020 йил 29  сентябрдаги “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори,  жорий йил 4 январдаги “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида санитар-тозалов корхоналарига тизимни ривожлантириш, аҳолига хизмат кўрсатиш борасида тадбирлар кўламини ошириш учун етарли шароит яратиб берилган.     Демакки, аҳоли ўртасида етарли тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бориш, чиқиндиларни белгиланган жойларга тўплаш, бу борадаги зарур даражада иш ташкил қилиш учун одамлар орасига кириш мазкур муаммода ечим ҳисобланади.   

CZ3B7899

Маҳалла ва санитар-тозалов корхонаси мутасаддилари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида қабристонлар яқинида юзага келган ноқонуний чиқиндихона бартараф этилди. Зарур техника ва транспорт воситалари ёрдамида ахлатлар юкланди ҳамда белгиланган жойга ташиб кетилди. Бу ерда юзага келган нохуш кўриниш ўрнида яна тоза ва саранжом манзара пайдо бўлди. Эндиги вазифа  ушбу қабристонлар олдида яна шундай  ҳунук ҳолатни юзага келишига йўл қўймаслик. Бунинг учун маҳалла ва жамоатчилик, ҳар бир ҳамқишлоқ  алоҳида масъулият кўрсатиши керак. Шунингдек, Бўстон тумани экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими ходимлари ҳам бу масалани доимий назоратга олади.  

 

Лазизбек   Йўлдошев,  

Бўстон тумани экология, атроф-

муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим

ўзгариши бўлими бошлиғи.