ҲОКИМ ЎРИНБОСАРИ – ТАБИАТ ҲИМОЯЧИСИ
Маълумки, ўтган икки кун давомида давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташриф буюрди ва шаҳар ҳамда туманларда олиб борилаётган амалий ишлар билан яқиндан танишди. Жойлардаги йирик саноат ва энергетика объектлари фаолиятига, қурилишига старт берди. Сафар якунида бўлиб ўтган йиғилишда Фарғонани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Президентимиз ўз ташрифини Қўқон шаҳридан бошлади. Бу ерда янги иш бошлаган Қўқон аэропорти, университет ҳамда йирик кимё саноати корхонаси фаолияти билан танишди. Бағдод тумани ва Марғилон шаҳридаги нуронийлар ҳамда аҳоли вакиллари билан учрашув самимий ўтди. Фарғона шаҳрининг "Янги Ўзбекистон" массивидаги бунёдкорлик ишлари алоҳида эътироф этилди.
Дарҳақиқат, ташрифдан ташрифгача бўлган вақт оралиғида Фарғона вилоятида эътиборга лойиқ бунёдкорлик ишлари бажарилди. Иқтисодиёт, саноат ишлаб чиқариши, ижтимоий-маънавий йўналишлардаги ислоҳотлар самараси яққол бўй кўрсатмоқда. Бунда вилоят миқёсида фаолият олиб бораётган ҳар бир масъул раҳбарларнинг ўз меҳнати, ҳиссаси мужассам.
Жумладан, вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари, вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Ҳуршиджон Аҳмедовнинг табиатни муҳофаза қилиш, экотуризмни ривожлантириш борасидаги фаолияти алоҳида эътироф этилди. У Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигининг “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Мукофотни вазир Азиз Абдуҳакимов топширди.
-Бугун шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, биз табиат олдидаги бурчимизни унутмаслигимиз, уни асраб-авайлашимиз ва келажак авлодларга энг яхши ҳолатда етказишимиз керак, - деди тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов. - Шу боис мамлакатимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз. Бу йўлда фидокорона меҳнат қилаётган соҳа мутахассисларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Маълумки, “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони билан мамлакатимизда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида салмоқли натижаларни қўлга киритган, шунингдек қишлоқ хўжалиги соҳасига оид илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиб, замонавий технологиялардан самарали фойдаланган ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган фуқаролар тақдирланади.

Шунингдек, вазир томонидан яна бир қатор экофаолларга, соҳа ходимлари ва табиат муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган фуқароларга ҳам «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди.
Тадбир якунида сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳуршиджон Аҳмедов эътироф ва эҳтиром учун ўз миннатдорчилигини билдирди ҳамда юрт ободлиги, табиат муҳофазаси, Фарғонани мамлакатимизнинг энг гўзал, бетакрор гўшаларидан бирига айлантириш йўлидаги тадбирларнинг фаол иштирокчиси бўлиб қолишини таъкидлади.
Гулноза Тўхтасинова,
Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси матбуот хизмат раҳбари.