НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИ САМАРАСИ
Aндижон вилояти экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари алоқадор ҳуқуқ тартибот идоралари билан ҳамкорликда вилоятимизнинг шаҳар ҳамда туманларида белгиланмаган жойларга чиқиндиларни ташлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ги назорат тадбирларини олиб боришяпти.
Аҳамиятли жойи шундаки, мазкур назорат тадбирлари нафақат кун давомида балки тунги пайтларда ҳам кучайтирилган тарзда ташкил этиляпти. Боиси, айрим ҳуқуқбузарлар асосан тун қоронғусида ўзларини аслида ким эканлигини намоён қилишмоқда. Яъни, қоронғуда ҳеч ким кўрмайди, деган умидда дуч келган жойга ахлат ташлаб кетишяпти. Ҳолбуки, белгиланмаган жойларга чиқинда ташлаш инсонийликка хос бўлмаган одатдир.

Назорат тадбирлари жараёнида экологлар юртдошларимизга бу ҳақда атрофлича маълумот бериб ўтишяпти. Хусусан, экологик маданиятни тарғиб этиш, шаҳар ва қишлоқларимиз тозалиги, саранжомлиги, экологик вазият, санитария ҳолатини яхшилаш, аҳолининг атроф-муҳит муҳофазасига нисбатан масъулият ҳиссини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Афсуски, рейдлар жараёнида баъзи қоидабузарликлар ҳам учраб қоляпти ва уларга нисбатан белгиланган тартибда тегишли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ўтган куни вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг Избоскан туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбири вақтида туманнинг Бобур, Ойбек номли ва “Янги авлод” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ташлаш ҳолатлари аниқланди. 
Бу борада ҳуқуқбузарлик қилган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 91-моддаси 1-қисми билан 3 та ҳолатда, 79-моддаси 1-қисми билан 1 та ҳолатда маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Мана шундай тадбирлардан яна бири Андижон туманида ҳам ўтказилди. Aндижон вилояти экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ва унинг туман бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ушбу тадбирда тумандаги Қорақалпоқ, “Саноат” ва “Янги тўлқин” маҳалла фуқаролар йиғинидаги экологик вазият ўрганиб чиқилди.

Таассуфки, мазкур ўрганишлар давомида 5 ҳолатда ҳуқуқбузарликлар аниқланди ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 79-моддаси 1-қисми билан 2 нафар фуқарога, 91-моддаси 1-қисми, 91-моддаси 2-қисми ва 88-моддаси 1-қисми билан бошқа қоидабузарларга маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Таҳлилилардан кўриниб турибдики, бу каби назорат тадбирларининг доимийлиги ўз самарасини бераяпти. Шу боис уларни ҳар бир шаҳар ва туман кесимида, маҳаллалар ҳудудида узвий давом эттирилади.
Лочинбек Исомиддинов,
Андижон вилояти экология ва иқлим
ўзгариши бош бошқармаси
матбуот котиби.