НАЗОРАТ ТАДБИРЛАРИ БОШЛАНДИ
Бугундан эътиборан Андижон шаҳри ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 октябрдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан долзарб 10 кунлик тозалик-назорат тадбирлари ташкил этилмоқда.
Вилоят прокуратураси, вилоят экология, атроф-муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси, Андижон шаҳар ҳокимлиги ва вилоят ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати жамоат тартибини сақлаш бошқармаси патрул-пост хизмати батальони, Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирдан мақсад Андижон шаҳар ҳудудида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқубузарликларни аниқлаш ва бартараф этиш кўзда тутилган. Шунингдек, кўп қаватли уйларнинг чиқинди йиғиш майдонларидаги чиқинди қутиларини ўрганиш, ноқонуний чиқиндиларни бартараф этиш, тадбиркорларга ҳамда мутасадди ташкилотлар мутасаддиларига шаҳардаги катта йўл бўйларига аҳоли гавжум жойларга чиқинди қутилари ўрнатиш тартиби бўйича тушунчалар ва огоҳлантиришлар берилади.
Куну-тун давом этадиган долзарб ўн кунликда аҳоли ўртасида ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 октябрдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кенг тарғиб қилинади. Чунки, кундан-кунга обод бўлиб чирой очиб бораётган вилоятимиз марказида эндиликда чиқиндиларни белгиланган жойга ташлаш, экологик маданиятга риоя қилиш ҳам асосий вазифага айланиб бормоқда.
Мазкур қарорга кўра, жойлардаги ободонлаштириш объектлари — кўчалар, айланма кўчалар, йўллар, марказий майдонлар, йўлкалар, кўприклар, туннеллар, йўловчилар ўтадиган ер ости йўллари, фавворалар, ариқлар, каналлар, дарёлар, кўллар ва бошқа сув ҳавзаларининг қирғоқлари, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини ва ҳордиқ чиқаришини қондириш учун фойдаланиладиган объектлар, маданият ва истироҳат боғларида тозаликка риоя қилиш, чиқиндиларни санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектлари — қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва вақтинчалик сақлаш учун, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ фойдаланиладиган чиқинди қутилари, контейнерлар, чиқинди тўплаш шохобчалари, шу жумладан, махсус ажратилган ва жиҳозланган жойларга ташлаш талаб этилади.
Андижон вилояти экология, атроф-
муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши
бошқармаси матбуот хизмати.