МАСЪУЛИЯТ ЗАЛВОРИ ОРТДИ

МАСЪУЛИЯТ ЗАЛВОРИ ОРТДИ

Ўтган куни    давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган тиббиётнинг бирламчи бўғини  ва ихтисослашган муассасаларда хизмат сифатини ошириш, дори воситалари истеъмолини тартибга солиш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселекторда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш масаласига алоҳида урғу берилди.

 

Бизнинг 45-оилавий поликлиникамиз Олтинкўл туманининг Уйшин ҳамда Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинидаги 5760  нафардан зиёд аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатади. Ҳудудимизда 11 кўча  бўлиб, улардаги 962 та хонадонда 1485 оила истиқомат қилади. 2019 йилда қурилиб фойдаланишга топширилган янги, замонавий, барча қулайликларга эга икки қаватли бино маҳалладошларимиз ихтиёрида. Кунлик 40  беморни қабул қилиш имкониятига эга бўлган тиббий масканимизда 6 нафар шифокор ҳамда 22 нафар ўрта тиббиёт ходимлари меҳнат қилишади. Шифокорларнинг учтаси умумий амалиёт шифокори бўлса, яни биттадан УТТ, гинеколог ва стоматолог шифокорларимиз бор. Бошқачароқ айтганда, поликлиникамизда барча турдаги беморларга зарур даражада тиббий хизмат кўрсатувчи мутахассиларга эгамиз. Шунингдек, замонавий тиббий жиҳозлар – янги стоматологик аппаратлар, УТТ, 5 каналли ЭКГ ускунаси, 5 турдаги физиотерапия тиббий ускуналари мавжуд.  Яқиндагина скринингни кучайтириш бўйича янги тиббий жиҳозлар, қондаги қон миқдорини ўлчаш учун  глюкометрлар, семизликка қарши кураш бўйича вазн ўлчаш тарозилари, рақамлаштириш жараёнини янада тезлаштириш учун қўшимча компьютерлар келтирилди.

CZ3B0479

Ушбу шароитлардан самарли фойдаланаётган Мавлуда Комилова, Зайнобиддин Ҳазратқулов, Оятилло Зуҳриддинов сингари шифокорларимиз бутун билим ва салоҳиятини ҳамқишлоқлар саломатлигини сақлашга қаратганлар. Шунингдек, Дилфуза Юсупова, Насиба Худойқулова ҳамда Гулчеҳра Солматова каби тажрибали ҳамшираларимиз ҳам ўз фидойилиги билан эл орасида ҳурмат қозонаётганлардан. Шунинг учун ҳам бугун оилавий поликлиникамиз вилоятдаги намунали шифохоналар қаторидан ўрин олмоқда. Президентимиз йиғилишда Бухоро вилояти мисолида таъкидланганидек, оилавий шифокорлар профиликатика, скрининг ва даволаш билан шуғулланиш ўрнига шифохонага йўналтирувчи “диспетчер” бўлиб қолмаган. Ҳудудимиздаги беморлар бизнинг шифохонани четлаб ўтмайдилар. 

CZ3B0483

Бундан ташқари йиғилишда шифокорларни ўз устида ишлаши, билим ва салоҳиятини муттасил ошириб бориши алоҳида рағбатлантирилиши айтиб ўтилди. Оилавий поликлиникаларда акушер-гинекологлар 2 баробар кўпаяди, Ҳар 3  минг болага 1 тадан янги педиатр штати қўшилади. Мутаносиб равишда шифокорларнинг маоши 1500 долларга, ҳамширалар ойлиги эса 600-800 долларгача кўтарилади. Бу билан нафақат маош миқдори кўтарилади, балки, инсон қадри ошиб боради. Бунинг учун ҳар бир шифокор, тиббиёт ходими доимо изланиши, мавжуд билим ва салоҳиятни ошириб бориши керак. Бу ўз навбатида жамоада соғлом рақобат муҳитини  юзага келтиради. Бундан ташқари, эндиликда оилавий поликлиникаларда шунчаки 0,25 ёки 0,5 ўринда ишловчи тиббиёт ходимлари бўлмайди.

CZ3B0494

Жамоамизда ўз устида ишлаётган, ўқиб-ўрганаётган ва амалда яхши натижаларга эришаётган тиббиёт ходимларимиз етарли. Жумладан, шифохонамизни электрон поликлиника даражасига олиб чиқиш ва тиббий хизмат кўрсатишни рақамлаштиришга масъул бўлган ҳамширамиз Насиба Рустамова нафақат Олтинкўл тумани, балки вилоятимиздаги энг яхши IT ҳамшира сифатида тан олинган. Ҳозирда у вилоятимизнинг қатор шаҳар ва туманларидаги ҳамкасбларига ўз тажрибасини оммалаштириб, ўрта тиббиёт ходимларининг рақамлаштириш борасида кўникамларини ошириш, мустаҳкамлаш юзасидан амалий машғулотлар ўтиб келяпти.

Яна бир салоҳиятли ўрта тиббиёт ходимимиз Мавлуда Турғунова эса ўз билим ва  иқтидорини намоён этиб, “Ҳамшира – 2025” кўрик танловининг туман босқичида мутлақ ғолиб бўлди. Вилоят  босқичида эса фахрли иккинчи ўрин соҳибасига айланди. Табиийки, унинг бу ютуғи жамаомиздаги бошқа ҳамшираларга ҳам янгича завқ, галдаги ютуқлар сари иштиёқ бағишлади.

CZ3B0502

Малакали тиббий хизмат кўрсатиш, даволаш сифатини ошириш бу биринчи галдаги вазифамиз. Лекин, айни дамда  касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш билан бирга уларнинг олдини олиш юзасидан ҳам амалий ишлар қилиш зарур. Жумладан, кишиларни беморликка олиб келувчи нотўғри ва тартибсиз овқатланиш, тозаликка эътибор қаратиш, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиб туриш касаллик хавфини саксон фоизгача йўқ қилади. Бунда биринчи навбатда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш керак бўлади. Буни яхши тушунган шифокорларимиз бугун фурсат топиб маҳалладаги хонадонлар, кўча ва гузарларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган амалий учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказиб боришяпти. Олиб борилаётган бундай профилактик жараён натижасида аҳоли ўртасида рўйхатга олинаётган касаллик ҳолатлари сезларли даражада камайиб бораётир.

Демак, бундан кейин ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратамиз. Президентимиз айтганидек, бизда тиббиёт ходимлари сонида ҳам, молиялаштиришда ҳам муаммо йўқ. Лекин сифат даражасида саволлар кўп. Бу саволларга жавоб шифокорларнинг билими, салоҳияти ва фидойилигидан келиб чиқади. Мен эса ҳам шифокор, ҳам Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат сифатида зиммамдаги масъулият залворини ҳамиша ҳис этаман ва давлатимиз раҳбари, халқимиз ишончини оқлаш учун астойдил ҳаракат қиламан.

 

Шаҳноза Ибрагимова,

Олтинкўл туманидаги 45-оилавий 

поликлиника мудири, халқ 

депутатлари туман Кенгаши депутати.