МАҚСАДИМИЗ – ТАЪЛИМ СИФАТИ

МАҚСАДИМИЗ – ТАЪЛИМ СИФАТИ

Ўтган куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мактабгача ва  мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор эришилган натижаларни мустаҳкамлаш ва мавжуд муаммолар ечимига қаратилди.

 

Йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари ғоят ибратли фиркни ўртага ташлади. Яъни, дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ.Шу боис, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарурлиги таъкидланди. 

CZ3B0684

Дарҳақиқат, бугун таълим сифати ва самарадорлиги мамлакат келажагини белгилаб берадиган бош омилга айланди. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда бу соҳага аввалгидан-да кўпроқ эътибор қаратиляпти. Хусусан, сўнгги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълими учун ажратилаётган маблағ  миқдори  7 карра оширилди. Бу йил эса унинг миқдори  60 триллион сўмга етди. Олиб борилган амалий ислоҳотлар натижасида кейинги йилларда мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллионга яқин янги иш ўринлари яратилди. Фарзандларимизни болалар боғчаларига қамраб олиш кўрсаткичи 3 карра ошиб, 78 фоизга етказилди. Айни дамда ўз устида ишлаган, фидойи ва талабчан устозларимиз меҳнати алоҳида эътироф этиляпти. Улар учун малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўндан ортиқ устама жорий қилинди. Бундан самарали фойдаланган 60 минг нафар ўқитувчи-устозларимиз ҳозирда 8-12 миллион сўмдан ошириб маош олаяпти.

CZ3B0678

Эътиборли жиҳати шуки,  бугун боғча тарбиячиларининг ойлиги ҳам 65 фоизга ошди ва мактаб ўқитувчилари маошига тенглаштирилди. Янги ўқув йилидан эса мактаб директорлари, ўринбосарлари ва боғча мудираларининг иш ҳақи 7-10 миллион юқори бўлади. Демакки, эндиликда мактабгача таълим тизимида ушбу ғамхўрликка амалий жавоб қайтариш учун янада шижоат билан меҳнат қилишимиз керак.

CZ3B0690

Бизнинг Қўрғонтепа туманидаги Учқун маҳалласида жойлашган 40-умумий турдаги мактабгача таълим ташкилотимизда қишлоқ аҳлининг 150 нафарга яқин фарзандлари тарбияланмоқда. Уларга 6 нафар малакали, ўз касбини севадиган, болажонларни ўз фарзанди каби ардоқлайдиган тарбиячилар таълим беришяпти. Хусусан, Шоҳида Қосимова, Гулбаҳор Абдуллаева ҳамда Муқаддас Фозиловалар ана шундай ибратли мураббияларимиздан ҳисобланади. 

CZ3B0695

Биз жамоамиз билан давлатимиз раҳбари томонидан кечаги йиғилишда белгилаб берилган вазифаларни атроофлича ўрганиб чиқдик. Хусусан, Президентимизнинг: “Қамров ошди, лекин сифат бўйича қиладиган ишларимиз кўп. Боғчалар нафақат тарбия, балки болада таълим олиш учун илк кўникмаларни шакллантирадиган масканга айланиши керак”, деган сўзларига алоҳида эътибор қаратдик. Эндиликда олти ёшли болаларни мактабга тайёрлов гуруҳларига деярли тўлиқ қамраб олиш ва уларга таълим бериш сифатини тубдан ошириб борамиз. Бунда  йиғилишда таъкидланганидек, илғор хорижий тажриба асосида мактабга тайёрлов гуруҳлари ва бошланғич таълим ўқув дастурларини ўзаро уйғунлаштиришга ҳаракат қиламиз. 

Шунингдек, ташкилотимиз ва маҳалла ўртасидаги ҳамкорликни кучайтирамиз. Чунки, тарбия, таълим сифати оила ва маҳалла ҳамкорлигида янада мустаҳкамланади. Бундан ташқари ҳамқишлоқлар ишончини ҳам оқлашимиз керак. Чунки, улар Ўзбекистон Экологик партияси фаоли бўлганим учун 9-Маъмуробод сайлов округидан халқ депутатлари туман Кенгашига депутат қилиб сайлашган. Демакки, маҳалладаги тадбирлар ҳам доимий эътиборимизда бўлиши лозим.

CZ3B0712

-Бизнинг Учқун маҳалламиз нафақат туманимиз, балки вилоятдаги энг намунали “Обод маҳалла”лардан бири ҳисобланади, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Умидахон Исмоилова.– Ҳудуддаги ўндан зиёд кўчанинг қай бирига кирманг алоҳида ободлик, алоҳида саранжом-саришталикка гувоҳ бўласиз. Кўчалар гулга бурканган, томорқаларда барча резаворлар, ноз-неъматлар пишиб етиляпти. Ҳудуддаги боғчамиз тарбиячилари нафақат болажонлар, балки катталар орасида ҳам  ҳам соғлом турмуш тарзига эришиш, экологик маданиятни юксалтиришга тарғиб қилишяпти. Бунинг учун эрта тонгдан “Соғлик учун беш  минг қадам”  ҳаракатини айнан шулар бошлаб беришади. Бундан ташқари маҳалладаги бошқа ижтимоий-сиёсий тадбирларда ҳам боғча жамоаси, хусусан депутатимиз Наргиза Абдужалилованинг ёрдами катта бўляпти.

CZ3B0717

Мухтасар қилиб айтганда, ўтган кунги йиғилиш биз тарбиячилар учун янги вазифаларни белгилаб берди,  янги марралар сари янгича шижоат  бахш этди. Давлатимиз раҳбари ҳамда халқимиз ишончини оқлаш, келажагимизнинг билимли, салоҳиятли, зукко эгаларини тарбиялашда таълим сифатини ошириш учун бутун имкониятларимиизни ишга соламиз.

 

Наргиза Абдужалилова,

Қўрғонтепа туманидаги 40-УТМТМ мудираси, 

халқ депутатлари туман Кенгаши депутати.