МАЙМУНЛАР ТУТҚУНЛИКДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ
Маълумки, ҳар қандай тирик жонзот табиат бағрида, эмин-эркинликда яшашга мослашган. Маданийлашган ҳайвон турларидан ташқари бошқа фауна вакилларини тутқунликда сақлаш, қафасга солиш қонун йўли билан таъқиқланган. Афсуски, бу ҳақда ҳамма юртдошларимиз ҳам тўлиқ маълумотга эга эмас.
Андижон вилояти прокуратураси, вилоят экология, атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси, вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги назорат рейд тадбири жараёнида Андижон тумани, "Қўрғонча" МФЙда Д. И. ўзига тегишли умумий овқатланиш шаҳобчаси – ошхонада ноқонуний равишда 2 дона маймунни сақлаётганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 ноябрдаги "Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, 2025 йил 1 январдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан кўпгина ёввойи ҳайвонларни тутқунликда сақлаш ва цирк томошаларида фойдаланиш таъқиқланган.
Рейд давомида маълум бўлишича ҳуқуқбузар томонидан сақланаётган маймунлар макака турига мансуб ва ўртача катталикда бўлади. Умуман, курраи замин табиатида маймунларнинг 260 дан ортиқ тури учрайди. Улар табиий шароитда 10 йилдан 50 йилгача умр кўради. Уларни тутқунликда сақлаш эса аввало жамоадан ажралиб қолишига, қолаверса, ҳаётининг давомийлигига салбий таъсир қилади.
Шу боис макака маймунлари ноқонуний сақланган жойидан олиниб, Тошкент вилоятидаги ёввойи ҳайвонларни реаблитация ва реинтродукция қилиш марказига топширилди. Шунингдек, ушбу ҳолатга тегишли тарзда ҳуқуқий баҳо бериладиган бўлди.
Кези келганда шуни таъкидлаш жоизки, ёввойи ҳайвонлар билан муносабатда аввало қонунчиликни ўрганиб чиқиш, кейин эса уларни парваришлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Бу тартибга амал қилмаганлар эса юқоридаги ҳолатда бўлганидек, тегишли жавобгарликка тортиладилар.
Андижон вилояти экология, атроф-
муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим
ўзгариши бошқармаси матбуот хизмати.