ЛОҚАЙДЛИК – ЭНГ КАТТА ДУШМАНДИР

ЛОҚАЙДЛИК – ЭНГ КАТТА ДУШМАНДИР

Инсоният табиат гултожи, тирикликнинг энг олий вакили. Шу боис унинг манфаатлари, турмуш тарзи, энг аввало хавфсизлиги муҳим масала. Афсуски, аксарият ҳолларда йўл қўйиладиган эътиборсизлик, лоқайдлик ҳаттоки кишилар умрига зомин бўлади. Андижон вилояти фавқулоддда вазиятлар бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди. 

 

Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги доирасида амалга оширилаётган тадбирлар мавзусидаги ушбу тадбирни вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Одилжон Қўлдошев очиб берди. 

Унинг сўзларига кўра, жойларда рўй бераётган турли кўринишдаги табиий ва техноген тусдаги офатлар, ёнғин, зилзила ва бошқа кўнгилсиз ҳодисалардан жабр кўрмаслик учун аввало ўзимиз эътиборли бўлишимиз талаб этилади. Бунинг учун доимо фуқаро муҳофазаси борасидаги билимларимизни ошириб бориш, ишда, кўчада ва уйда ҳаётимизга хавф солиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳодисаларга нисбатан огоҳ бўлишимиз зарур. Хусусан, жойларда юз бераётган ёнғинларни таҳлил этилганда, унинг деярли 70  фоизида инсонларнинг эътиборсизлиги, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик сабаби мужассам. 

CZ3B9881
Мисол учун, биргина Россияда ҳар йили ўртача 1  миллион 200  мингтагача ёнғин қайд этилади. Кейинги ўринни эса бир миллионлик кўрсаткич билан Америка Қўшма Штатлари эгаллайди. Табиийки, мазкур ҳодисалар натижасида ушбу давлатларда ҳар йили ўртача 150-200  минг нафаргача фуқаро ҳалок бўлади. 

Шунингдек, тадбирда сўз олган бошқа нотиқлар – бошқарма бўлим бошлиқлари Нодирбек Йўлдошев, Назиржон Раззоқов ҳамда Улуғбек Қосимовлар йиғилганларга табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш тартиби, радиацион, кимёвий ва тиббий биологик муҳофазани ташкил этиш, шаҳарсозлик соҳасида профилактик тадбирларни олиб бориш ва қурилиш жараёнида  эътибор қаратиш керак бўлган хавфсизлик талаблари ҳақида атрофлича маълумот бердилар. 

CZ3B9894
Таъкидланганидек, Андижон вилоятида ҳам бугун аҳолини фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш ва фуқаро муҳофазаси борасида доимий амалий тадбирлар ўтказиб келиняпти. Хусусан, баҳордаги ёғингарчиликлар сабаб юзага келиши мумкин бўлган сел оқимлари, сув тошқинларига нисбатан доимий хушёр бўлиш барчамиз учун бирдек муҳим. Бундан ташқари ҳайвонлар орасида учрайдиган турли юқумли касалликларни  тарқалишини олдини олиш, хонаки усулда тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилишдаги хушёрлик талаблари жиддий масала. Чунки, ушбу ҳолатлардаги баъзи эътиборсизликлар афсуски  инсонлар ўлимига сабаб бўлиши мумкин. 

CZ3B9879
Матбуот анжумани ўзаро  савол –жавобларга бой бўлди. Оммавий ахборот воситалари  ходимларининг қатор саволларига мутахассислар, бошқарма мутасадди ходимлари аниқ ва пухта жавоб қайтардилар. 

-Бугунги тадбиримиздан кўзланган мақсад аниқ, - деди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати бошлиғи Ҳаётбек Раҳимов. – Аҳолини фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш борасида бошқармамиз ходимлари томнидан олиб борилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш, бунинг учун оммавий ахборот воситалари – телевидение, радио, интернет ва ижтимоий тармоқлар фаоллари кўмагида кенг қамровли тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтиришдир. Бугунги тадбирда биз унга ташриф буюрган журналистлар, вилоятда фаолият олиб бораётган матбуот ходимлари билан айни йўналишда доимий ҳамкорлик юзасидан ўзаро келишиб олдик. Ўйлайманки, бу ҳамкорлик давомий ҳамда ўзига яраша самарали бўлади.

CZ3B9876
Дарҳақиқат, инсон ҳаёти, саломатлиги  катта неъмат. Унга даҳл қилувчи ҳар қандай ҳолатга нисбатан огоҳ бўлиш эса ўз қўлимизда. Демакки, асло лоқайд бўлманг, ўзингиз ва яқинларингиз учун ҳамиша хушёр бўлинг. Негаки, салгина эътиборсизлик эртага ўзимизнинг энг катта душманимизга айланиши мумкин.

Абдукарим Қувватов.