КЎРГАЗМА ҚИЗҒИН ДАВОМ ЭТЯПТИ
Маълумки, бугун Тошкентда Марказий Осиёда илк бора ўтказилаётган “Eco Expo Central Asia 2025” кўргазмаси ўз фаолиятини бошлади. Мазкур тадбир дунёнинг 25 дан ортиқ давлатини бирлаштириб, кўргазмалар мажмуасини илғор тажриба алмашинуви, очиқ мулоқотлар ва “яшил” трансформацияни илгари суриш учун йирик майдонга айлантирди.
Кўргазма давомида экспертлар, компаниялар, стартаплар, давлат ва халқаро ташкилот вакиллари энг замонавий ва самарали экологик ечимларини тақдим этишади. Асосий эътибор иқлим барқарорлиги, ресурсларни тежаш ва тоза технологияларни жорий этиш каби долзарб масалаларга қаратилади.
Кўргазма сунъий интеллектдан то “яшил” энергетика, сув ресурсларини тежаш ва экологик таълимгача — келажак технологияларининг барча йўналишларини қамраб олади. Унинг Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан эълон қилинган “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” доирасида ўтказилиши Ўзбекистоннинг ички ислоҳотларни чуқурлаштириш билан бирга, халқаро экологик ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган қатъий интилишини намоён этади.
Ушбу кўргазма иштирокчиларга қатор ноёб имкониятларни яратади. Хусусан, ўз “яшил” технологияларини кенг аудиторияга намойиш этиш, янги бозорга чиқиш, стратегик ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, глобал барқарор ривожланиш ҳаракатининг фаол иштирокчисига айланиш ҳуқуқи ана шулар сирасига киради.
Уч кун давомида меҳмонлар қуйидаги муҳим жараёнларда бевосита иштирок этиш имконига эга бўлишади:
— инновацион лойиҳалар ва стартаплар тақдимотлари;
— “яшил шаҳарлар”, cлеан-теч, эко-молиялаштириш, қўриқланадиган ҳудудлар, экологик таълим ва бошқа йўналишларда тематик сессиялар;
— Ўзбекистон вилоятлари, давлат ташкилотлари, маҳаллий ва хорижий компанияларнинг экологик тажрибалари акс этган кўргазмалари;
— халқаро экспертлар иштирокидаги панел муҳокамалар;
— маҳорат дарслари ва ўқув дастурлари;
— табиат ва инсоният уйғунлигини акс эттирувчи фотокўргазмалар ҳамда арт-экспонатлар;
— экологик меросга бағишланган танловлар.
Кўргазмада минтақанинг энг оғриқли экологик муаммоларидан бири — Орол денгизи масаласига алоҳида эътибор қаратилади, шунингдек, “яшил” транспорт, шаҳарларни ободонлаштириш ва экотуризмни ривожлантириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олган.
Кўргазманинг барча кунлари давомида экотуризм соҳасидаги мутахассислар иштирокида маърузалар, тақдимотлар ва муҳокамалар ўтказилади. Барқарор туризмнинг энг яхши амалиётлари, яшил сармояларнинг сайёҳлик тармоғига таъсири, шунингдек, янги йўналишларни шакллантиришда табиий ва маданий мероснинг ўрни муҳокама қилинади. Бундан ташқари, меҳмонхоналар, дам олиш масканлари ва сайёҳлик объектлари учун стартаплар ҳамда энергия тежамкор ечимлар намойиш этилади. Ташриф буюрувчилар нафақат замонавий тенденциялар ҳақида маълумот олишлари, балки соҳа мутахассисларидан амалий маслаҳатлар ҳам олишлари мумкин.
Кўргазма экологик ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида туризмни ривожлантиришнинг нақадар муҳимлигини кўрсатиб турибди. Туризм қўмитасининг стенди оддий кўргазма эмас, балки тажриба алмашиш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш ва туризмнинг келажагини - очиқ, онгли ва барқарор туризмни шакллантириш учун жонли майдон вазифасини ўтамоқда.
Ушбу кўргазмада Андижон вилояти вакиллари ҳам ўзларининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, эко-таълим, яшил қурилиш, яшил транспорт, яшил энергетика, эко-туризм ва сувни тежайдиган технологиялар каби қатор йўналишдаги лойиҳалари билан қатнашмоқдалар. Хорижий ҳамкорлар билан олиб борилаётган музокаралар эса ушбу йўналишларни вилоятда йўлга қўйишнинг истиқболига бағишланган. Зеро, экология борасидаги ҳар бир ютуқ бу маҳаллий бўлиб қолмайди, кези келса минтақавий, хаттоки глобал аҳамият касб этади.
Лочинбек Исомиддинов,
Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни
муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши
бошқармаси матбуот хизмати раҳбари.