КЕЛАЖАК УЧУН ЖАВОБГАРМИЗ

КЕЛАЖАК УЧУН ЖАВОБГАРМИЗ

2025  йил – «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт» йили» Ўзбекистон Экологик партияси  фаоллари, депутатларимиз, атроф-муҳит муҳит муҳофазасига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз учун ўзига хос масъулият даври ҳисобланади. Чунки, амалдаги йилда экологик муаммолар ечими, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёшларга экологик таълим беришни кучайтиришда пухта ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ҳамда эътибор талаб этилади.

 

Сўзимиз аввалида ҳамжиҳатлик ҳақида беҳудага сўз юритмадик. Чунки, ҳар қандай муаммо ечимида кучлар бирлашсагина мақсадга эришмоқ осон бўлади. Шу боис Ўзбекистон Экологик партияси 2025−2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида «Табиат учун бирлашайлик» шиорини илгари сурди. Унга кўра,  партиянинг бош мақсади — мамлакатимизнинг барқарор ривожланишига, экологик хавфсизлигига эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришни таъминлаш мақсад қилинган. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурсларни сақлаш давлат, жамият ва мамлакатимиз ҳар бир фуқаросининг вазифаси бўлишига эришиш асосий эътибордаги масала бўлади. 

photo_2025-04-23_15-35-16

Бугун Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилояти Кенгаши фаоллари, депутатлар ҳамда ҳудудий ташкилотларда ана шу ғоя остида иш ташкил қилинмоқда. Яъни, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси, вилоятдаги шаҳар ва туманлар, саноат корхоналарида ташкил этилган “Яшил боғлар” парвариши, суғориш тизимларининг самараси, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, табиат муҳофазаси борасидаги ютуқларни оммалаштириш, муаммоларга нисбатан муросасиз бўлиш борасида қатор амалий ишлар бажарилмоқда. 

photo_2025-05-14_09-52-27

Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилояти Кенгаши  фаолларидан тузилган ишчи гуруҳи Булоқбоши туманидаги цемент ишлаб чиқарувчи  қўшма корхонада ташкил этилган “Яшил боғ”нинг парвариши билан танишди. Корхонада  20 гектар майдонда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида яшил белбоғлар барпо этилган бўлиб, 10 минг тупга яқин  турли мевали ва манзарали дарахтлар томчилатиб суғориш тизими орқали парвариш қилиняпти.  Бундан ташқари махсус иссиқхоналарда турли сабзавотлар, кўкатлар, ловия ва карам маҳсулотлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратилган.  

photo_2025-03-01_21-44-07

Бугун инсониятни ташвишга солаётган экологик муаммоларнинг энг тўғри ечими бу экологик маданиятни ривожлантиришдир. Бу борада партиямиз фаоллари шаҳар ва туманларда бўлиб қатор тарғибот-тушунтириш ишларини олиб боришяпти. Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилоят Кенгаши томонидан ташкил этилган бундай тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 15 майда имзолаган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш консепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори  ва шу асосда қабул қилинган Концепциянинг мазмун-моҳияти кенг тарғиб қилиняпти. Унда партия вакиллари, профессор-ўқитувчилар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Ёшлар қаноти” вакиллари ҳамда “Экология ва саломатлик” аёллар клуби аъзолари, талаба-ёшлар    иштирок этмоқдалар. 

photo_2025-05-23_17-06-01Ана шундай тадбирлардан бири Андижон давлат чет тиллар институти ва   "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати Андижон ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда талаба-ёшлар, Ўзбекистон Экологик партияси фаоллари ҳамда депутатлар   очиқ мулоқотга киришдилар. Мулоқот давомида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2025-йил “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили”да амалга оширишга оид давлат дастури мазмун-моҳияти, шунингдек бугунги кунда ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар ҳусусида қатор фикр мулоҳазалар юритилди. 

photo_2025-05-29_18-04-04

Табиатни муҳофаза қилиш учун аввало уни сева олиш керак. Унинг бетакрор чиройи, мўъжизакор қиёфаси, бебаҳо неъматларини қалбан ҳис қилиш керак. Партия ташаббуси билан ўтказилган “Табиат ва биз” деб номланган тадбирда тасвирий санъатга қизиққан ёшлар иштирок этишди. Бобур шаҳрида ўтган бу танловда йигит ва қизлар табиатнинг бор гўзаллигини оқ қоғозга кўчирдилар.  Ҳар бир расмда янги қад рослаётган иморатлар, лолазорлар, турли манзарали дарахтлар ва юртимизнинг мусаффо мовий осмони ўз аксини топган. Тадбир кўтаринки рухда ўтказилиб, иштирокчиларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

photo_2025-04-23_09-41-46

Шунингдек, Бобур шаҳри яна бир ажойиб тадбирга мезбонлик қилди. Ўзбекистон Экологик партияси вилоят Кенгаши ҳамда Андижон давлат чет тиллари институти хамкорлигидаги экологик тадбир “Табиат учун бирлашайлик”  шиори остида ўтди. Акцияда партия вакиллари, кўнгилли фуқаролар, олий таълим муассасаси талаба ва ўқитувчилари фаол иштирок этишди. Тадбирда аввало ёшлар орасида экологик маданиятни шакиллантириш, табиатга бўлган меҳр-муҳаббатни, эътиборни юксалтириш муҳимлиги, ушбу йўналишдаги ишларни мактаб ва мактабгача таълим муассасаларидан, оилалардан  бошлаш, бу борада олий таълим муассасаларида тахсил олаётган хар бир зиёли ёшларнинг кўмаги зарурлиги хақида сўз юритилди. 

Бундан ташқари партиямиз томонидан вақти-вақти билан жойларда  “Чиқиндисиз маскан” шиори остида чиқинди йиғиш – плоггинг акциялари ўтказиб борилмоқда. Плоггинг қатнашчиларига ҳар қандай чиқинди,  хоҳ у пластик ёки бошқа чиқиндилар бўлсин атроф- муҳитга   салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги, бу эса келгусида жиддий оқибатларни келтириб чиқариши  тўғрисида тушунчалар бериб борилади.  

Таассуфки, эътирофга лойиқ тадбирларимиз етарли. Аммо, жойларда учраб қолаётган айрим муаммолар борки, уларни тезкор бартараф этишда партиямиз фаоллари астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Жумладан,  ижтимоий тармоқларда Хўжаобод туманидаги оҳак ишлаб чиқариш заводи аҳолини заҳарлаётгани айтилган мурожаат дарҳол назоратга олинди.  Маълум бўлишича, Хўжаобод туман Хидирша маҳалла фуқаролар йиғини саноат ҳудудида жойлашган "Шанс" масъулияти чекланган жамиятининг оҳак ишлаб чиқариш заводидаги печларда  табиий газни ёнишидан ҳосил бўладиган моддаларни ушлаб қолувчи чанг-газ тозалаш ускуна, яъни фильтр яхши ишламаслиги, носозлиги оқибатида атмосферага ташланаётган ташламалар миқдори меъёридан ортиқча эканлиги   аниқланди ва корхона фаолияти  давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси олингунига қадар тўхтатилди.   

photo_2025-04-23_15-21-16
Бугун – 5 июнь Бутунжаҳон табиатни муҳофаза қилиш куни арафасида ҳам жойларда қатор амалий тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилоят Кенгаши ҳамда "Юксалиш" умумиллий харакати Андижон худудий бўлинмаси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Мазкур келишувда кўзланган мақсад "Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2025-йил “Атроф-муҳитни асраш ва” яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини таъминланишида доимий хамкорликда фаолият олиб бориш,  жамоатчилик назорати,  семинарлар,  акциялар,  турли учрашув ва давра суҳбатлари,  эшитувлар ўтказиш,  юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг атроф- муҳитга бўлган этиборини кучайтириш, аҳолининг  экологик маданиятни оширишда биргаликда иш олиб боришдан иборат.  

photo_2025-05-29_18-04-07

Ўзбекистон Экологик партияси Андижон вилоят Кенгаши томонидан Андижон давлат педагогика институтида "Ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини юксалтириш" мавзусида ўтган давра суҳбатида эса ёшларнинг ҳуқуқий билимларни шакллантириш асносида экологик маданиятини ҳам юксалтириш хусусида сўз юритилди.

Табиийки, бу каби тадбирлар йил давомида ўтказиб борилади. Чунки, шу тариқа экологик муаммолар ечимига эришамиз. Ёшларимиз учун юртимизни пок ва обод диёрга айлантирамиз.  Негаки, биз келажак учун жавобгармиз.

 

Ҳуршидек Юсупов,

Ўзбекистон Экологик партияси 

Андижон вилояти Кенгаши раиси.