ГЎЗАЛЛИКНИ ПАЙҲОН, ТАБИАТНИ ҲАЙРОН ЭТМАНГ!..

ГЎЗАЛЛИКНИ ПАЙҲОН, ТАБИАТНИ ҲАЙРОН ЭТМАНГ!..

Атроф яшилликка бурканди. Кўклам борлиққа ўзининг турфа чечакларини қадамоқда. Ойлар давомида биров қадам босмайдиган қир-адирлар бағрида лолақизғалдоқлар лов-лов ёна бошлади. Узоқ яқиндан кўзни қамаштирувчи бу гўзаллик ёшу-қарини ўзига ром этиши табиий. Айниқса, дам олиш кунлари лола сайлини ихтиёр қилган юртдошларимизнинг саноғига етиб бўлмайди.   

 

Атроф-муҳит, унинг чиройидан баҳра олиш ҳеч ким учун таъқиқланмаган. Чунки, баҳор ўзининг мана шундай саҳовати, таровати билан ҳамиша одамларга завқу-шавқ бағишлаб келган. Бугун  мамлакатимизда экотуризм ривожланаётган бир пайтда табиатнинг бетакрор манзараларидан баҳра олувчилар сони ҳам кескин ортиб боряпти. Баъзи кунлари юртимизнинг номдор дам олиш масканлари, зиёратгоҳлар, туризм қишлоқлари ҳамда тоғ бағрида жойлашган сўлим манзиллар жуда гавжумлашиб кетяпти. Юзлаб автомашиналар,   минглаб одамлар дастидан қадам босишга жой йўқ.

Бу яхши, табиат қўйнида хордиқ чиқариш, тоза ҳаво, бетакрор манзара, яшил майса-ю, турфа чечаклар кишига руҳий тетиклик, жисмоний куч-қувват, кўнгилга шодлик, унутилмас таассуротлар бахш этади. Аммо, шунча имкониятга нисбатан юртдошларимизда ўзига яраша амалий жавоб – миннатдорлик ҳисси ҳам бўлиши керак. Таассуфки, кейинги пайтда тоза ҳавога чиққан дам олувчиларнинг ортидан кўнгилни хира қиладиган из қоляпти. Хусусан, алвон лолазордан юлиб олинган минглаб чечаклар умри хазон бўляпти. Атрофдан, яқинроқдан томоша қилиб завқ олиш билангина чекланмасдан одамлар лолазорларни эзиб, топтаб пайҳон қиляпти. Ҳолбуки, пайҳон қилинган, юлиб олинган лолалар кейинги йилга  бир неча баробар кўпайиб юз очиши мумкин-ку... 

Шу ўринда лолақизғалдоқ ҳақида мухтасаргина маълумот бериб ўтишни жоиз деб билдик. Юртимизда учрайдиган бу ўсимликнинг 10-40  сантиметрни ташкил этади. Пояси дағал туклар биланг қопланган, туб барглари узун бандли, поядагилари бандсиз бўлади. Барг пластинкаси икки карра патсимон қирқилган, гуллари йирик, гултожибарглари қизил, тубида ёйсимон қора доғи бор. Меваси дағал туклар билан қопланган, думалоқ кўсак шаклида. Апрелда гуллаб, майнинг охирида мевалайди, июнь ойида эса қуриб қолади. Лолақизғалдоқ адирлар, боғлар, йўл ёқалари ҳаттоки чўлларда ҳам учрайди. Пояси ва баргида, гулларида алкалоид моддаси борлиги сабаб чорва молларини заҳарлаши мумкин. Қарангки, ҳайвонлар яқинлашмаган  ўсимликни одамлар сира иккиланмай юлиб олишади, пайҳон қилишади. Бундан ташқари лолақизғалдоқнинг гултожибаргидан олинган сув     халқ табобатида офтоб урган болаларга ичирилади, оғриган кўзни ювишда яхши самара беради.   

ZUQvRovVHN2KIMqF6HOjvY1WRWPkACjP_front

Биргина бу эмас.  Айрим табиат шайдоларининг эътиборсизлиги билан нафақат лолақизғалдоқлар, балки тоғларда ўсадиган 25  турдан ортиқ лолалар ҳам яхшигина жабр кўради. Баъзилар уни фақатгина чиройига ҳавас қилиб юлиб олса, бошқалар  хусусан, тоғ қишлоқларида яшовчилар уларни сотиш мақсадида териб олишади, пайҳон қилишади. Бугун водий ва пойтахтни боғловчи довон йўлида бундай ҳолатларни истаганча кўриш мумкин.   

Яна бир оғриқли масала. Тинимсиз олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамай, аксарият фуқаролар экологик маданият  тушунчасига етарлича аҳамият бермаяпти. Бунинг натижасида қир-адирга, табиат бағрига чиқиб маза қилиб ҳордиқ чиқарганлар ўз ортидан уюм-уюм ахлатларни ташлаб кетяпти. Бу энди бориб турган ахлоқсизлик, ношукурлик  демакдир. Энди шунчаки хомчўт қилиб кўрамиз. Айтайлик биргина дам олиш кунида тоққа чиққан ўн минг кишининг ҳар биридан биттадан чиқинди қолганида ҳам кейинчалик ўша жой бутунлай чиқиндихонага айланиб қолади-ку...  

musor-7-1

Бундай одамларнинг қилмиши нафақат юртимиздаги, балки хорижда юрган ватандошларимизнинг ҳам нафратини қўзғаяпти, ғашини келтиряпти. Ижтимоий тармоқларда уларнинг Европа мамлакатларидаги тартиб, экологик маданият, тозалик, саранжомликни кўрган  холда афсус билан  “ ... келинг, шу ерларга ҳам ўз ахлатингизни ташланг, пайҳон қилинг!”, деган надоматга тўла сўзлари тарқалмоқда.  Афсуски, бу ҳақиқат, бу айни бор вазият.    

Тўғри, кейинги пайтларда жойлардаги экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари бундай салбий ҳолатларни олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтиришди. Лекин, ўз билганидан қолмайдиган, табиатни менсимайдиган, бу билан ўзини нақадар нодон ва бефаросат эканлигини намоён қилаётган шахслар барибир жойларга ахлат ташлаб кетишяпти. Демакки, эндиликда нафақат тушунтириш,  балки зарур даражада маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик  чораларига ўтиш фурсати ҳам келди.   

Ана шундай тарғибот тадбирларидан бири Фарғона вилоятининг Фарғона тумани,  “Юқори Aрча” ҳамда “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларида жойлашган сўлим табиат қўйнидаги эко-туристик масканда ҳам ташкил қилинди.  Ҳар куни мазкур ҳудудда кўплаб фуқаролар табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлиб, мароқли дам олиб қайтишмоқда. Хусусан, пикник мақсадида уюштирилган ташрифлар кўпайган. Пикник маданияти – замонавий талқинда табиат қўйнида овқатланиш, гўзал манзарали жойлар, боғлар, кўл бўйлари ёки ўрмонларда ташкил этиладиган дам олиш тури бўлиб у экотуризмнинг муҳим йўналиши сифатида тобора оммалашиб боряпти.   

photo_2026-04-07_17-42-33 (2)

Фарғона вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармасининг экополиция бўлинмаси Фарғона тумани бўлими ходимлари томонидан ушбу ҳудудлар доимий назоратга олинган. Мутахассислар дам олувчилар, аҳоли ва ёшлар ўртасида  ҳордиқ жараёнида атроф –муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш,  иккиламчи қайта ишланадиган чиқиндиларни махсус қутиларга жойлаштириш юзасидан етарлича маълумот бериб боришяпти.   

Сирасини айтганда,  Она табиат ва унинг неъматлари, чиройи, бойликлари бу биз – инсонлар учун. Уларни пайҳон қилмайлик, табиатни булғамайлик, яъни ИНСОН бўлиб қолайлик. Зеро, бугун асраб қолинган битта гўзаллик эртага юзта, мингта чиройга айланади. Шунда ундан йиллар давомида  қайта-қайта  баҳра олиш имконияти яратилади. Борлиқ гўзал ва обод бўлиб боргани сари кўнглингиз  обод, қалбингиз эса шод бўлиб бораверади.   

 

Улуғбек Тошбеков,  

Раҳмонали Собиров,    

Фарғона вилоят экология ва иқлим ўзгариши  

бош бошқармаси экополиция бўлинмасининг   

туман бўлими ходимлари.