ГЎЗАЛЛИКДАН БАҲРА ОЛИНГ, АММО БУЛҒАМАНГ!

ГЎЗАЛЛИКДАН БАҲРА ОЛИНГ, АММО БУЛҒАМАНГ!

Баҳорнинг айни кунларида табиат ғоят гўзал рангларга беланган. Шаҳар кўчаларида порлаб турган павлония гуллари, қиру-адирларда ловуллаётган лолақизғалдоқлар ҳар қандай кишига юқори кайфият улашади. Шу боис бугун кўплаб юртдошларимиз вақт топиб лола сайлига чиқиш пайида.

 

Бу яхши. Яъни, табиатга ошино бўлиш, унинг гўзаллигидан баҳра олиш умримизга умр қўшади. Лекин, баъзи ҳолларда лолазорга келган юртдошларимиз ўз ортидан нохуш из  қолдиряпти. Яъни, ўзлари билан олиб келган турли пластик идишлар, майда-чиқиндиларни дуч келган жойга ирғитиб кетишяпти. Бу табиий манзарага ёқимсиз доғ бўлиб қадаляпти. Айнан шундай ҳолат мутахассислар - Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимларини бефарқ қолдирмайди.  Улар мазкур йўналишдаги тартиббузарликларга нисбатан муросасиз кураш олиб борадилар. 

6
Биргина бу эмас, бошқарма ходимлари навбатдаги дам олиш кунида Янги Андижон массивига ташриф буюрдилар. Мақсад, адирликлар бағрига масъулиятсиз фуқаролар томонидан ташлаб кетилган чиқиндиларни териб олиш. Ҳам иш, ҳам табиатдан завқланишни кўзлаган экологлар атрофга сочилган чиқиндилар, пластик идишларни йиғиштириб олдилар. Ишдаги расмиятчилик, қора туфли, қиррали мундирни бир четга қўйиб виждонан ишлаган табиат муҳофазаси ходимлари кечгача анчайин ҳудудни чиқиндилардан халос этдилар. 

2-3

Эндиликда бу манзиллар яна 10-15 кун давомида ўз таровати билан минглаб юртдошларимизни ўзига чорлайди. Фақатгина улардан илтимосимиз – табиат  Сиздан азият чекмасин, унинг чиройидан баҳра олинг, аммо, булғаманг!

3-2
Дарвоқе, нафақат мафтункор манзаралар, балки ҳайвонот дунёсига ҳам меҳрли бўлинг. Чунки, ўтган куни ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда бир йигит тулки болаларини сотмоқчи эканлиги баён этилганди. Ҳолат юзасидан Андижон вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимлари томонидан тезкор қидирув-суриштирув ишлари олиб борилди.

тулкт

Натижада тўрт бош тулки боласини сотмоқчи бўлиб интернетга эълон жойлаган фуқаро шахсига аниқлик киритилди. У Жалақудуқ тумани Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини, Бўстон кўчасида яшовчи фуқаро М.А эканлиги аниқланди. Ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг  92-моддаси билан маъмурий иш кўзғатилиб, белгиланган тартибда чора кўрилди. Ундан олинган тулки болалари эса ўзининг доимий яшаш жойи – табиат бағрига қўйиб юборилди.

 

Лочинбек Исомиддинов,  

Андижон    вилояти    экология, атроф-муҳит   

муҳофазаси ва иқлим ўзгариши  

бошқармаси    матбуот    хизмати раҳбари.