ЁШЛАР КЕЛАЖАК, БИЗНЕС ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИДИР
Юртдошларимиз мамнуният ила “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”ни тарих саҳифалари сари кузатиб қўйишди. Ўтган бу даврда мамлакатимизда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг қадрини кўтариш, қўллаб-қувватлаш борасида қатор амалий ишлар бажарилди. Таълим сифатини ошириш юзасидан кўрилган чоралар яхшигина самара берди.
Янги йил остонасида давлатимиз раҳбари бу борада эришилган натижалар ҳақида мухтасаргина тўхталиб ўтди ва галдаги вазифа сифатида инсон қадрини улуғлашни давом эттириш, аҳоли манфаатларини таъминлаш, мамлакат иқтисодиётини янада кучайтириш, таълим сифатини ошириш бардавомлигини таъминлаш, бунда албатта ёшларимизга янада қулай шароит яратиш лозимлигини таъкидлади. Шу мақсадда 2024 йилни мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилинди.
Бу таклиф муҳим аҳамиятга эга. Чунки, унинг замирида чуқур маъно мужассам. Аввало, ёшлар ҳар бир юртнинг эртанги куни, келажаги сифатида қадрланади. Бизнинг диёримизда эса бу масала давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир. Жумладан, 2008 йилни “Ёшлар йили”, 2010 йилни “Баркамол авлод йили”, 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши ва шу асосда қабул қилинган давлат дастурлари доирасида фарзандларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилди. Албатта, бу ўз мевасини берди. Бугун ёшларимизнинг ҳар бир соҳада эришаётган ютуқлари нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон миқёсида эътироф этилмоқда.
Замондошларимиз учун бизнес атамаси ҳам анчайин қадрли бўлиб қолди. Чунки, бизнес ва тадбиркорлик ҳар бир юртдошимизнинг дастурхони тўкинлиги, фаровон ҳаёти билан бир вақтда мамлакат иқтисодиётини юксалтиришнинг бош омили ҳисобланади. Бу борада 2011 йил “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”, 2018, 2019, 2020 йиллар эса “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” ва “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” сифатида белгиланди. Натижада тадбиркорликнинг халқимиз турмуш тарзида тутган ўрни янада мустаҳкамланди. Мулк эгаларининг тинимсиз изланиши, уларни қўллаб-қувватланиши натижасида Ўзбекистон нафақат минтақада, балки дунёда тезкор ривожланаётган, иқтисодий жиҳатдан кучайиб бораётган давлатга айланди.
Демак, 2024 йилда ёшларимизни қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирлар янада кенг қулоч ёзади. Уларнинг билим олиши, ўзлари танлаган касб эгаси бўлиши учун зарур имконият яратилади. Ўғил-қизларимизнинг фан ва таълим, маданият, санъат ва спорт йўналишларидаги ютуқлари янада кўпаяди. Мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш учун хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк ривожи учун янада кенг йўл очилади. Илм-фан, инновация, ахборот технологиялари, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантирилади. Бошқачароқ айтганда, ёшларга эътибор орқали келажакка дадил қадам ташланади, бизнесни қўллаш орқали мамлакат тараққиёти янада жадаллашади.
Абдукарим Қувватов,
бош муҳаррир.